platina.uz

Олти ойда газ ва электр ўғирлаш ортидан давлатга 552,5 млрд. сўмлик зарар етказилди

Энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш Навоий, Сирдарё ҳамда Тошкент вилоятларида нисбатан кўпроқ аниқланган.

Жамият
20 июнь, 10:09
Олти ойда газ ва электр ўғирлаш ортидан давлатга 552,5 млрд. сўмлик зарар етказилди

Ўтган олти ой давомида газ ва электрдан ноқонуний фойдаланиш оқибатида давлат манфаатларига жами 552 миллиард 500 миллион сўмлик зарар етказилган.

Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Энергетика вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Ҳасан Тошхўжаев маълум қилди.

Энергетика вазирлиги ҳузуридаги “Ўзэнергоинспекция” ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда 2024 йил 1 январдан 15 июнгача ўтказилган 40,8 мингта назорат тадбирлари чоғида жами 38,8 мингта ноқонуний ҳолатлар аниқланди.

Мазкур ноқонуний ҳолатларнинг 13,5 мингтаси табиий газдан, 25,3 мингтаси эса электр энергетикасидан қонунга хилоф равишда фойдаланиш билан боғлиқдир.

Энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари Навоий, Сирдарё ҳамда Тошкент вилоятларида бошқа ҳудудларга нисбатан кўпроқ аниқланган.

Мамлакатда айрим ҳуқуқбузарлар томонидан ҳисобот даврида 255 миллиард 200 миллион сўмлик табиий газ ҳамда 297 миллиард 300 миллион сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилиши натижасида давлат манфаатларига жами 552 миллиард 500 миллион сўмлик зарар етказилган.

Уларга нисбатан 220,1 миллиард сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланганлик ҳолатлари бўйича 236 та ва 139,5 миллиард сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганлик ҳолатлари бўйича 479 та жиноят ишлари қўзғатилган.

Мисол учун, Фарғона вилоятининг Риштон туманида фаолият юритувчи МЧЖга қарашли автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчасида ўрнатилган компрессор агрегатлари тижорат мақсадида электр тармоғига ўзбошимчалик билан уланиб, 3 миллиард 600 миллион сўмлик электр энергияси талон-торож қилинган.

Хоразм вилоятининг Урганч туманидаги фермер хўжалиги эса ўзига қарашли бинода яширин йўллар билан қўшимча тармоқ тортиб, табиий газдан ноқонуний равишда фойдаланиб келган. Унинг бу жиноий қилмиши оқибатида давлат манфаатларига 3 миллиард 374 миллион сўмлик зарар етказилган.

Тошкент вилоятининг Тошкент туманида истиқомат қилувчи фуқаро ўз хонадонининг ертўласида майнинг қурилмаларини ҳисоблагичдан ташқари яширин йўл билан электр тармоғига улаб, ҳисобга олинмаган 3 миллиард сўмлик электр энергиясини исроф қилган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан энергия ресурсларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар бўйича 17,2 мингта маъмурий ҳамда 715 та жиноий иш расмийлаштирилиб, айбдорлар тегишли тартибда жазога тортилдилар.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+