Путин давлат ташрифи билан Шимолий Кореяга боради

Ушбу ташриф Ғарб Шимолий Кореяни Россияга қурол етказиб беришда айблаган пайтда амалга оширилмоқда. 

Жаҳон
17 июнь, 17:04
Путин давлат ташрифи билан Шимолий Кореяга боради

Россия президенти Владимир  Путин Шимолий Кореяга 18-19 июнь кунлари ташриф буюради.

Кремл матбуот хизмати Владимир Путиннинг КХДРга ташрифи саналарини эълон қилди - у 18-19 июнь кунлари бўлиб ўтади.

Сафар Украина ва Ғарб томонидан Шимолий Корея Россияга катта ҳажмдаги ўқ-дорилар – артиллерия снарядлари ва баллистик ракеталар етказиб беришда айблангани фонида бўлиб ўтади.

Жорий йил бошида Украина Хавфсизлик хизмати Россия ҳарбийлари Украина ҳудудига Шимолий Кореянинг 20 дан ортиқ қуролини, жумладан 2024 йил 2 январда Харковга "Хвасон-11" ракетасини отгани ҳақида хабар берган эди.

Шимолий Корея 2006 йилдан бери БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан ядровий дастур ишлаб чиққани ва баллистик ракеталар ишлаб чиқаргани учун санкциялар остида қолмоқда.  Харковга учирилган "Хвасон-11" ракетасининг келиб чиқиши ҳақидаги ҳисоботни тайёрлаган БМТ экспертларининг фикрича, Россияга ракета етказиб бериш ушбу санкцияларни бузиши мумкин.

АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши вакили Жон Кирбининг айтишича, Россия қурол етказиб беришга жавобан санкцияларни четлаб ўтиб, КХДРга нефть маҳсулотларини етказиб бермоқда.

Путин шунингдек, 19-20 июнь кунлари Ветнам Коммунистик партияси Марказий қўмитаси Бош котиби Нгуен Пҳу Тронгнинг таклифига биноан  давлат ташрифи билан Ветнамда бўлади.

Ханойда Ветнам Коммунистик партияси Марказий Қўмитаси Бош котиби Нгуен Пҳу Тронг, Президент То Лам, Ҳукумат Бош вазири Фам Мин Тин ва Миллий Ассамблея раиси Тран Тхан Ман билан учрашувлар бўлиб ўтади, дейилади Кремл хабарида.

© 2023 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+