platina.uz

Шавкат Мирзиёев тўрт араб давлати ТИВ раҳбарларини қабул қилди

15 апрел куни давлат раҳбари Қатар, Саудия Арабистони, Ўмон ва Қувайт ташқи ишлар вазирлари билан мулоқот қилди. 

Сиёсат
15 апрель, 17:25
Шавкат Мирзиёев тўрт араб давлати ТИВ раҳбарларини қабул қилди

Президент Шавкат Мирзиёев 15 апрель куни Қатар Давлати Бош вазири, ташқи ишлар вазири шайх Муҳаммад бин Абдураҳмон Ол Соний бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Қатар делегацияси “Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” мулоқоти мамлакатлари ташқи ишлар вазирларининг навбатдаги йиғилишида иштирок этиш учун мамлакатимизда бўлиб турибди.

Бош вазир Муҳаммад Ол Соний Ўзбекистон етакчисига Қатар Амири Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Икки томонлама ҳамкорликни, энг аввало, савдо-иқтисодиёт, инвестиция ва транспорт-коммуникация соҳаларида янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Давлатимиз раҳбари сиёсий мулоқот жадал тус олгани, ўзаро савдо ва инвестициялар ҳажми фаол ошаётганини мамнуният билан қайд этди.

Қатарнинг етакчи компаниялари иштирокида йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. Маданий-гуманитар тадбирлар ўтказилмоқда. Октябрь ойида Ўзбекистонда Қатар маданияти ҳафталиги бўлиб ўтади.

Қўшма инвестиция лойиҳаларини илгари суриш, уларни молиявий қўллаб-қувватлашнинг самарали механизмларини тезроқ яратиш муҳимлиги қайд этилди.

Трансафғон темир йўлини қуриш лойиҳасини амалга оширишни жадаллаштириш масалалари кўриб чиқилди.

Минтақавий кун тартибидаги масалалар, шу жумладан Яқин Шарқдаги вазиятнинг жиддий кескинлашаётгани юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Президент, шунингдек 15 апрель куни Марказий Осиё мамлакатлари ва Кўрфаз араб давлатлари ташқи ишлар вазирлари йиғилиши доирасида мамлакатимизда бўлиб турган Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири шаҳзода Файсал бин Фархон Ол Саудни қабул қилди.

Саудия Арабистони ташқи сиёсий идораси раҳбари Ўзбекистон етакчисига Подшоҳ Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд ва Валиаҳд, Бош вазир Муҳаммад бин Салмон Ол Сауднинг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказди.

Ўзбекистон билан Саудия Арабистони ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни ва кенг кўламли шерикликни олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш нуқтаи назаридан янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Бугунги кунда турли даражаларда фаол мулоқотлар ва делегацияларнинг ўзаро ташрифлари давом этмоқда. Ўзаро савдо ҳажми, қўшма корхоналар ва авиақатновлар сони ошиб бормоқда.

“Яшил” энергетика, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, IT ва бошқа устувор соҳаларда кооперация лойиҳалари бошланган.

Бўлажак тадбирлар, шу жумладан 2025 йилда ўтказиладиган “Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” мулоқотининг иккинчи саммитига пухта тайёргарлик кўриш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шавкат Мирзиёев 15 апрель куни “Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” форматидаги вазирлар стратегик мулоқотида иштирок этиш учун мамламкатимизга келган Ўмон Султонлиги ташқи ишлар вазири Бадр бин Ҳамад ал-Бусайдий бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Ташқи ишлар вазири давлатимиз раҳбарига Ўмон Султон Ҳайсам бин Ториқ Ол Саиднинг самимий саломи ва тилакларини етказди.

Икки мамлакат ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, энг аввало, савдо-иқтисодий ва инвестициявий соҳалардаги салоҳиятни самарали рўёбга чиқариш масалалари кўриб чиқилди.

Ўзбекистонда фаолият юритаётган қўшма инвестиция компаниясининг лойиҳалар портфелини кенгайтириш муҳим экани қайд этилди.

Банк соҳасини ривожлантириш, рақамли технологиялар, энергетика, саноат, қишлоқ хўжалиги, таълим каби устувор йўналишларда янги лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш таклиф қилинди.

Ўзаро мулоқотларни ва ҳамкорликнинг институционал механизмларини фаоллаштириш – сиёсий маслаҳатлашувлар, Ҳукуматлараро комиссия йиғилишлари, бизнес форумлари ва кўргазмаларни мунтазам ўтказиб бориш зарурлиги таъкидланди.

Минтақавий, шу жумладан 2011 йилги Ашхобод келишувлари доирасидаги ҳамкорлик масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Бундан ташқари, минтақавий кун тартибидаги бошқа масалалар, хусусан, Афғонистондаги вазият ва Фаластин муаммосини тинч йўл билан ҳал этиш юзасидан фикр алмашилди.

Шавкат Мирзиёев Кувайт Давлати ташқи ишлар вазири Абдулла ал-Яҳё бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Юқори мартабали меҳмон Ўзбекистон етакчисига Кувайт Амири шайх Мишъал ас-Сабоҳнинг самимий саломи ва тилакларини етказди.

Икки мамлакат ўртасидаги конструктив сиёсий мулоқотни давом эттириш, савдо-иқтисодий, молия-инвестициявий ва гуманитар ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Ўзаро ташрифларни фаоллаштириш, маданий ва туризм алмашинувларига оид дастурларни амалга ошириш, етакчи компаниялар иштирокида, шу жумладан Кувайт араб иқтисодий тараққиёт фонди билан яқин ҳамкорлик доирасида ҳамда Кувайт инвестиция агентлиги билан самарали шерикликни йўлга қўйиш орқали устувор тармоқлардаги инвестиция лойиҳаларини илгари суриш зарурлиги қайд этилди.

Яқин фурсатда икки томонлама сиёсий маслаҳатлашувлар, қўшма Ҳукуматлараро комиссиянинг биринчи йиғилиши ва бизнес форумини ўтказиш муҳим экани таъкидланди.

Минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+