Байден Россияга қарши АҚШ қуроллари билан зарба беришга рози бўлди
АҚШ президенти Украинага яширинча рухсат бергани айтилмоқда. Politico нашрининг ёзишича, бу ҳозирча Харков йўналишида амал қилади.
АҚШ президенти Жо Байден Украинага Россия ҳудудига Америка қуролларидан фойдаланиб зарба йўллашга рухсат берди. Politico нашри манбаларига кўра, мазкур рухсат фақат Харков йўналишида амал қилади.
АҚШ президенти маъмурияти Украинага Россия ҳудудида Америка қуролларидан фойдаланишга яширинча рухсат берган, дея ёзмоқда нашр.
"Президент яқинда ўз жамоасига Украинанинг Харковда ўт очиш учун АҚШ қуролидан фойдаланиш имкониятига эга бўлишини таъминлашга кўрсатма берди, токи украиналиклар рус қўшинлари ҳужум қилганда ёки уларга ҳужум қилишга тайёрланса, жавоб қайтариши учун", - дея ўзининг аноним суҳбатдошидан иқтибос келтиради Politico.
Бу маълумотни яна икки манба тасдиқлаган.
30 май куни чоп этилган бошқа мақолада нашр Вашингтонда Россия ҳудудига зарба бериш мавзусидаги мунозаралар давом этаётгани ва ҳалигача қарор қабул қилинмаганини ёзади. Лекин кўпчилик АҚШ ҳарбийлари бунга рухсат бериш тарафдори бўлиб қолмоқда.
Аввалроқ Германия раҳбарияти ўз қуроллари билан Россия зарба беришга рози бўлгани маълум қилинганди.