platina.uz

Нега террорчилар орасида тожиклар кўпаймоқда?

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмонга мухолифат вакилларининг айтишича, жангариларнинг кўпайиши ва радикаллашувига асосий сабаб – меҳнат миграцияси ҳисобланади.

Жаҳон
25 март, 15:22
Нега террорчилар орасида тожиклар кўпаймоқда?

АҚШнинг Al-Monitor нашри ёзишича, ИШИД бутун дунё бўйлаб амалга ошираётган террорчилик хуружлари учун тожиклардан фаол фойдаланмоқда.

Нашрнинг таъкидлашича, “охирги 2,5 йил ичида ИШИД Афғонистон, Эрон ва Туркияда уюштирган деярли барча терактларда Тожикистон фуқароларидан фаол фойдаланган”. Яқин Шарқдаги террорчи жангарилардан фарқли ўлароқ, тожик террорчилари Туркия махсус хизматлари диққат доирасидан четга қолмоқда.

Террор жўғрофияси жуда кенг

Туркия Ички ишлар вазири Али Ерликаянинг баёнотига кўра, шу йилнинг 28 январида Истанбулнинг Сариер туманидаги Санта Мария Католик черковида содир бўлган портлашда гумон қилинаётганлар ҳам РФ ва Тожикистон фуқароларидир. Қайд этиш жоиз, бу портлаш учун жавобгарликни ҳам ИШИД ўз зиммасига олганди.

Бу аянчли вазиятни Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ҳам тан олган. Президент тожик фаоллари ва диний арбоблари ҳузурида сўзлаган нутқида келтиришича, “охирги 3 йил ичида дунёнинг 10 та давлатида рўй берган террорчилик актлари 24 нафар тожик фуқаролари томонидан амалга оширилган”. Раҳмоннинг айтишича, охирги 10 йил ичида Тожикистонда экстремизм ва терроризм билан боғлиқ 6680 та жиноят аниқланган.

Шунингдек, Эроннинг Fars News ахборот агентлиги Эрон Разведка вазирлигига таяниб маълумот беришича, жорий йилнинг 3 январида Эроннинг Кармана шаҳри жануби ғарбида уюштирилган террорчилик актининг ижрочилари ҳам Тожикистон фуқаролари бўлишган.

Хусусан, “Абдулло тожик” лақабли террорчи 19 декабр куни Эронга ноқонуний кириб олган ва шерикларига бомбалар ясаб бериб, портлашлардан 2 кун аввал Эронни хуфёна тарк этган.

Шунингдек, Европада тайёрланган кўплаб терактларда - Германия ва Нидерландияда ҳам “тожик изи” аниқланган.

Масалан, Европа махсус хизматларининг маълум қилишича, Германиядаги машҳур Кёлн соборини портлатишга уринишда ҳам тожик террорчилари гумон қилинган. Жумладан, 30 ёшли тожик миллатига мансуб эркак Муҳаммад Ражабнинг исми ҳужжатларда тилга олинган.

Ўтган йили апрел ойида ҳам Москва ва Новосибирскда терактларни тайёрлашга раҳбарлик қилган, ИШИДнинг Россиядаги етакчиси бўлмиш тожик фуқароси (айрим маълумотларга кўра Тожиддин Назаров, ИШИДдаги лақаби - Абу Усома Норакий) умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.

Энг даҳшатлиси, Москва яқинидаги «Крокус Сити Холл»да уюштирилган ваҳшиёна терактда гумонланиб қўлга олинган 6 террорчининг 4 нафари) Тожикистон фуқаролари экани тасдиқланди.

Сабаблар нимада?

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмонга мухолифат вакилларининг айтишича, тожик террорчи жангариларининг кўпайиши ва радикаллашувига асосий сабаб – меҳнат миграцияси ҳисобланади. Тожик мигрантларини асосий қабул қилувчи давлат эса Россия. Бу ерда, турли маълумотларга кўра, 1,5 - 2,5 млн. тожик фуқаролари меҳнат қилишади. Уларнинг кўпчилиги рус фуқаролигини ҳам олишган. Биргина ўтган йилда 174.000 тожиклар Россия паспортини олишган.

Айрим экспертларнинг маълум қилишича, Тожикистондаги коррупция ва қашшоқлик ҳам тожикларни даромад топиш учун турли шубҳали йўлларга киришга мажбур қилмоқда.

Террорчиликка қарши кураш бўйича эксперт Рустам Азизийнинг «Азия-Плюс» нашрига берган интервьюсида айтишича, тожиклар тили ўхшаш бўлгани учун Эрон ва Афғонистондаги террорчи гуруҳларга эргашиб кетиши осон кечмоқда. Қолаверса, ИШИД Эрон ёки Афғонистонга худкуш террорчи жўнатиш учун кимгадир тил ўргатиб, тайёрлаганидан кўра, “тайёр” форсийзабон тожик жангарини юбориши осонроқ ва камхаражатроқ кечади.

Рустам Азизийнинг айтишича, тожиклар ИШИД ва бошқа террорчи гуруҳлар таркибида асосан қуйи поғоналарда хизмат қилишади - ИШИД раҳбарияти орасида тожиклар деярли йўқ. Тўғри, Афғонистондаги ИШИД филиали – “Ансоруллоҳ” террорчилик гуруҳи асосан тожик фуқароларидан иборат бўлсада, улар кўпи билан 150 киши холос.

Азизий тожик мухолифатининг иддаоси – меҳнат миграциясининг кучайиши тожикларни террорга ундаяпти деган талқинни тасдиқламайди. Экспертнинг айтишича, тожикларни террорчиликка ундаётган омиллар – асосан иқтисодий тусга эга. Бироқ суицид ва девиант хулқ атвордаги, яъни шунчаки жиноятга мойил, шунингдек, ғоявий диний мотивлар асосида террорчи гуруҳларга қўшилаётган тожиклар ҳам катта улушга эга.

Шунингдек, Азизийнинг фикрига кўра, миллий идентификацияси мураккаб, яъни “руслашган” тожиклар орасида ҳам радикаллашув эҳтимоли кучли. Яъни улар “мана мен ҳақиқий тожикман” дея ўзини намоён қилиш учун радикаллашиб, турли террорчи гуруҳларга эргашиб кетишади.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+