Навоийда асаларичиликка ихтисослашган маҳаллада нима гап?
Президент маслаҳатчиси Қаҳрамон Сариев бошчилигидаги ишчи гуруҳ вакиллари Қизилтепада бўлди.
Шу кунларда Президент топшириғига асосан олиб борилаётган ишлар ҳолатини ўрганиш, ташкилий чора-тадбирларга кўмаклашиш мақсадида Республика ишчи гуруҳи Навоий вилоятида бўлиб турибди.
Жумладан, Президент маслаҳатчиси ўринбосари Қаҳрамон Сариев бошчилигидаги Халқ қабулхонаси, вазирлик ва идора масъулларидан иборат ишчи гуруҳ вакиллари Қизилтепа туманидаги асалaричиликка ихтисослаштирилган Тавоис маҳалласида бўлди.
Маҳаллага ташриф жараёнида маҳалла билан танишилиб, маҳалла еттилиги билан суҳбатлашилди. Ҳозир маҳалладаги 814 та хонадонда 4114 нафар аҳоли истиқомат қилиб, уларнинг 2070 нафарини хотин-қизлар, 30 ёшгача бўлганлар 1192 нафарни ташкил этади. Боқувчисини йўқотган оилалар 47 нафар, ёлғиз кексалар 3 нафар ва кам таъминланган оилалар 162 нафардан иборат.
Қаҳрамон Сариев ушбу маҳаллада истиқомат қилаётган асаларичилар билан учрашиб, уларнинг муаммо ва таклифларини тинглади. Таъкидлаш ўринлики, бугунги кунда маҳаллада 35 нафардан зиёд асаларичи бор.
– Маҳаллада асаларичилик билан шуғулланиб келаман, – дейди Иноят Саидов. – Йилига 5-6 тоннагача асал оламан. Маҳаллий бозорга сотаман. Кўплаб мижозларим уйдан олиб кетишади. Ўғлим Мирзоҳид ҳам асаларичиликка қизиқади. Келгусида асалари оилаларини янада кўпайтириб, халқимизга сифатли ва шифобахш асал маҳсулоти етказиб бериш ниятидамиз.
Мамлакатимизда авлоддан-авлодга ўтиб келаётган миллий қадрият – ҳашар тадбирлари халқимиз орасида бирдамлик, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликни янада кучайтиришга хизмат қилмоқда. Xусусан, ҳашар йўли билан тумандаги Маликобод маҳалласида “Маҳалламга 10 туп дарахт – менинг туҳфам” шиори остида иқлим шароитига мос дарахт кўчатлари экилмоқда. Маҳалла ҳудудида барпо этилган боғлар, уларни суғориш тизими билан яқиндан танишган Қаҳрамон Сариев ҳам кўчат экиш тадбирида иштирок этди.
– Маликобод маҳалласи ҳудудида 2023 йил куз мавсумида жами 32 минг дона манзарали кўчат экилиб, 24 гектар ер майдонида “Яшил боғ” ташкил этилган эди, – дейди туман Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бўлими бошлиғи Файзулло Аллаёров. – Боғда тўлиқ томчилатиб суғориш тизими жорий этилган. Жорий йилнинг баҳор мавсумида мазкур маҳалла ҳудудидан яна 20 гектар ер майдонида “Яшил боғ” ташкил этиш режалаштирилган бўлиб, бугунги кунга қадар жами 15 минг дона, шундан 11,5 минг дона қайрағоч, 2 минг дона акация ва 1,5 минг дона заранг кўчатлари экилди ҳамда томчилатиб суғориш ишлари амалга оширилмоқда.
Кўчат экиш жараёнида Ишчи гуруҳи аъзолари мутахассислар иштирокида маҳаллада сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, томчилатиб суғориш тизимининг муҳим жиҳатлари тўғрисида ўзаро фикр алмашди.
Ишчи гуруҳи аъзолари туманда “Обод хонадон– обод кўча–обод маҳалла” мезонлари доирасида амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида Сўфиён маҳалласида бўлди. Тегишли масъуллар билан суҳбатлашиб, уларнинг таклифлари ва ҳисоботлари тингланди.
Республика ишчи гуруҳ ўз фаолиятини давом эттирмоқда.