Туркий давлатлар учун Made in Turan бренди яратилди
Ушбу бренд аъзо давлатлар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни ягона маркалашга ўтишни назарда тутади.
Бугун Қозоғистонда Озарбайжон ташаббуси билан туркий дунё савдо белгиларини бирлаштирган Made in Turan бренди яратилди.
Бу ҳақда Озарбайжон франчайзинг уюшмаси бошқаруви раиси Жамид Мовсумов маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, Made in Turan брендининг яратилиши Туркий Давлатлар Ташкилотига аъзо давлатлар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни ягона маркалашга ўтишни назарда тутади.
"Made in Turan бренди учун олинадиган махсус имтиёзлар туфайли мамлакатлар ўртасидаги савдо айланмаси ошади ва иқтисодий алоқалар мустаҳкамланади. Бренднинг жорий этилиши туркий дунё брендлари учун янги даврни англатади. Ушбу брендлаш сиёсати натижасида туркий давлатлар брендлари ишонч билан олдинга силжийди. Махсус имтиёзлар туфайли глобал бренд бўлиш йўлида Туркий давлатлар ўртасидаги савдо айланмаси ўсиб боради.
Турк дунёси бутун дунёда муҳим иқтисодий куч сифатида Made in Turan Турон савдо уйларини очишни режалаштирмоқдамиз", дейди у.
Эслатиб ўтамиз, Туркий давлатлар ташкилотига Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон каби давлатлар киради. Туркманистон кузатувчи давлат саналади.