Раисий ўлимидан сўнг Эронни нималар кутяпти?
Раисий сиёсатга кеча келиб қолган шахс эмас. У ёшлигидан шоҳга қарши инқилоб руҳияти билан катта бўлган. Оятуллоҳ ҳукумати ўрнатилгач, ҳокимиятдаги муҳим одамлардан бирига айланган.
Жорий йилнинг 19 май куни Эрон президенти Иброҳим Раисий ўтирган вертолёт Озарбайжон чегарасидаги тоғли ҳудудда ҳалокатга учради. Кучли туман сабабли кўриш ва парвоз сифати ёмонлашгани ҳалокатга сабаб бўлган.
Вертолётда президентдан ташқари Эрон ташқи ишлари вазири Ҳусайн Амир Абдуллаҳиён ҳамда яна 9 нафар амалдор, хусусан, Эроннинг Шарқий Озарбайжон вилояти раҳбари Малик Раҳматий ва Табриз вилояти оятуллоси Али Ҳошимлар ҳам ҳалок бўлишган. Уларнинг жаноза намози 21 май куни Табриз шаҳрида ўқилади.
Эроннинг Олий раҳнамоси Али Ҳоманаий президент Раисий хотирасига бутун мамлакат бўйлаб 5 кунлик мотам эълон қилди.
Зиддиятли собиқ президент
Иброҳим Раисий 1960 йилда Эроннинг Машҳад шаҳрида, диний олимлар оиласида дунёга келган. Асли юрист бўлган Раисий 2021 йилда президент бўлиб сайланишидан олдин, Эроннинг суд ҳокимиятида раҳбарлик қилиб келган.
Раисий сиёсатга кеча келиб қолган шахс эмас. У ёшлигидан шоҳга қарши инқилоб руҳияти билан катта бўлган. Оятуллоҳ ҳукумати ўрнатилгач, ҳокимиятдаги муҳим одамлардан бирига айланган. Ғарб ОАВлари Раисийни кўпроқ 1988 йил 19 июлдан бошлаб, 5 ой давомида шиа муллари режимига мухолиф сиёсий кучларнинг вакилларини (айрим маълумотларга кўра, 30 минг кишига яқин) суд ва терговсиз қийнаб ўлдиришган даврлар билан боғлаб эслайди. Чунки Иброҳим Раисий 1988 йилда сиёсий маҳбусларни оятуллоҳ Ҳумайний буйруғи билан оммавий қатл қилиш жараёнларининг ташкилотчиларидан бири бўлган эмиш. Албатта демократлар бу қатлларни “Эрон тарихида инсониятга қарши энг катта жиноят” деб баҳолаган бўлсада, Эрон ҳукумати ҳозиргача буни тан олмаган.
Шу билан бирга, Эрон – геосиёсий жиҳатдан жуда муҳим давлат ҳисобланади. Эронда 1979 йилда ислом инқилоби амалга оширилгач, Эрон Ислом Республикасининг АҚШ бошчилигидаги Ғарб давлатлари билан, айниқса Исроил билан (Фаластин можароси масаласида) муносабатлари жуда зиддиятли бўлиб қолмоқда.
Шу боисдан ҳам, Эрон президенти ўтирган вертолёт ҳалокатга учраши ва президент вафот этиши кўплаб экспертлар ва кенг жамоатчилик томонидан ҳар хил шубҳа ва гумонларга сабаб бўлиши табиий.
Ким манфаатдор?
Албатта расмий баёнотлар ва мантиқий хулосаларга кўра, Эрон президенти табиий ҳалокат қурбони бўлди. Аммо бирор эҳтимолий жиноят шубҳа остига қўйилса, энг аввало, “ким манфаатдор” деган савол қўйилади.
Айрим таҳлилчилар Озарбайжон версиясини кўриб чиқиш ҳам шарт эмас дейишади. Тўғри, Озарбайжон - Эроннинг азалий душмани бўлган Исроил билан яқин муносабатларда.
Эрон эса мамлакатдаги озарбайжон сепаратизми ва минтақадаги туркий бирдамлик кучланишидан хавотир олиши боис, Арманистон ва Россия геополитик манфаатларининг тарафдори ҳисобланади.
Бироқ, Озарбайжон президенти билан учрашиб, Аракс дарёсига ўрнатилган тўғоннинг очилиш маросимидан қайтаётган Эрон президентининг тинчгина манзилига етиб олишидан аввало Озарбайжон томони манфаатдор.
Қолаверса, Раисийнинг йўқ қилиниши Эрон-Озарбайжон муносабатларида ҳам деярли ўзгариш олиб келмайди.
Яна бир тахминга кўра, Раисий Эрон элитаси ичидаги мухолиф кучларнинг қурбони бўлган эмиш. Чунки Эрон президенти бошчилигидаги давлат делегацияси қўшни Озарбайжонга борган ва давлат аҳамиятидаги йирик келишувларни муваффақиятли якунлаб, қайтиш жараёнида авиаҳалокатга учраган. Эрон президенти кортежи учта вертолётдан иборат бўлган. Қолган икки вертолёт манзилга етиб борган, фақатгина президент Иброҳим Раисий ўтирган вертолёт ҳалокатга учраган. Бу кўпчиликда шубҳа уйғотгани бор гап.
Бироқ яна ўша муҳим савол: ким манфаатдор? Эрон президентлик республикаси, бу ерда давлат бошлиғи сайловлар орқали белгиланади. Қандайдир сиёсий гуруҳлар ёки шахсларнинг ўз ғаразли мақсадларига бу йўл билан эришишлари соғлом ақлга тўғри келайди.
Яна бир муҳим омил: Эроннинг асл давлат раҳбари - диний раҳнамо, Оятуллоҳ ҳисобланади. 1989 йилдан буён Али Ҳоминаий ана шу лавозимни эгаллаб келмоқда. Эронда миллий хавфсизлик, ички ва ташқи ишлар, сиёсий йўналишларнинг барчасини оятуллоҳ – Али Ҳоманаий белгилаб беради. Эрон президенти эса шунчаки ижрочи шахс. Олий қарорларни Али Ҳоманаий қабул қилади, президент уларнинг ижросини таъминлайди ва имомга, диний кенгашга ва парламентга ҳисобот беради.
Қолаверса, экспертларнинг айтишича, Иброҳим Раисий – консерватор сиёсатчи бўлган. Раисий ёки Али Ҳоманаий ҳамда Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси ўртасида бирор келишмовчиликлар кўзга ташланмаган.
Демакки, Раисийни ўлдириш ҳозирча маълум бирор бир нодўстона кучларнинг манфаатларига мос бўлмаган.
Энди нима бўлади?
Хулоса қилиб айтганда, Эрон президентининг ҳалок бўлгани мамлакатнинг ички ва ташқи сиёсати йўналишига таъсир қилмайди. Яқин соатлар ичида президент ва бошқа эронлик марҳум амалдорларнинг ўлими юзасидан давлат комиссияси тузилади. Комиссия таркибида халқаро кузатувчилар ҳам иштирок этиши кутилмоқда. Президент ва унинг мулозимларининг ҳалокати бўйича аниқ хулоса ва маълумотлар камида 1 бир ойдан кейин оммага эълон қилиниши мумкин.
Айни вақтдаги ўзгаришларга кўра, ҳалок бўлган президент вазифаларини 2021 йилдан бери вице-президент лавозимини эгаллаб келаётган Муҳаммад Мухбир ватинча бажаришга киришади. Президент ўлимидан 50 кун ўтгач, эса мамлакатда президентлик сайловлари ўтказилади.
Албатта Эроннинг навбатдаги президенти Оятуллоҳ “назари тушган” сиёсатчи бўлиши табиий. Бироқ, Ғарб таҳлилчиларининг айтишича, Эроннинг навбатдаги президенти Муҳаммад Боқир Қолибоф бўлиши мумкин. У 2020 йилдан бери Эрон Мажлиси (парламенти) раиси сифатида сиёсий фаолият юритиб келади. 2005-2017-йилларда Эрон пойтахти Теҳрон шаҳрининг ҳокими бўлган.
2020 йилда Эрон ( бир палатали) парламентига ўтказилган сайовларда Муҳаммад Қолибоф пойтахтдаги ҳар қандай номзоддан кўра кўпроқ - 1,2 миллионта овоз олган. Унинг омма меҳрини қозонгани, айниқса пойтахтликлар орасида машҳурлиги боис, 2021 йилдаги президентлик сайловларида иштирок этишини сўрашган. Бироқ айрим сабабларга кўра, номзодлар рўйхатига кирмаган. Бироқ, 2 ойдан кейин ўтказиладиган президентлик сайловларида унинг номзоди ҳам қўйилиши ва ҳатто ғолиб бўлиши учун ҳам пойдевор ҳозирданоқ мавжуд.
Абулфайз Сайидасқаров шарҳлади
Телеграмда кузатиб боринг!