Зеленский Хитой раҳбари унга Россияга қурол сотмасликка ваъда берганини айтди
Май ойида Британия мудофаа вазири Хитойга шундай айблов қўйганди.
Украина президенти Владимир Зеленский Хитой раҳбари Си Цзинпин унга Россияга қурол етказиб бермасликка ваъда берганини айтди.
"Мен Хитой раҳбари билан телефонда гаплашдим, агар у гапида турадиган одам бўлса, кўрамиз", - деди Зеленский 13 июнь, пайшанба куни АҚШ президенти Жо Байден билан Италиядаги G7 саммити доирасидаги матбуот анжуманида.
Матбуот анжуманида Владимир Зеленский саммитда АҚШ ва Украина ўртасида тузилган хавфсизлик келишувини Украинанинг НАТОга аъзо бўлиши йўлидаги муҳим қадам деб атади. Шартномада "АҚШ Украинанинг келажакдаги НАТО аъзолигини қўллаб-қувватлаши ва бизнинг хавфсизлик келишувимиз Украинанинг НАТОга аъзо бўлиши учун кўприк эканлигини тан олиши айтилади", деди Зеленский.
22 май куни Буюк Британия мудофаа вазири Грант Шаппс Хитойни Россияга ҳалокатли қурол етказиб беришда айблаб чиққанди. "Бугун мен Россия ва Хитой ўртасида Украинада қўлланилган қуроллар соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида далилларга эга эканлигимиз ҳақида хабар беришим мумкин", деди Шаппс.
Шунингдек, Германия ва АҚШ ҳукумати Хитойни Россия Федерацияси билан санкцияларни четлаб ўтишда ҳамкорлик қилишдан огоҳлантирди. Bloomberg маълумотларига кўра, Пекин Москвага ҳарбий мақсадлар учун геофазовий разведка маълумотлари, шунингдек, ҳарбий саноат учун зарур бўлган микроэлектроника, танклар ишлаб чиқариш учун машиналар ва ракеталар учун ёқилғи билан таъминлайди.