Боливияда ҳокимиятни ағдаришга уриниш содир бўлди
Ҳужумни армия генерали Хуан Хосе Зунига бошлаган. У "ҳақиқий демократия қуриш" чақириғи билан чиққан.
Боливияда ҳарбийлар томонидан давлат тўнтаришига уриниш кузатилди.
Боливияда ҳарбийлар президент саройига бостириб киришга уринди. Президент буни давлат тўнтаришига уриниш деб атади
Боливия президенти Луис Арсе ҳарбийлар президент қароргоҳи жойлашган Ла-Пасдаги Буюк Халқлар уйига бостириб киришга урингач, мамлакат халқини давлат тўнтаришига уринишга қарши чиқишга чақирди.
"Боливия халқи демократия учун давлат тўнтаришига қарши бирлашиши ва сафарбар бўлиши зарур. Биз тўнтариш уринишларининг яна Боливия ҳаётига зомин бўлишига йўл қўя олмаймиз", деди у мурожаатида.
26 июн куни қўшинлар ҳукумат бинолари жойлашган Ла-Пасдаги Плаза Муриллога кириш йўлларини тўсиб қўйишди, шундан сўнг танклар билан киришга уринишди. Зирҳли техника ва қўшинлар майдонда ўз ўрнини эгаллади.
Ҳужумни бошқарган Боливия армияси генерали Хуан Хосе Зунига ҳарбийларнинг мақсади мамлакатда демократияни тиклаш эканлигини айтди ва сиёсий маҳбусларни қамоқдан озод қилишга ваъда берди.
"Қуролли кучлар демократияни қайта қуриш, уни 30-40 йил давомида бир хил бир неча киши бошқариб келаётган эмас, ҳақиқий демократияга айлантириш тарафдори", деди у президент саройи олдида.
Кейинроқ президент янги ҳарбий раҳбариятни тайинлаганини ва армия бошлиғи Хосе Уилсон Санчесни қасамёд қилганини айтди. Шундан сўнг, ахборот агентлиги мухбирларига кўра, ҳарбийлар майдонни тарк эта бошлаган.
Боливия ҳарбийлари янги армия бошлиғининг буйруғига биноан президент саройидан чекинган.
Уларга раҳбарлик қилган генерал ҳибсга олинди ва расмийлар тергов бошлади.