platina.uz

Туркий давлатлар логистикани ривожлантирмоқчи

Алянс ушбу йўналишда логистика ва юк ташиш, муҳандислик ишлари ҳамда консалтинг хизматлари билан шуғулланувчи юридик ва жисмоний шахсларни бирлаштиради.

Жамият
29 июнь, 17:52
Туркий давлатлар логистикани ривожлантирмоқчи

28 июн куни Тошкент шаҳрида Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) ҳузуридаги Логистика марказлари ва юк ташувчилар алянси таъсис этилишига бағишланган тантанали тадбир ва алянс иштирокчиларининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Қайд этилишича, ушбу тадбир логистика инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда ТДТга аъзо мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлади.

"Туркий давлатлар ташкилоти ҳузуридаги Логистика марказлари ва юк ташувчилар алянси ТДТга аъзо мамлакатларда юк ташиш ва логистика марказларини ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида ташкил этилмоқда. Алянс ушбу йўналишда логистика ва юк ташиш, муҳандислик ишлари ҳамда консалтинг хизматлари билан шуғулланувчи юридик ва жисмоний шахсларни бирлаштиради.

Туркий мамлакатлардаги йирик логистика марказлари, юк ташувчилар, терминаллар, денгиз ва қуруқлик портлари ўртасида самарали ҳамкорликни кенгайтириш, инновасион ечимларни жорий этиш орқали бутун минтақанинг транспорт-логистика салоҳиятини ошириш алянснинг асосий мақсадлари қаторига киради", – дейди Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби ўринбосари Мирвоҳид Азимов.

Тадбирда ТДТ ҳузуридаги "Логистика марказлари ва юк ташувчилар алянси" халқаро нодавлат-нотижорат ташкилотини ташкил этиш ҳамда таъсис ҳужжатларини имзолаш маросими ҳам бўлиб ўтди.

Шунингдек, тадбир алянс бош котиби ҳамда котибият аъзоларини тайинлаш билан давом этди. Алянс бош котиби лавозимига Ўзбекистон хусусий сектори вакили Асқар Қодиров сайланди.

Тадбир Туркий давлатлар ташкилоти вакиллари, Алянс бош котиби ва йиғилиш иштирокчиларининг якуний нутқи билан якунланди.

Эслатиб ўтамиз, ТДТга аъзо далватлар – Туркия, Озарбайжон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистон бўлиб, Венгрия ҳамда Туркманистон кузатувчи мақомига эга.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+