platina.uz

Шавкат Мирзиёев Сайхунободда раҳбарларни кескин танқид қилди

Туманда тадбиркорликни ривожлантиришда банкларнинг ўрни сезилмаётгани қайд этилди, хусусий секторда расмий иш ўрни бор-йўғи 968 тага кўпайган.

Иқтисод
14 март, 14:42
Шавкат Мирзиёев Сайхунободда раҳбарларни кескин танқид қилди

Сирдарё вилояти Сайхунобод туманида йиғилиш ўтказаётган президент Шавкат Мирзиёев маҳаллий раҳбарларни жиддий танқид қилди.

Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари, Сайхунобод тумани ҳокими ва унинг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилиб, ўрнига замонавий раҳбарлар қўйилди.

Бугунги йиғилиш 14 та ҳудуд, 208 та туман ва шаҳар ҳокимлари, уларни ўринбосарлари, банклар, “маҳалла еттилиги” учун сабоқ бўлиши таъкидланди.

Давлат раҳбари тумандаги муаммоларни санаб, уларнинг ечимларини белгилаб берди.

Энг аввало, туманда тадбиркорликни ривожлантиришда банкларнинг ўрни сезилмаётгани қайд этилди. Ваҳоланки, давлат уларга катта ресурслар ажратмоқда.

Ўтган йили маҳалладаги тадбиркорлик учун Сайхунободга 120 миллиард сўм берилган. Туман тадбиркорлари ўтган йил солиқдан 85 миллиард сўмлик имтиёз олган.

Лекин бу маблағлар иш ўринларига айланмаётгани, камбағалликни қисқартиришга таъсири сезилмаётгани кўрсатиб ўтилди.

Хусусий секторда яратилган расмий иш ўрни бор-йўғи 968 тага кўпайган.

Яъни, банклар фақат қайтимни ўйлаб, осон йўл билан ресурсларни доимий мижозига бераяпти. “Мен ҳам тадбиркор бўлай, маҳаллада иш ўрни яратай”, деган оддий одамлар четда қолиб кетаяпти. Уларга тайёр лойиҳа пакетлари берилмаяпти.

Сайхунободда 2023 йилда ишлаб чиқариш ҳажми деярли ўсмаган.

Мутасаддилар корхоналарга айланма учун пул бериб, маҳсулотни кўпайтиришга эътиборсиз бўлгани қайд этилди.

Бугунги кунда туманда 1 миллион сўмлик маҳсулот яратиш учун ўртача 126 киловатт-соат электр сарфланаяпти. Бу – вилоятни қолган туманларидан 2 карра кўп.

Сабаби – 19 та маҳалладан 16 тасида юқори қўшилган қиймат яратадиган бирорта ишлаб чиқариш йўқ.

Ваҳоланки, тумандаги тайёр инфратузилмаси бор 16 та бино ва иншоот қимматлиги учун бир йилдан буён сотилмай ташландиқ ётибди. Яна узоқ йиллардан бери бўш турган 5 та объект аукционга чиқарилмаган.

Тумандаги бирорта маҳаллада хом ашёни етказиш, борини қайта ишлаш, одамларни маҳсулот ишлаб чиқаришга ўргатиш ва кооперация қилиш бўйича тайинли иш олиб борилмаётгани кўрсатиб ўтилди.

Бу борада маҳаллий саноатга масъул 13 та уюшма Сайхунободга 2023 йилда бирор марта келмаган. Бу йил учун ҳам режа қилмаган.

Туманни энг катта захираси ҳам, имконияти ҳам – ер. Масалан, Сайхунобод – аҳоли томорқаси 20 сотихдан ортиқ бўлган 26 та тумандан бири. Лекин бунинг 10 фоизи ишлатиляпти, асосий экин – беда билан макка бўлиб қолган.

Президент айтилган муаммоларнинг ечимларини белгилаб берди.

Энг аввало, Сайхунободда 17 мингта хонадонда томорқани ишга солиш, кичик саноат ва хизматларни йўлга қўйиш орқали, аҳолини даромадли қилиш вазифаси қўйилди.

Масъуллар 19 та маҳалла ва 794 та кўчани номма-ном бўлиб олиб, бу йил тадбиркорлик учун бериладиган 200 миллиард сўм ҳисобидан уларни ҳар бирига техник иқтисодий асос ишлаб чиқади.

Бунда, маҳаллани “драйвер” йўналишидан келиб чиқиб, тумандаги 17 мингта хонадон кесимида томорқада қанча, саноатда қанча, савдо ва хизматларда қанча аҳоли банд бўлиши аниқ кўрсатилади.

Сайхунободда илк бор янги тажриба қилиниб, 19 та маҳаллани ҳар бирига 1 тадан мини трактор, 4 тадан мото-культиватор олиб берилди.

Эндиликда ҳар бир маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси “1 сотих томорқадан камида 1-2 миллион сўм даромад” деган мезон асосида аҳоли учун бизнес режа ишлаб чиқади. Маҳалладаги агрономлар билан бирга олиб берилган техникалар ҳисобидан томорқа ерларини ҳайдаш ва экин экиш хизматларини кўрсатади.

Сайхунобод тажрибаси бутун республикада оммалаштиради.

Сайхунободда саноат усулида йилига атиги 60 минг парранда етиштирилмоқда. Бу – вилоят кўрсаткичини 1 фоизига ҳам етмайди.

Шу боис, туманда 4 та йирик паррандачилик фермаси ишга туширилади ва 2 минг хонадон билан кооперация йўлга қўйилади.

Парранда корхоналари 2 мингта хонадонга 500 тадан 2 мингтагача жўжа тарқатиб, хонадонда саноат усулида йилига ўртача 6 марта маҳсулот олишни ташкил қилади. Улар озуқани ҳам ўзи етказади, боқишни ҳам ўргатади, парваришига ҳам кўмаклашади.

Натижада хонадонларда йилига 10 миллион парранда боқилиб, шуни ўзидан туманда йилига қўшимча 22 минг тонна парранда гўшти етиштирилади.

Туманда кунига ўртача 300 тонна сут олиниб, аҳоли томонидан бошқа туманларга бориб сотилаяпти.

Шу муносабат билан Хоразм тажрибаси асосида “Синтоб”, “Пахтаобод”, “Олға бос”, “Дўстлик” маҳаллаларида сутни йиғиш шохобчаларини ишга тушириш муҳимлиги қайд этилди.

Шунингдек, “Олға бос” маҳалласида кунига 3-4 тонна сутни қайта ишлаш цехи фойдаланишга топширилади.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+