Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги йирик форумда нутқ сўзлади: асосий маълумотлар
Форум доирасида ҳамкорлик ривожлантириш бўйича тўртта йўналиш ўртага ташланди, йирик банклардан бири "Асакабанк" сотилиши маълум қилинди.
Президент Шавкат Мирзиёев учинчи Тошкент халқаро инвестиция форумининг ялпи мажлисида нутқ сўзлади. Президент бугунги анжуман глобал геосиёсий ва иқтисодий муаммолар авж олаётган, барқарор ривожланиш йўлида хавф ва таҳдидлар кучайиб бораётган даврга тўғри келаётганини қайд этди.
Дунё тартиботида чуқур трансформация жараёнлари кечмоқда. Товар ва хизматларни етказиб бериш занжирларидаги узилишлар, халқаро савдонинг пасайиши, инвестиция оқимларининг камайиши, иқлим офатларининг кучайиши – вазият нақадар беқарор ва заиф эканини яққол кўрсатмоқда.
Жаҳон иқтисодиётининг ўсиш суръатлари сўнгги уч йил давомида пасаймоқда. Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар билан боғлиқ тенденциялар ҳам кутилган умидларни оқламаяпти.
“Албатта, биз бугун жаҳонда инвесторлар учун мислсиз кураш кетаётганини яхши тушунамиз. Бироқ бир ўзгармас ҳақиқат тобора ойдинлашмоқда. Ҳеч бир мамлакат бу каби ўткир муаммоларни якка ҳолда ҳал эта олмайди. Ўзаро ишонч ва ҳурмат руҳи, бир-бирини қўллаб-қувватлаш тамойили узоқ муддатли ҳамкорликнинг мустаҳкам устуни бўлиб қолаверади”, - деди Президент.
Сўнгги йилларда иқтисодиётимиз қарийб икки баробар ўсди. Ўтган йил якуни бўйича бу ўсиш 6 фоизни ташкил қилди. Инфляция 9 фоизгача пасайди. Савдо айланмаси кўрсаткичлари муттасил ошмоқда. Валюта бозори ва олтин-валюта захиралари барқарорлиги сақлаб қолинмоқда.
Охирги йилларда мамлакатимизда 60 миллиард доллардан зиёд хорижий инвестициялар ўзлаштирилди. Халқаро молия институтларининг 14 миллиард доллардан ортиқ маблағлари ижтимоий ва инфратузилма соҳаларига жалб қилинди.
Энергетика соҳасида “ACWA Power”, “Masdar”, “Total Eren”, “Voltalia”, “Ҫalɩk” ва “Aksa”; кимё саноатида “Air Products”, “Indorama” ва “Камсе”, тоғ-кон ва металлургияда – “Orano” ва “DANIELI”, автомобилсозлик ва электротехника йўналишларида “BYD”, “Kia” ва “Samsung”, қурилиш соҳасида “Коҫ” ва “KNAUF” каби дунёнинг етакчи компаниялари ҳамда йирик брендлари билан 300 дан ортиқ инвестиция ва саноат лойиҳалари ишга туширилгани ва юз минглаб янги иш ўринлари яратилгани катта мамнуният билан таъкидланди.
Бугунги форум доирасида дунёнинг илғор компаниялари ҳисобланган “Linde”, “Orascom”, “DataVolt”, “Bonafarm”, “PASHA holding” ва бошқа шериклар иштирокида янги йирик лойиҳаларга старт берилади.
Мамлакатимизда тадбиркорлик ва бизнесни қўллаб-қувватлаш мақсадида қатор аниқ чоралар ишлаб чиқилган.
Эндиликда хорижий сармоядорлар акциялардан олинаётган дивидендлар бўйича солиқлардан уч йил муддатга озод этилади.
Яқинда хусусийлаштириш тўғрисидаги қонун қабул қилинди. 250 та йирик корхонанинг давлат улушини ва салкам 1000 та кўчмас мулк объектларини сотиш, 12 та корхона акцияларини фонд бозорларида бирламчи оммавий жойлаштириш (IPO) учун янги дастур ҳам ишга туширилди.
Тадбиркорлар барқарорлиги рейтинги жорий этилди. Юқори рейтингга эга тадбиркорлик субъектлари учун солиқ текширувлари ўтказилмайди.
Давлатимиз раҳбари сармоядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш мақсадида қатор аниқ таклифларни билдирди.
Биринчидан, янги таҳрирдаги “Инвестициялар тўғрисида”ги қонун қабул қилиниши таъкидланди. Ушбу ҳужжат Жаҳон савдо ташкилоти тартиб-қоидалари ва стандартларига мувофиқ ишлаб чиқилди.
Иккинчидан, тез орада мамлакатимизда Рақамли технологиялар халқаро маркази ҳузурида Халқаро тижорат суди иш бошлайди. Ушбу суд Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизимида алоҳида ўринга эга бўлади.
Учинчидан, яқин вақтда саноат зоналари тизимида мутлақо янгича ёндашувлар жорий этилади. Саноат зоналарини бошқаришда хусусий операторлар, жумладан, юқори малакали хорижий компанияларни фаол жалб қилиш амалиёти кенгайтирилади. Махсус иқтисодий зоналар фаолият муддатлари бўйича чекловлар ҳам бекор қилинади.
Хорижий сармоядорлар учун ерларни ижарага бериш муддати 25 йилдан 49 йилгача, яъни, икки баробар узайтирилади. Бунда, қонунлар билан кафолатланган амалдаги имтиёз ва преференциялар тўлиқ сақлаб қолинади.
Давлат раҳбари иқтисодиётда чуқур трансформация жараёнлари, қулай инвестиция ва бизнес муҳити ҳамда саноатда юқори қўшилган қийматни яратиш изчил давом эттирилишини таъкидлаб, ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш бўйича устувор йўналишларга алоҳида тўхталиб ўтди.
Биринчи йўналиш: “яшил” энергетика. Энергетика тармоғи самарадорлигини ошириш бутун минтақамиз учун долзарбдир. Бу борада мамлакатимизда 28 та лойиҳа устида ишлар давом эттирилмоқда.
Ўзбекистон 2030 йилгача 20 гигаваттдан ортиқ қайта тикланувчи энергия қувватларини яратиш ва энергетика балансида унинг улушини 40 фоизга етказишни мақсад қилган.
Бугун форум доирасида инвесторлар учун қўшни Қирғизистон ва Тожикистондаги гидроэлектр станцияларини биргаликда қуриш лойиҳалари тақдимоти ўтказилади. Президент ушбу йўналишда барча давлатлар етакчи компанияларини очиқ мулоқот ва амалий ҳамкорликка таклиф этди.
Иккинчи йўналиш: банк-молия соҳаси. Сўнгги йилларда мамлакатимизда кўплаб хусусий банклар очилди. Бозоримизга Европанинг етакчи банклари кириб келди. Қатор рақамли банклар ўз фаолиятини амалга оширмоқда.
Форум доирасида Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан Ўзбекистоннинг йирик банкларидан бири бўлган “Асакабанк”ни хусусийлаштириш бўйича битим имзоланди.
Учинчи йўналиш: фойдали қазилмалар. Ўзбекистон – минерал ресурслар ва муҳим металларнинг катта базасига эга мамлакатдир.
Ўтган ойда Европа Иттифоқи билан ўта муҳим хомашё соҳасида стратегик ҳамкорлик ўрнатилди. Америка Қўшма Штатлари ва Буюк Британия билан ҳам шундай битим устида иш олиб борилмоқда.
Бу борада замонавий халқаро тажриба асосида янги таҳрирдаги “Ер ости бойликлари тўғрисида”ги қонун қабул қилинади.
Тўртинчи йўналиш: мамлакатнинг IT трансформацияси. Бир йил ичида IT хизматлар ва дастурий маҳсулотлар экспорти икки баробар ошди. Келажакда бу кўрсаткични 5 миллиард долларга етказиш режа қилинган.
IT-парк резидентлари сони ўн баробар кўпаяди, келгусида 100 минг янги ишчи ўрни яратилади. Бундан ташқари, унинг базасида хорижий компаниялар учун Рақамли технологиялар халқаро маркази яратилмоқда.
Бу борада Саудия Арабистонининг “Data Volt” компанияси билан “яшил” энергия асосида ишлайдиган “Маълумотлар маркази” барпо этилаётгани таъкидланди.
“Сизларга муҳим бир фикрни етказмоқчиман: ҳар бир ташаббус, ҳар бир лойиҳангиз бўйича давлатимиз, ҳукуматимиз аъзолари сизларга елкадош бўлиб, ёнингизда туриб, уларни тўлиқ амалга оширишда яқиндан ёрдам беради.
Инвестициялар – бу мамлакатимиз трансформациясининг локомотиви ва иқтисодий тараққиётимизнинг мустаҳкам драйверидир”, - деди Президент нутқининг якунида.