Садир Жапаров давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келади
Бу ҳақда Қирғизистон Иқтисодиёт ва савдо вазири ўринбосари Санжар Болотов маълум қилди.
Яқин орада Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келади.
Бу ҳақда 13 июн куни Бишкекдаги Қирғизистон-Ўзбекистон бизнес-форумининг очилишида Қирғизистон Иқтисодиёт ва савдо вазири ўринбосари Санжар Болотов маълум қилди.
"Икки давлат президентларининг бўлажак учрашуви мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш, қўшничилик ва ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантириш йўлидаги муштарак иродани ўзида мужассамлаштирган муҳим лаҳза бўлади.
Президентларимиз олдимизга мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш вазифасини қўйган. Бу амбицияли, аммо эришиш мумкин бўлган мақсад. Бу мақсадга эришиш учун биз биргаликда ҳаракат қилишимиз, барча мавжуд восита ва механизмлардан фойдаланишимиз керак.
Ишончим комилки, биз биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан нафақат эришамиз, балки бу кўрсаткичдан ҳам ошиб кетамиз, - деган Санжар Болотов.