“Овоз” лойиҳасидаги катта гонорарларга изоҳ берилди
Маданият вазирлигининг таъкидлашича, бу маблағ телелойиҳани ташкил этиш билан боғлиқ харажатларнинг 30 фоизини ташкил этади.
“Овоз” лойиҳаси иштирокчиларига тўланадиган гонорар миқдори (жами 1,9 млрд. сўмдан ортиқ) хусусидаги хабарлар юзасидан Маданият вазирлиги изоҳ бериб ўтди.
Унга кўра, The Voice of Uzbekistan телешоусини Ўзбекистонда ўтказиш бўйича лицензия (франшиза) Talent show МЧЖ томонидан 5 млрд. сўмдан ортиқроқ маблағ эвазига сотиб олинган.
Телелойиҳани тўлиқ ишга тушириш ва таклиф этилган иштирокчиларнинг устозлари, созанда ва бошқа ташкилотчиларга гонорар тўловларини тўлаб бериш мақсадида Маданият вазирлиги томонидан 2 млрд. сўм миқдорида маблағ ажратилиши режалаштирилган. Харажатлар миқдори солиқ ва бошқа йиғимларни ҳисобга олган ҳолда кўрсатиб ўтилган.
Маданият вазирлиги томонидан режалаштирилган мазкур маблағ телелойиҳани ташкил этиш билан боғлиқ харажатларнинг 30 фоизини ташкил этади.
Вазирлик ҳар доим очиқлик, шаффофлик ва сўз эркинлигини қўллаб-қувватлашини, жамоатчилик билан ўзаро мулоқотга ҳамиша тайёрлигини билдирди.