Британия ТИВ: Украина инглиз қуролларини Россияда қўллашга ҳақли
Дэвид Кэмрон бундан ташқари Киевга ҳар йил 3 миллиард фунт-стерлинг ёрдам ваъда қилди.
Буюк Британия ташқи ишлар вазири ва собиқ бош вазир Дэвид Кэмерон пайшанба куни Киевга ташриф буюриб, Украинага ҳар йили уч миллиард фунт стерлинг (3,74 миллиард доллар) ваъда қилди. Шунингдек у Украина Россия ҳудудида Британиядан олинган қуроллардан фойдаланиш ҳуқуқига эга эканлигини айтди.
"Биз ҳар йили керакли вақтга уч миллиард фунт стерлинг берамиз. Биз жиҳозлар ва қурол-яроғлар бўйича қўлимиздан келган ҳамма нарсани тайёрлаб қўйдик", — дея Кэмероннинг сўзларини келтиради Reuters.
Британиядан олинган маблағларни Россия ҳудудида ишлатиш масаласига келсак, бу, Кэмероннинг сўзларига кўра, украиналиклар томонидан ҳал қилинади.
"Украинада бундай ҳуқуқ бор. Россия Украина ҳудудини нишонга олмоқда ва Украина ўз мудофаасини таъминлаш зарурлигини ҳис қилаётганини тушуниш мумкин", — деди Кэмерон.
Кэмерон Киевда президент Владимир Зеленский ва Украина раҳбариятининг бошқа аъзолари билан учрашди ва хусусан, Британиядан қурол-яроғ ва ўқ-дорилар, жумладан, бомбалар, зенит-ракеталар ва 100 та мобил зенит-ракета гуруҳи учун ускуналар етказиб берилишини эълон қилди.