Хорижий инвесторлар кенгаши тўрт йўналишда иш олиб боради
Ялпи мажлисда қатнашган Шавкат Мирзиёев жаҳондаги беқарорлик ҳақида гапириб, "саъй-ҳаракатларни уйғунлаштириш"га чақирди.
Бугун Кўксарой қароргоҳида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Хорижий инвесторлар кенгашининг навбатдаги ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Тадбирда етакчи компания ва банклар, нуфузли халқаро ташкилотлар ва молиявий институтлар вакиллари иштирок этди.
Президент бугунги кунда жаҳон иқтисодиётида беқарорлик тобора кучайиб, энергетика, озиқ-овқат соҳалари ва экологик тизимда инқирозлар ўткир тус олаётганига эътибор қаратди. Бундай мураккаб шароитда бамаслаҳат, ўзаро кенгашиб, аниқ амалий қадамлар ташланса, кўзланган юксак марраларга албатта эришилиши таъкидланди.
Давлат раҳбари Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо хонимнинг кенгаш фаолиятидаги алоҳида ўрнини қайд этди.
Экспертлар томонидан ишлаб чиқилган Инвестициялар ва Махсус эркин зоналар тўғрисидаги қонун лойиҳалари мамлакатимизда қулай инвестиция ва бизнес муҳитини такомиллаштиришда улкан қадам бўлади.
Бундан ташқари, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти жамоаси томонидан бошланаётган инвестиция сиёсати таҳлили мамлакатимиздаги инвестиция муҳитини янада яхшилаш борасида асосий йўналишларни белгилаб олишга ва самарали механизмларни яратишга хизмат қилади.
“Ҳукумат ҳамда инвесторлар ўртасида очиқ ва самарали мулоқотнинг йўлга қўйилгани барқарор иқтисодий тараққиётнинг асосий калитидир.
Шу сабабли бугунги замон билан ҳамнафас қадам ташлаб, ўз олдимизга аниқ режаларни қўйишга ва саъй-ҳаракатларимизни янада уйғунлаштиришга чақираман”, - деди Президент.
Давлатимиз раҳбари кенгаш доирасида тўртта йўналишда ишчи гуруҳларни ташкил этиш ва уларни тўлиқ амалга оширишда фаол иштирок этишга таклиф этди.
Биринчидан, капитал бозорини ривожлантириш. Бу йўналишда хорижий инвесторларнинг талабларига тўла жавоб берадиган халқаро молия марказини ривожлантириш учун ички ва ташқи капитални кенг жалб этишга асосий эътиборни қаратиш лозимлиги таъкидланди.
Иккинчидан, масъулиятли бизнес юритиш. Бу борада иқтисодиёт барқарорлиги, шаффофлиги ва очиқлигини таъминлашга қаратилган Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг тегишли тамойилларини кенг жорий этиш долзарб вазифадир.
Учинчидан, муқобил инвестицияларни рағбатлантириш. Бунда стартап, инновацион лойиҳалар, биргаликдаги сармояларни кўпайтириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида “Венчур инвестициялар тўғрисида”ги янги қонунни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш катта аҳамиятга эга.
Тўртинчидан, инвесторлар билан ишлаш тизимини рақамлаштириш. Хорижий инвесторлар билан давлат органлари ўртасидаги барча хизматларни амалга ошириш учун мукаммал электрон платформани ишлаб чиқиш ва амалиётга кенг жорий этиш вақти келгани таъкидланди. Бу инвесторларни қийнаётган комплекс муаммоларни ўз вақтида ва тизимли ҳал этишга имкон беради.
Мажлисда кенгаш аъзолари, инвесторлар сўзга чиқиб, ўз фикр-мулоҳазалари, таклиф ва ташаббусларини билдирдилар.
Муҳокамалар якунида Президент уларнинг Ўзбекистон билан узоқ муддатли ҳамкорликни ва конструктив мулоқотни кенгайтириш борасидаги қатъий интилиш ва ниятларини юксак қадрлашини, мамлакатимизда муваффақиятли бизнес юритиши, ўзини эркин ва ишончли ҳис этиши учун барча шарт-шароитлар яратиб берилишини таъкидлади.
Айтилган барча ташаббус ва тавсиялар тўлиқ инобатга олиниши қайд этилди.
Ҳукумат аъзолари, вазирлар, Президент Администрациясининг масъул ходимларига кенгаш аъзолари билан мулоқотларни изчил давом эттириш, киритилган ҳар бир таклиф, айтилган ҳар бир лойиҳа бўйича алоҳида “йўл харитаси”ни қабул қилиш топширилди.