Тошкент ва Қўқонда ҳаж зиёратига юборишни ваъда қилганлар ушланди
Қўқонда сайёҳлик фирмасининг иш бошқарувчиси 10 минг АҚШ доллари олган вақтида қўлга олинган.
ДХХ Тошкент ва Қўқон шаҳарларида “Ҳаж” зиёратига юборишни ваъда бериб, пул олаётганларни ушлади.
Жумладан, Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида яшовчи, 1983 й.т. шахс Шайхонтоҳур туманида истиқомат қилувчи фуқарони ишончига кириб, танишлари ёрдамида, унга Саудия Арабистонига “Ҳаж” сафарига бориши учун зарур бўладиган виза ҳужжатларини тайёрлаб бериш ва зиёратга юбориш эвазига 8,5 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар ушланди.
Бошқа ҳолатда эса пойтахтда фаолият юритувчи сайёҳлик фирмаси ходими Шайхонтоҳур туманида яшовчи фуқарони сохта ҳужжатлар орқали “Ҳаж” зиёратига юбориш эвазига 5,5 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
Яна бир сайёҳлик фирмаси бошқарувчиси ва унинг ходими ҳам Яшнобод туманида яшовчи фуқаронинг ишончини суиистеъмол қилиб, жорий “Ҳаж-2024” мавсумида Саудия подшоҳлигига муборак сафарга юбориш эвазига 8,5 минг АҚШ доллари талаб қилишиб, 4 минг АҚШ доллари олган вақтларида қўлга олинди.
Қўқон шаҳрида фаолият юритувчи сайёҳлик фирмасининг иш бошқарувчиси 2 нафар фуқарони ҳаж амалларини бажаришлари учун Саудия Арабистонига юбориш эвазига 12 минг АҚШ доллари талаб қилиб, 10 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
Қўқон шаҳрида кузатилган яна бир ҳолатда, бошқа сайёҳлик фирмаси ходими маҳаллий фуқарони ҳожи мақомига эга бўлиши учун “Ҳаж” зиёратига юбориш эвазига 6 минг АҚШ доллари талаб қилиб, 3 минг АҚШ доллари олган вақтида қўлга олинди.
Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бир неча кун аввал ҳаж зиёрати ваъда қилиб пул олганлар ушланганди.