Тадқиқот: яқин ўн йилликларда жаҳон аҳолиси камая бошлайди
Сўнгги бор ўрта асрлардаги "Қора ўлим" пандемияси натижасида дунё аҳолиси 400 миллиондан 350 миллион кишига, Европа аҳолиси эса тахминан учдан бирига қисқарганди.
Туғилишнинг кескин пасайиши туфайли яқин ўн йилликларда дунё аҳолиси камайишни бошлайди – бу "Қора ўлим"дан (14-асрдаги вабо пандемияси) буён биринчи марта содир бўлади, деб ёзади The Telegraph Lancet журналидаги тадқиқотга асосланиб.
Газетанинг эслатишича, "Қора ўлим" натижасида дунё аҳолиси 400 миллиондан 350 миллион кишига, Европа аҳолиси эса тахминан учдан бирига қисқарган. Энди аҳоли сони тарихда биринчи марта пандемиялар билан боғлиқ бўлмаган табиий сабабларга кўра камайишни бошлайди.
Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, "умумий туғилиш коэффициенти" деб номланувчи аҳоли ўсишини сақлаб қолиш учун бир аёл ўртача 2,1 бола кўриши керак, бу кўрсаткич 2021 йилга келиб бутун дунё бўйлаб 2,23 га тушди. Таққослаш учун бу миқдор 1950 йилда у 4,84ни ташкил этарди.
Олимлар дунё бўйлаб туғилиш даражаси 2050 йилда 1,83 га, 2100 йилга келиб эса 1,59 га тушишини кутмоқда. Бу шуни англатадики, 2050 йилда 204 та давлатдан 155 тасида туғилиш даражаси аҳоли сонини сақлаб қолиш учун зарур бўлганидан паст бўлади. 2100 йилга келиб, бундай мамлакатлар сони 198 тага етади.
Тадқиқот ҳаммуаллифи ва Вашингтон университети қошидаги Соғлиқни сақлаш ўлчовлари ва баҳолаш институтининг етакчи тадқиқотчиси Наталя Бҳаттачаржининг таъкидлашича, туғилиш кўрсаткичларининг пасайиши “жаҳон иқтисодиёти ва халқаро кучлар мувозанатини бутунлай ўзгартиради ва соғлиқни сақлаш тизимини қайта ташкил этишни талаб қилади.
Оксфорд университетининг Аҳолишунослик департаменти директори, профессор Мелинда Миллснинг айтишича, аҳолининг қисқариши ва қариши жамиятни "озиқ-овқат хавфсизлиги ва миграция тартибига таъсиридан тортиб, мамлакатлар инфратузилмасига қадар" тайёр бўлишни ва қайта ташкил этишни талаб қилади. "Аҳолининг таркиби мактаблар, уй-жой, транспорт, уй-жой, соғлиқни сақлаш ва пенсиялар каби инфратузилмага, шунингдек, маданий ва овоз бериш ўзгаришларига таъсир қилади", дея қўшимча қилди у.
БМТ маълумотларига кўра, дунё аҳолиси биринчи марта 2022 йилнинг ноябрида 8 миллиарддан ошди. Сайёра аҳолиси 12 йил ичида 1 миллиардга ошган. Прогнозларга кўра, инсоният 2030 йилга бориб 8,5 миллиардга, 2080 йилга бориб эса энг юқори чўққи – 10,4 миллиардга этади.
Охирги 200 йил ичида дунё аҳолиси 8 бараварга ошган. Масалан, агар 1900 йилларнинг бошларида сайёрамизда бор-йўғи 1,6 миллиард одам бўлган бўлса, 2000 йилларнинг бошларида аллақачон 6 миллиард, 2011 йилда эса 7 миллиардга етган. Бундай тез ўсиш тиббиётнинг ривожланиши, санитария соҳасида, ичимлик сувидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, кенг эмлаш қамровидаги эришилган ютуқлар билан изоҳланадb.
БМТ таъкидлаганидек, аҳоли сонининг доимий ўсишига қарамай, унинг ўсиш суръати сўнгги пайтларда секинлашди. 60 дан ортиқ мамлакатларда 2022-2050 йиллар оралиғида "туғилишнинг доимий пастлиги ва айрим ҳолларда эмиграция кўрсаткичларининг ошиши" туфайли аҳоли сони 1 фоизга ёки ундан кўпроққа қисқариши кутилмоқда.
Шу билан бирга, ташкилот 2050 йилгача прогноз қилинаётган дунё аҳолисининг ўсишининг ярмидан кўпи саккизта давлат – Конго Демократик Республикаси, Миср, Эфиопия, Ҳиндистон, Нигерия, Покистон, Филиппин ва Танзанияда тўпланишини таъкидлади.