Истеъмолчилар федерацияси раиси фирибгарликда айбланиб судланди
У ёрдамчиси орқали федерация ҳайдовчисининг пластик картасига 1.000.000 сўм миқдоридаги пулларни ўтказдиришга эришган.
Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси Жаҳонгир Саримсоқов фирибгарликда айбланиб судланди.
Мазкур иш юзасидан Тошкент шаҳар суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг ҳукми Platina.uzда мавжуд. Ҳужжатга кўра, Саримсоқов Жиноят кодексининг 168-моддаси 3 қисми "б" банди билан судланган.
Малум бўлишича, 2021 йилда Жаҳонгир Саримсоқов Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Федерацияси раиси лавозимида ишлаб келиб, мансаб мавқеидан фойдаланиб, федерация тузилмаси таркибидаги Қорақалпоғистон Республикаси истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Федерацияси раиси Урумбаев Ахмет Нагметовичдан федерациянинг янги таҳрирдаги уставини Адлия вазирлигидан қайта рўйхатдан ўтказиш учун пул беришни талаб қилган.
У Федерация раиси ёрдамчиси М.Набиев орқали федерация ҳайдовчиси И.Шоакбаровнинг пластик картасига 1.000.000 сўм миқдоридаги пулларни ўтказдиришга эришиб, сўнгра мансаб ваколатидан четга чиқиб, ўзбошимчалик билан қўлга киритилган мазкур пул маблағларига 2 донадан чопон, дўппи ва белбоғ сотиб олиб, уларни совға сифатида қурилиш ташкилоти ходимларига бериб юборганлиги натижасида А.Урумбаевнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларига жиддий зиён етказган.
Жаҳонгир Саримсоқов томонидан келтирилган апелляция шикоятида унинг ҳаракатларида жиноят таркиби йўқлиги ва жиноий ходиса юз бермаганлиги сабабли, суд ҳукмини бекор қилиб, ЖПКнинг 83-моддаси 1, 2-бандларига асосан оқлов ҳукми чиқариш сўралган.
2022 йилда суд мазкур иш юзасидан Саримсоқов Жаҳонгир Тошпулотовични Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми “в” банди билан айбдор деб топган унга нисбатан юритилган иш ҳужжатлари ЖКнинг 70-моддасига асосан тугатилиб, жазодан озод қилинган. Якунда судланувчидан жабрланувчи фойдасига етказилган зарар суммаси ундиришни белгилаган.
Эслатиб ўтамиз, айни дамда ҳам Саримсоқов федерация раиси лавозимида ишлашда давом этмоқда. У 2016 йилда раҳбарликка келганди.