Шимолий Корея жануб томон ахлат тўла шарларни учирди

28 ва 29 май кунлари ҳам худди шундай ҳаракат амалга оширилганди. Бу Жанубий Кореянинг шимоллик фаолларга ёрдам юборганига жавоб экани айтилмоқда. 

Жаҳон
3 июнь, 11:55
Шимолий Корея жануб томон ахлат тўла шарларни учирди

1-2 июн кунлари Шимолий Кореядан учиб кетган 700 га яқин ҳаво шарлари Жанубий Кореянинг турли ҳудудларидан топилди. Бу ҳақда Корея Штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси хабар берди. Таъкидлаш керакки, бу ҳаракат бир ҳафта ичида иккинчи марта такрорланмоқда. 

Жанубий Корея Шимолий Кореяга ҳаво шарлари учирилиши ва бошқа провокациялар туфайли тез орада "чидаб бўлмас" жавоб чораларини кўришини айтди.

Балонларга сигарет қолдиқлари, мато парчалари, макулатуралар боғланган, аммо хавфли моддалар топилмаган. Жамоатчилик вакилларига  эҳтиёт бўлиш ва шимолдан келгани тахмин қилинган нарсаларга тегмаслик тавсия этилди. Жабрланганлар ва вайронагарчиликлар ҳақида маълумотлар йўқ.

Шарларни йўқ қилиш учун кимёвий портловчи моддаларни тозаловчи тезкор гуруҳлар юборилди. Ҳарбийларнинг айтишича, шарларга турли хил ахлат ва гўнг солинган, аммо кимёвий, биологик ёки радиоактив моддалар каби хавфли моддалар йўқ. Баъзи шарлар таймер билан топилган, бу улар сумкаларни ҳавода очиш учун мўлжалланганлигини кўрсатади. 
Бу ҳаракатга яқинда Жанубий Корея активистларининг шимолликларга пул, Ким Чен Иннинг тузумига қарши даъватлар ёзилган варақалар, озиқ-овқат ва К-поп мусиқалари юкланган хотира карталарини юборгани сабаб қилиб кўрсатляпти.

Жанубий Корея миллий хавфсизлик директори Чанг Хо-жиннинг айтишича, фавқулодда йиғилишда юқори лавозимли амалдорлар Шимолий Кореяга қарши "чидаб бўлмас" чоралар кўришга қарор қилишган ва Шимолий Кореянинг ҳаво шарлари компаниясини "нормал мамлакат қилмайдиган бемаъни, мантиқсиз провокацион ҳаракатлар" деб атади. У Пхенянни Жанубий Кореяда "муаммо ва тартибсизликлар" келтириб чиқаришни мақсад қилганликда айблади.

Кейинроқ Шимолий Корея жанубга ҳаво шарларини юборишни вақтинча тўхтатиб қўйишини маълум қилди, дея хабар бермоқда Корея телеграф агентлиги  мамлакат мудофаа вазири ўринбосари баёнотига таяниб. Агар Жанубий Корея Шимолий Кореяга қарши варақаларни бошқа йўл билан юборса, Пхенян бу ҳаракатни қайта бошлайди, дея қўшимча қилди у.

Эслатиб ўтамиз, аввал ҳам Шимолий Корея жанубга ахлат тўлдирилган ҳаво шарларини учирганди. Шунингдек, бир ҳафтача аввал КХДРнинг жосус сунъий йўлдошини космосга олиб чиқаётган ракета портлаб кетганди. Бу Япония, Жанубий Корея ва АҚШнинг норозилигига сабаб бўлди. 

© 2023 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+