Жиззахда "Агробанк"дан катта кредит олиб, "еб юборган" раҳбар жазоланди
Судланувчи банкдан АҚШ долларида кредит олишга эришиб, унинг эвазига сотиб олинган ашёларни пуллаб юборган.
Жиззах вилояти, жиноят ишлари бўйича Фориш тумани судида банкдан катта миқдорда кредит олиб, уни мақсадсиз ишлатиб талон-торож қилинган корхона раҳбарига ҳукм ўқилди. Суд ҳужжати Platina.uz таҳририятида мавжуд.
Маълум бўлишича, судланувчи Ф. У. "Ishim-irmog‘i" оилавий корхона раҳбари лавозимида ишлаб келиб, ноқонуний йўллар билан бойлик орттиришни кўзлаган. У гўё корхонани ривожлантириш мақсадида "Агробанк" АТБ Фориш филиали ўртасида томчилаб суғориш технологияларини жорий қилиш мақсадида 36 ой муддатга 10 фоиз устама тўлаш шарти билан 47 500 доллар кредит маблағини ажратилишига эришган.
У сўнгра, "Mir-as-Kapital" МЧЖ билан қиймати 47 500 доллар эквивалентида 500 млн. 932 минг сўмлик олди-сотди шартномасини тузишга эришган. У полиэтелин қувурлар, трубалар, шланглар ва уларнинг фитинглари, бошқа суғориш технологиялари сотиб олишга эришиб, ажратилган 33 250 доллар эквивалентидаги 349 млн. 449 минг сўмлик кредитни мақсадсиз сарфлаб, ўзига ишониб топширилган ва ихтиёрида бўлган ўзганинг жуда кўп миқдоргани мулкини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган.
Айбланувчи У. Ф. ўз жиноий ҳаракатини давом эттириб, кредит маблағидан 14 250 доллар эквивалентидаги 151 млн. 483 минг сўмлик насос филтрлари, компрессорлар, мембраналар, клёнкалар ва бошқа ашёларни терговда аниқлаш имкони бўлмаган шахсларга сотиб юборган. Шундай қилиб судланувчи жами 500 млн. 932 минг сўмлик кредит маблағларини талон-торож қилган. У бундан ташқари ноқонуний сотувдан тушган нақд маблағларни назорат-касса машиналарига киритмаган, банкка топширмаган ва савдо, хизмат кўрсатиш қоидаларини бузган.
Судланувчи Ф. У судда айбига иқрорлигини билдирди. Суд юқорида қайд этилган далилларни ишнинг ҳақиққий ҳолатига мос, ишончли ва асосли далиллар дея баҳолаган, Ф.У ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми "а" банди ва 189-моддаси 1-қисми билан тўғри квалификация қилинган дея хулоса қилди.
Якуний суд ҳукмига кўра, Ф.У. га нисбатан 2 йил 4 ой муддатга аҳлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Жиззах вилояти прокуратурасининг депозит ҳисоб рақамига тўланган жами 500 641 800 сўм пул кредит қарздорлигини қоплаш учун "Агробанк" Фориш филиали ҳисобига ўтказилиши белгиланди.