platina.uz

Субсидияга ажратилган пуллар нега тўлиқ ишлатилмаяпти?

Иқтисодиёт ва молия вазири бюрократик тўсиқлар борлигини истисно қилмаган ҳолда ушбу ҳолатга ойдинлик киритди.

Иқтисод
3 июнь, 14:01
Субсидияга ажратилган пуллар нега тўлиқ ишлатилмаяпти?

Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ажратилган субсидиялар тўлиқ ишлатилмаётгани ҳақидаги саволга жавоб бераётиб, тизимда маълум даражада бюрократия мавжудлигини айтди.

Қонунчилик палатаси депутати Дилбархон Мамажонова Иқтисодиёт ва молия вазирлигига ипотека кредити субсидиялари юзасидан савол берган.

Депутатнинг айтишича, 2023 йил давомида фуқароларга жами 1,6 трлн. сўм субсидия тўлаб берилиши режалаштирилган. Май ойидан декабргача эса 329 мингдан ошиқ фуқаро субсидия асосида ипотека кредити учун ариза топширган. Лекин аризачиларинг бор-йўғи 30 минг нафарига ижобий хулосалар тақдим этилган. Аризачиларнинг 15 минг нафарига 1,1 трлн. сўм субсидия тўлаб берилган (жами ариза топширганларнинг 5 фоизи). Хўш, нега уй-жойга талаб кескин ошаётган бир пайтда субсидия маблағлари тўлиқ ўзлаштирилмаяпти?

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги қарийб 500 млрд. сўм маблағ нега ўзлаштирилмаганини изоҳлади. Унга кўра, субсидияларни туманлардаги комиссиялар ҳам текширади. Жумладан, ўтган йилги аризаларнинг 190 минг яқини етарли балл тўпламаган, яна 90 минг кишининг эса номида уй-жой аниқланган. Яна 40 мингга яқинининг эса даромади мавжуд бўлмаган.

Маблағларни самарали сарфлаш учун етти мингга оилага ўз уйларида қурилиш ишларини олиб бориш учун ипотека субсидиялари ажратиш кўзда тутилмоқда. Бунда бошланғич бадал тўлиқ қоплаб берилади.

Вазир Жамшид Қўчқоров эса субсидия ажратишда бюрократия борлигини тан олиб, вазирлик бир ойда ичида тизимни оптималлатиришини маълум қилди. Бу вақт ичида вазирлик субсидияларни тўлиқ ишлатиш чораларини ишлаб чиқади ва 2024 йил 1 июлгача Қонунчилик палатасига тақдим этади.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+