Давлат харидлари бўйича мобил иловалар яратилади
Давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган хўжалик жамиятлари харидлар бўйича режа-қарорлари ва бошқа ҳужжатлар муҳим факт сифатида ошкор қилиб борилади.
Давлат харидлари бўйича мобил иловалар яратилади.
“Давлат харидлари тизимини такомиллаштириш ва унда кичик тадбиркорлик субъектлари иштирокини рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Қарори (ПҚ-249-сон, 10.07.2024 й.) қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, 2024 йил 1 сентябрдан:
-устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган хўжалик жамиятлари, шунингдек, уларнинг таркибидаги хўжалик жамиятлари кузатув кенгашларининг давлат харидлари йиллик ва чораклик режа-жадваллари ҳамда импорт қилиш режалаштирилган товарлар (ишлар, хизматлар) рўйхатларини тасдиқлаш бўйича қарорлари муҳим факт сифатида ошкор қилиб борилади;
- давлат харидлари махсус ахборот порталида корпоратив буюртмачиларнинг ишлаб чиқариш фаолияти учун зарур бўладиган товарларни маҳаллийлаштириш орқали кооперация алоқаларини йўлга қўймоқчи бўлган юридик шахслар томонидан ўз таклифларини бериш имконияти яратилади.
2024 йил 1 октябргача давлат харидлари махсус ахборот порталида давлат буюртмачилари амалга оширган давлат харидлари натижаларига кўра товарлар (ишлар, хизматлар), шу жумладан, уларнинг турлари кесимида шаклланган нархларни жамоатчилик учун очиқ ифодаловчи алоҳида саҳифа жорий этилади ҳамда давлат буюртмачиларига ушбу саҳифа асосида бошланғич нархни шакллантириш имконияти яратилади.
2024 йил 1 декабргача давлат харидлари тизимининг мобиль иловалари яратилади.
Ҳар йил якуни бўйича кейинги йилнинг 1 апрелигача давлат харидлари соҳасида “Энг фаол тадбиркор” ҳамда “Энг яхши буюртмачи” танловлари ўтказилади.