Туркий давлатлар матбуот котиблари Тошкентда йиғилди
Тадбирларда фейк хабар ва дезинформацияларни фарқлаш, ахборот соҳасида алоқаларни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Тошкентда Туркий давлатлар ташкилотига (ТДТ) аъзо мамлакатлар вазирлик ва идоралари матбуот котибларининг "Ахборот хизматлари 2024: миллий ва хорижий тажриба" мавзуcида қўшма ўқув-семинари бўлиб ўтмоқда.
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги маълумотига кўра, ўқув-семинарини очиб берган агентлик директори Асаджон Ходжаев туркий мамлакатлар билан ҳар томонлама, шу жумладан, ахборот соҳасида алоқаларни ривожлантириш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг муҳим жиҳатларидан бири эканлигини таъкидлади.
Тадбирда, шунингдек, ТДТ эксперти Алмагул Серикбаева, Озарбайжон Аудиовизуал кенгаши раиси Исмат Саттаров, Қозоғистон Маданият ва ахборот вазирлиги Ахборот қўмитаси Жамоатчилик билан алоқаларни мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи Акшолпан Марат, Туркия элчиси Олган Бекар сўзга чиқиб, қўшма-семинарнинг аҳамияти ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Семинар доирасида ташкил этилган медиа-тренингда Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзод Қудратхўжа “медимакон тушунчаси”, “туркий халқлар мафкураси”, “Ахборот хизматлари дуч келадиган муаммолар” ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдириб, хусусан, Ўзбекистонда миллий контентни яратиш ва кўпайтириш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берди.
Шунингдек, ЎзЖОКУ проректори, профессор Нозима Муродова матбуот котиблари ҳамда ОАВ вакилларининг фейк хабар ва дезинформацияларни фарқлашда эътибор қаратишлари лозим бўлган жиҳатлар тўғрисида тўхталди.
Ўқув-семинари ТДТга аъзо мамлакатларнинг ахборот хизматлари фаолияти тақдимотлари билан давом этмоқда. Тадбирлар 30 майга қадар давом этади.