Европа Иттифоқи ҳам Исроилдан норози
Исроил томонининг Халқаро жиноят судига таҳдидига жавобан, Европа Иттифоқи кескин баёнот берди.
Исроил томонининг Халқаро жиноят суди – (ХЖС, (International Criminal Court) ходимларига бевосита ва билвосита таҳдидларига жавобан Европа Иттифоқи (ЕИ) кескин баёнот билан чиқди. ЕИнинг ташқи сиёсат идораси вакили Петер Стано ХЖС ва унинг мулозимларига қарши қандай шаклдаги таҳдиллар номақбул экани ва ЕИ буни маъқулламаслигини билдирди. Тўғри, баёнотда айнан Исроил номи тилга олинмаган бўлсада, баёнот матнининг мазмун-моҳиятидан, гап яҳудий давлати ҳақидаги кетаётгани англашилади.
“Европа Иттифоқи ХЖС ва Рим статутининг мустақил ва тўлақонли фаолият юритишини ҳимоя қилиш мақсадида собит туради. Мазкур суд ва унинг мулозимларига таҳдидлар номақбул иш” дея X (собиқ Twitter)да “твит” қолдирган Петер Стано.
Стано ўз постига ХЖСнинг унга таҳдидлар ва мулозимларига босим орқали таъсир қилишга уриниш фактлари ҳақидаги баёнотини ҳам илова қилган.
Феврал ойида ХЖС прокурори Карим Хон, суд Ғазо секторида содир этилган барча жиноятларни фаол текширишда давом этаётганини билдирган эди. У бир неча марта томонларни Ғазода уруш қонунлари ва одатларига риоя этишга чақирганига қарамасдан, ҳозиргача бу борада бирор ижобий ўзгариш рўй бермаганини қайд этган.
Можаронинг сабаблари
Маълумки, шу кунларда Халқаро жиноят суди Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяҳу, Йоав Галант ва Бош штаб раҳбари Херци Ха-Левни қамоққа олиш ҳақида ордер бериш арафасида турибди.
The New York Times газетасининг маълум қилишича, ХЖС Исроил мулозимларини Ғазо секторидаги ҳарбий операция баҳонасида инсониятга қарши жиноятлар содир этишда айблашлари мумкин. Шу билан бирга, Ғазо секторига жўнатилаётган инсонпарварлик юкларини ҳудудга киритишга тўсқинлик қилаётгани ҳам жиноят сифатида кўриб чиқилмоқда.
Сўнгги пайтларда Исроилнинг Фаластин аҳолисига нисбатан ўта адолатсиз қилмишлари ва шафқатсиз хунрезликлари дунёнинг турли чеккаларидаги халқларнинг оммавий норозиликларига сабаб бўлмоқда. Кўп минг сонли намойишларга чиққан фаоллар Исроилдан фаластинликларга қарши зулми ва геноцидини тўхтатишни талаб қиляпти. Албатта Исроил ҳар доимгидек ўзи тараф бўлмаган (яъни ундан тили қисиқ бўлмаган) инсонлар ва тизимларни ҲАМАС ҳамкорлари дея айблашда давом этмоқда. Масалан АҚШнинг Колумбия университетида бошланган, бир неча кундан бери давом этаётган талабаларнинг шу каби норозилик пикетлари Исроил жиноятларига бефарқ бўлмасликка ундаяпти. Яқинда Францияда ҳам мактаб ўқувчилари шундай норозилик намойишларини бошлаганини маълум қилди. Гарчи Франция президенти бу ҳаракатларни қоралаб чиққан бўлсада, кенг аҳоли қатламлари ортиқ Исроилнинг қонли “эркалик”ларига ортиқ тоқат қила олмаслигини кўрсатиб қўймоқда.
Гарчи Исроил ҳукумати буларга жиддий эътибор бермасада, ХЖС каби халқаро ҳуқуқий тизимнинг Исроил етакчиларини Фаластиндаги инсониятга қарши жиноятлари учун ҳибсга олиш ҳақида ордер беришга тайёрланаётгани жиноятчиларни қаттиқ ташвишга солиб қўйган. Исроилнинг Maariv газетаси аноним манбаларга таянган ҳолда шу ҳақда маълум қилади.
Газетада ёзилишича, Нетаняҳу ва унинг ҳамтовоқлари ХЖС ордерини йўққа чиқариш учун жиддий киришган. Нетаняҳу бир неча бор АҚШ сенаторлари ва АҚШ Президенти Жо Байденга ҳамда бошқа Исроилга хайрихоҳ давлатларнинг раҳбарларига қўнғироқ қилиб, суд прокурорларига босим ўтказишга уриняпти. Аниқроғи ХЖС раҳбариятига қарорига таъсир қилишларини талаб қиляпти.
Экспертларнинг айтишича, Исроилнинг бундай ҳатти-ҳаракатлари халқаро ва маҳаллий қонунчилик талабларининг ўта жиддий бузилиши ҳисобланади. Axios нашрининг маълум қилишича, яҳудий давлати раҳбарлари АҚШ ва геополитик қудратга эга бошқа давлатлардан бевосита ХЖС прокурорларига босим ўтказишни сўрагани номақбул ва жиноий ҳаракат ҳисобланади. Қолаверса, ХЖС нинг маълум қилишича, суд раҳбарияти ҳамда прокурорларининг ҳаёти ва фаолиятига зарар бериш борасидаги билвосита таҳдидлар пайдо бўлган.
АҚШ таъсир қилиши мумкин
АҚШ ҳукумати вакиллари ХЖСнинг бундай ордер беришни режалаштираётгани ҳақида аниқ маълумотга эга эмаслигини таъкидлаган. Гарчи АҚШнинг Миллий хавфсизлик кенгаши вакили Байден ва Нетаняҳу ўртасидаги телефон суҳбатига изоҳ беришдан бош тортган бўлсада, Вашингтон ХЖСнинг юрисдикцияси Фаластиндаги можарога татбиқ этилмаслигини билдирган. АҚШ томонининг тахмин қилишича, Рим статутини имзолаган “айрим” давлатлар ҳамда нодавлат ташкилотлар ХЖСни Исроилга қарши қарор қабул қилишга мажбурлашмоқда.
Бундан аввалроқ эса АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Линда Томас-Гринфилд ХЖС ордери масаласига изоҳ берар экан, расмий Вашингтон ХЖС фаолиятига аралашмаслиги ва унинг қарорига таъсир қилишга уринмаслигини маълум қилган эди.
Кези келганда таъкидлаш лозим, гарчи Исроил ХЖС аъзоси бўлмасада, унинг юрисдикциясини тан олмасада, Фаластин 2015 йилда ушбу ташкилотга аъзо бўлган. Шунинг учун кўпчилик экспертларнинг фикрича, ХЖС Фаластин ҳудудида рўй берган жиноятларни, улар қайси шахс ёки давлат томонидан содир этилганидан қатъи назар, тергов қилиш ва қарор чиқариш учун тўлақонли юрисдикцияга эга.
Исроил бош вазири Нетаняҳу эса 26 апрел куни биринчи марта ХЖСнинг ордер бериши эҳтимоли ҳақида баёнот берганида, суднинг бунга “журъат қилишига йўл қўймаслиги” ҳақида таҳдид қилиб, суднинг бундай қадами “Исроилнинг ўзини мудофаа қилиш ҳуқуқига путур етказиши”ни билдирган эди.
ХЖС журъат қиладими?
Нетаньяху ва унинг гумашталарини Ғазодаги жиноятлар бўйича ҳибсга олиш учун ХЖС ордери имзоланиши вақт масаласи холос. Шу билан бирга, Исроил армиясининг Ғазо секторида давом эттираётган қилмишларидан келиб чиққан ҳолда ХЖС Исроил Мудофаа вазири Йоав Галант ва Бош штаб раҳбари Херци Ха-Левни ҳам қидирувга бериши ҳам мумкин. Лекин америкалик мулозимлар бу можарога жиддиий аралашса, сиёсий технология усуллари ёрдамида ХЖСнинг эҳтимолий қарори қабул қилинмаслиги ёки бундай ордер берилган тақдирда ҳам ушбу масала “абсурд”га айланишига муваффақ бўлиши мумкин.
Лекин ХЖС Исроил бошида турган раҳбарларни қамоққа олиш ҳақида ордер берса, бу Исроилнинг халқаро майдондаги имижи ва сиёсий обрўсига катта путур етказади, унинг бошқа давлатларга (аниқроғи ХЖСга аъзо 123 давлатга) чиқиш эҳтимолини кескин камайтиради. Чунки бу давлатлар Нетаняҳуни ҳибсга олишга мажбур бўлади.
Лекин ордер бўлган шароитда ҳам ХЖС аъзолари турли “қонуний ҳийла”лар орқали бу ордер ижросини йўққа чиқарса (худди Путинга ордер берилгач, Жанубий Африка Республикаси, Индонезия ва Арманистон Россия президентини қамоққа олмаслик йўлида “дарча излагани каби) шундай ҳам обрўсизланиб бораётган ва жаҳондаги ўткир сиёсий-ҳарбий можароларни самарали ҳал қила олмасдан ўз сиёсий ожизлигини намоён этаётган БМТ ҳамда бошқа халқаро ташкилотларнинг имижига жиддий зарба беради. ХЖС қарорларини бажармаслик ҳам мумкин, деган салбий прецедент яратилади. Бу эса ХЖСнинг ягона ҳуқуқий арбитр сифатидаги легитимлигига ўнгланмас зарба беради.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, ХЖС геноцид, ҳарбий жиноятлар, инсониятга қарши ҳамда агрессия билан боғлиқ жиноятларга алоқадор шахсларни таъқиб қилиш ваколатига эга. Агар Исроил ҳукумати мулозимларини ҳибсга олиш ҳақида бундай ордер берилса, ХЖСга аъзо мамлакатлар уларни қамоққа олишга мажбур бўлади. Зеро ХЖСга аъзо бўладиган мамлакатлар Рим статутини имзолаб, парламентда ратификация қилишгач, ХЖС ордерларини ижро этиш мажбуриятини ўз зиммаларига олишган.
Ҳозирда Канада, Австралия, деярли барча Европа ҳамда Латин Америкаси давлатлари ҳамда айрим Африка давлатлари ХЖС аъзоси ҳисобланади. АҚШ эса Рим статутини имзоласада, кейин уни қайтариб олган.
Постсовет давлатларидан Тожикистон, Арманистон ва Грузия ХЖС аъзоси ҳисобланади. Россия эса Рим статутини имзолаган, аммо ратификация қилмасдан, кейин уни қайтариб олган. Беларус, Қозоғистон ва Туркманистон, Рим статутини имзоламаган ва ратификация қилмаган. Қирғизистон ва Ўзбекистон эса статутни имзоласада, ратификация қилмаган ва табиийки, ҳозирча ХЖС аъзоси ҳисобланмайди.
Абулфайз Сайидасқаров шарҳлади.