Президент ёрдамчиси ўзи ўқиган лицейга борди
Саида Мирзиёева у ердаги гуруҳ раҳбарини йўқлаб, ўқувчилик даврларини эслади.
Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева Жиззахда ўзи ўқиган академик лицейга бориб, гуруҳ раҳбарини йўқлаган, ўқувчилик даврларини эслаган.
"Ҳар сафар май ойида Жиззахдаги лицейда ўқиган йилларим, у ердаги сўнгги қўнғироқ эсимга тушади. Гуруҳ раҳбаримиз Зуҳра Зиятовна Яхшиевани кўргим келаверади. Бу йил ниятимга етдим – жонажон лицейимга бордим, устозим билан кўришдим.
Роса соғинган эканман, маза қилиб гаплашдик, лицейда ўқиган йилларимни хотирладик, эски расмларни томоша қилдик. Лицейимиз ҳозир мактабга айлантирилибди. Қадрдон даргоҳга кириб, синфхоналарни айланиб, яна талабалик йилларимга – олтин давримга қайтиб қолгандай бўлдим. Энг ширин хотираларим уйғонди", деб ёзган Мирзиёева.
Шунингдек, у мактабдаги ўқувчилар ва уларга яратилган шароитлар билан ҳам танишган.