platina.uz

Бухорода кичик бизнесга қўшимча 2,1 трлн. сўм ажратилади

Шавкат Мирзиёев Бухоронинг ички имкониятларини ишга солишда вилоят раҳбарияти ва туман ҳокимлари суст эканини айтиб, танқид қилди. 

Иқтисод
1 июнь, 14:32
Бухорода кичик бизнесга қўшимча 2,1 трлн. сўм ажратилади

Президент Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари юзасидан видеоселектор ўтказди.

Вилоят иқтисодиёти 1,5 баробар ўсиб, 53 триллион сўмдан ошди. Саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатишда 115 триллион сўм инвестиция жалб қилинди, 4,6 мингта корхона ишга тушиб, 90 мингта иш ўрни яратилди.

Экспорт 215 миллион долларга етди, Қоракўл, Жондор, Шофиркон ва Когон туманларининг ҳар бирида саноат ҳажми йилига 1 триллион сўмдан ошди.

Шу билан бирга, вилоят салоҳиятини тўлиқ ишга солиш бўйича вилоят раҳбарияти, 13 та туман ва шаҳар ҳокимларининг ҳозирги фаолияти жуда сустлиги кўрсатиб ўтилди.

Бухоронинг 4,2 миллион гектар ери бўлса, 6 фоизига экин экилади. Яна 3,2 миллион гектар ер – ишлатилмасдан турган катта имконият.

Вилоятдаги 60 минг тонна ип-калаванинг 57 фоизи матога айланмоқда, қолгани хомашё шаклида арзон сотилмоқда, матонинг 24 фоизи тайёр маҳсулотга айланаяпти.

Ёки, вилоятда 1 миллион 200 минг тонна мева-сабзавот етиштирилса-да, экспорти 15 миллион доллардан кам.

Бухорода кичик бизнесга бу йили 5,9 триллион сўмга қўшимча яна 2,1 триллион сўм кредит ажратилиши эълон қилинди. Туризм ва сервис учун яна 100 миллион доллар алоҳида ажратилади.

Бухоро туманида қурилиши бошланган нефть-кимё кластери ишга туширилса:

- импорт бўлаётган бензол, олефин, ароматик углеводород, нафтадан пентан ва гексан эритгичлари ишлаб чиқарилади;

- вилоят саноатига 4,5 триллион сўмлик қўшилган қиймат ва 600 та юқори даромадли иш ўрни яратилади;

- экспорт 130 миллион долларга ошиб, йилига 300 миллиард сўм солиқ тушуми пайдо бўлади.

Яна бир масала – Бухородаги 205 минг гектар ерни суғориш учун 50 та насос станция йилига 1,5 миллиард киловатт-соат электр сарфламоқда. Улар энерготежамкор, замонавий насосларга алмаштирилса, йилига камида 400 миллиард сўм иқтисод бўлади.

Вилоятдаги 89 та саноат корхонаси давлат ташкилотларига Кооперация портали орқали маҳсулот етказиб бераётгани - бу жуда камлиги кўрсатиб ўтилди.

Бухорога хориждан 5 миллион турист келиши учун катта замин ҳозирланмоқда. Лекин, вилоятдаги 30 та тарихий ёдгорликка эътибор сустлиги учун уларга сайёҳлар бормаяпти.

Шу муносабат билан Имом ал-Бухорий, Аббос Алиев ва Мухтор Ашрафий обидаларига туташ ҳудудлар, деҳқон бозори ва минг йиллик тарихга эга Бухоро дарвозаси, Исмоил Сомоний мақбараси, истироҳат боғи ва сунъий кўлни жозибадор туризм мажмуасига айлантириш муҳимлиги таъкидланди.

“Чор Минор” ва “Истеза” мадрасалари, “Самарқанд” ва “Дарвозаи Саллохона” дарвозалари, “Масжиди Калон” каби объектларни дренаж тизимини таъмирлашга 35 миллиард сўм ажратилади.

Бухоро аэропорти туристлар оқимини 2 баробар ошириш режаси учун кичиклик қилмоқда. Кеча Бухоро туманида ҳозиргидан 3 баробар кўп қувватга эга 226 миллион долларлик янги замонавий халқаро аэропорт қурилишига старт берилди. Бу ерда ҳафтасига 100 та рейс йўлга қўйилади.

Президентимиз йиғилиш айнан Ғиждувонда бўлаётгани бежиз эмаслигини таъкидлади.

Сўнгги йилларда туман саноати 2 карра ўсиб, 2 триллион сўмдан ошди, вилоятдаги улуши эса тўртинчи ўриндан учинчига кўтарилди.

Шу вақт ичида 2 мингдан зиёд янги тадбиркор иш бошлаб, 2010-2016 йилларга қараганда 4 баробар ўсган.

Шу билан бирга, Ғиждувонга инвестиция киритиш, саноатда юқори даромадли иш ўринлари яратишдаги энг катта муаммо, бу – электр таъминоти ва темир йўл инфратузилмаси.

Ғиждувон иқтисодий зонасида бу масалалар ҳал қилинса, тадбиркорлар 340 миллион долларлик 100 та лойиҳани бошлаб, 10 минг аҳолини ишли қилмоқчи.

Мутасаддиларга “Навоий-Хоразм” йўналишида қурилиши якунланмаган шохобча темир йўлини Ғиждувонгача олиб келиш топширилди.

Ижтимоий соҳа билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинар экан, Ғиждувон аҳолиси учун 650 ўринли замонавий шифохона қурилиши эълон қилинди.

Мутасаддиларга лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиб, келгуси йил инвестиция дастурига киритиш топширилди.

Умуман, йиғилишда Ғиждувонни ўзида 25 минг иш ўрни, қўшимча 50 миллион доллар экспорт ва бюджетга 100 миллиард сўмлик тушум бўйича имкониятлар кўрсатиб ўтилди.

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан вилоят ва тармоқ раҳбарларининг ахбороти тингланди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+