Қишлоқ хўжалиги вазирлиги пиёз нархи тушиб кетгани бўйича изоҳ берди
Вазирликнинг тушунтиришича, паст қиймат омборларда ўтган йилдан бери сақланаётган пиёз ҳосилига тегишли.
Ўзбекистонда пиёз нархи кескин арзонлашгани ҳақида хабар берилганди. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мазкур хабар юзасидан изоҳ бериб ўтди.
Вазирлик хабарига кўра, бозорларда анчадан буён 1 кг пиёз (ҳудудлардан келиб чиққан ҳолда) 2500 сўмдан – 3500 сўмгача бўлган турғун нархларда сотилаётгани, деҳқон ва фермерлар томонидан сотувчиларга (улгуржи савдо) етказиб берилаётган пиёзнинг ўртача нархи 1500-2000 сўмни ташкил этиши маълум бўлди.
Маълумот ўрнида, кузда йиғиб олинадиган пиёз ҳосилдорлиги 1 гектардан ўртача 80 тоннани (Оҳангарон, Зомин, Зарбдор, Ховос каби пиёз етиштиришга ихтисослашган туманларда 100 тонна) ташкил этади. Ҳар кг пиёз етиштириш харажати ўртача 800-1000 сўмни ташкил этади.
"Бугунги кунгача сақлаш ва табиий йўқотиш (қуриш)ни ҳисобга олганда 1 кг учун 1200-1300 сўмга айланади. Шунга асосланиб, ишлаб чиқарувчи фермер сотувчиларга етказиб бериш харажатини инобатга олган ҳолда 1500-2000 сўм атрофида сотмоқда.
Ижтимоий тармоқ фаоллари айнан ушбу хабарни чиқаришда фермерлар томонидан ишлаб чиқарувчиларнинг сақлаш омборларидан савдога чиқарилаётган пиёзнинг (ўтган йилги ҳосил) нархини асос қилиб кўрсатмоқдалар" дея хулоса қилинади вазирлик изоҳида.
Эслатиб ўтамиз, East-Fruit нашри таҳлилчилари пиёз нархи рекорд даражада пасайганини, бу миқдор ўтган йили шу вақтдаги қийматдан 4,4 баробар паст эканини маълум қилганди.