platina.uz

БМТ Бош Ассамблеяси Россияга қарши резолюцияга овоз берди

Резолюция Запороже АЭСдан рус қўшинларини зудлик билан олиб чиқиб, уни Киевнинг тўлиқ назоратига қайтаришн назарда тутади. 

Жаҳон
12 июль, 8:50
БМТ Бош Ассамблеяси Россияга қарши резолюцияга овоз берди

БМТ Бош Ассамблеяси кўпчилик овоз билан Украина томонидан таклиф этилган Запороже АЭСдаги вазият бўйича резолюция лойиҳасини қабул қилди.

Унга кўра Россия АЭСдан қўшинларини зудлик билан олиб чиқиб, уни Киевнинг тўлиқ назоратига қайтариши керак.

193 давлатни ўз ичига олган ассамблея резолюцияни 99 та овоз билан қўллаб-қувватлади, тўққиз давлат қарши овоз берди (ТАСС агентлиги маълумотларига кўра, булар Беларус, Бурунди, Куба, Шимолий Корея, Эритрея, Мали, Россия, Никарагуа ва Сурия) ва 60 та бетараф қолди.

Овоз беришдан олдин Украинанинг БМТдаги элчиси Сергей Кислица Бош Ассамблея иштирокчиларини ҳужжатни қўллаб-қувватлашга чақирди. "Бу бизнинг келажак авлод олдидаги бурчимиздир. Биз ядровий офатлар даҳшатлари бошқа такрорланмаслигига ишонч ҳосил қилишимиз керак", — деди у.

ТАСС хабарига кўра, Россиянинг БМТдаги доимий вакили ўринбосари Дмитрий Полянский "резолюцияни фақат Европа, АҚШ ва Украинадаги уруш тарафдорларини рағбатлантириши мумкин бўлган сиёсийлаштирилган лойиҳа деб атади".

Россия қўшинлари 2022 йил февраль ойида кенг кўламли босқин бошланганидан кўп ўтмай Запороже атом электр станциясини эгаллаб олди.

Запороже атом электр станцияси ўшандан бери электр энергияси ишлаб чиқармаган, бироқ унинг ўзи тармоқдан тўлиқ узилмаган реакторлардан бирини совутиш учун доимий равишда электр энергияси етказиб беришни талаб қилади.

Вақти-вақти билан станция ўққа тутилади, бунинг учун Москва ва Киев бир-бирини айблайди.

Шунингдек, Украина расмийлари Россияни Запороже атом электр станциясидан ҳарбий хизматчилар ва қурол-яроғларни жойлаштириш учун фойдаланганликда ҳам бир неча бор айблаган.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+