platina.uz

Кўз нурларингизни экран нурларига алмаштирманг: олимлардан ўнта муҳим тавсия

Чорак асрдан сўнг дунё бўйлаб тахминан 895 миллион одам кўриш қобилияти пасайишидан азият чекади. Бу ўтган 30 йил ичидаги ўзгаришдан 150 баравар юқори деганидир.

Жамият
29 февраль, 21:05
Кўз нурларингизни экран нурларига алмаштирманг: олимлардан ўнта муҳим тавсия

“The Lancet” (жамоат саломатлиги ва глобал соғлиқни сақлаш тадқиқотчиларининг дунёдаги етакчи манбаси) ҳисоботларига кўра, 2050 йилга келиб бутун дунё бўйлаб тахминан 895 миллион одамда кўриш қобилияти пасайишидан азият чекади. Бу ўтган 30 йил ичидаги ўзгаришдан 150 баравар юқори дегани. Тахминан 65 ёшдан кейин 90% инсонда катарактда юзага келиб, 75-85 ёшлилар катаракта оқибатида қисман кўриш қобилиятини йўқотади. 80 ёшга келиб ҳар 8тдан 1 та одамда глауcома ривожланади. Буларнинг асосий сабаби қилиб, ҳозирги кунда одамларнинг гаджетларга “ёпишиб” қолганини кўрсатса бўлади. Аммо шундай бўлса ҳам қуйидаги кўрсатмалар ёрдамида бу муаммоларни бартараф қилиш ёки вақтида олдини олиш мумкин:

1. Ультрабинафша нурларига қарши кўзойнак тақинг.

Инсон териси ультрабинафша нурланишининг ягона қурбони эмас. Ушбу кўринмас нурлар кўз катарактасига дучор бўлиш эҳтимолини оширади. “УБдан 100 фоиз ҳимоя” ёки “УБ 400дан 100 фоиз ҳимоя” деган ёрлиқли қуёшдан сақлайдиган кўзойнакларни тақиб юриш тавсия қилинади.

Бундай кўзойнакларни танлашда эҳтиёт бўлиш лозим. Чунки Ню-Йорк шаҳрида яшовчи оптометрист Андреа Тау: "УБ нурларини тўғри фильтрламайдиган қора линзалар умуман қуёшдан ҳимоя бўлмаганидан ҳам ёмонроқдир", дейди. Қора линза таъсирида кўз қорачиғи кенгаяди ва кўз янаям кўпроқ ультрабинафша нурланишига дучор бўлади.

2. Тўғри овқатланишга эътибор беринг!

Сабзи истеъмол қилиш энг самарали усуллардан бири, аммо тўқ яшил баргли клечаткага бой бўлган сабзавотлар (исмалоқ, карам, кўкатлар) лутеин ва зеакцантин каби антиоксидантларга бой экани билан кўришни ҳимоя қилувчи кучдир.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу озиқ моддалари юқори энергияли нурни тўсиб қўяди, бу эса ретинал ҳужайраларга зарар етказади ва кўришни ҳимоя қилишга ёрдам бериб, ёшга боғлиқ кўз касалликлари ривожланишини олдини олади. Тухум лутеин ва зеакцантиннинг яна бир ажойиб манбаидир. Сабзи, картошка, сариёг ', қовоқ ва қизил булғор қалампири билан тарелкангизга кўпроқ ранг қўшинг. Апельсин ва қизил сабзавотлар ҳам бета-каратинга бой бўлиб, организм яхши кўриш учун зарур бўлган А витаминини ишлаб чиқаради.

Бундан ташқари, Денгиз маҳсулотлари: қизил икра, оркинос ва сардаля балиқларида мавжуд бўлган омега-3 ёғ кислоталари ёғ ишлаб чиқаришни кўпайтириши ва қуруқ кўзнинг олдини олишга ёрдам бериши ҳақида фактлар мавжуд. Ёнғоқ, дуккакли маҳсулотлар ҳам овқатланиш рационингизда бўлиши нур устига аъло нур.
Агар сизнинг кундалик ликопчангизда асосий витаминлар ёки озуқа моддалари етишмаётган бўлса ёки сизда танқислик аниқланган бўлса, шифокорингиздан қўшимчалар қўшиш ҳақида сўранг.

3.Бадантарбия

Диққат, дангасалар, эътибор беринг. Офталмология журналида чоп этилган Швеция тадқиқоти 45 ёшдан 83 ёшгача бўлган 52 660 нафар иштирокчида жисмоний фаолиятнинг муайян турлари, жумладан, юриш ва ёшга боғлиқ катаракта хавфини камайтириш ўртасидаги боғлиқликни ўрганиб чиқди. Бу тадқиқот натижаларидан келиб чиқиб, кўз касалликлари омма орасида ҳаракатсизлик даражаси ортиб бораётгани билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини айтишди. Яна бир Лос-Анжелес Калифорния университети тадқиқотига кўра, тез-тез юриб туриш ҳам глаукома билан касалланиш хавфини камайтириши мумкин, бунда инсонлар орасидаги энг фаоллар қолганларга қараганда 73 фоизга камроқ касалликларга дучор бўлишаркан.

Бунда фойда фақат бир тарафли эмас. Жисмоний машқлар 2-тоифа диабет, юрак хасталиги ва юқори қон босими ривожланиш хавфини камайтиради, буларнинг барчаси катарактани олдини олишга ёрдам беради. Кўриш қобилиятини кучайтирувчи эффектга эришиш учун сиз кўп тер тўкишингиз шарт эмас: ҳафтада камида тўрт марта 20 дақиқалик юриш анча самарали бўлади.

4. Уйқу соатини тўғирланг!

Ҳа, ташқи томондан, қизарган кўзлар ва шишган қовоқлар кўзни узоқ вақт юммасликнинг ёқимсиз оқибатлари бўлиши мумкин, аммо етарлича дам олмаслик кўз ички соғлиғига ҳам путур етказади. Уйқу- суюқлик айланиб юрадиган, кўзларингизни намлайдиган ва кейинги кун учун тетиклаштирадиган вақт. Кечаси беш соатдан камроқ ухланса, кўз атрофидаги мушаклар етарли даражада дам олмаганида пайдо бўладиган ёруғликка сезгирлик ва хира кўришдан тортиб қуруқ кўз ва беихтиёр буришишлар (миокимия деб аталади)гача бўлган ножўя таъсирларни келтириб чиқариши мумкин.

5.Кўзингизга дам беринг

Агар сиз компьютер экранига кўп тикилаётган бўлсангиз ёки диққатни жамлашни талаб қиладиган бошқа вазифани бажараётган бўлсангиз, кўзингизга дам бериш учун тез-тез танаффус қилинг. 20-20-20 қоидасини синаб кўринг: ҳар 20 дақиқада экрандан узоқроққа назар ташланг, камида 20 сония давомида 20 фут масофадаги нарсага диққатингизни қаратинг. Юқори ва пастки қовоқларингиз бир-бирига тегиб турганига ишонч ҳосил қилинг. Бу кўзларингиз юзасини намловчи янги кўз ёшлар қатламини ёйишга ёрдам беради.

Ҳаддан ташқари ёруғлик кўзларни зўриқтириши мумкин, бу эса монитордаги нарсаларни кўришни қийинлаштиради. Тепадаги ёруғликнинг бир қисмини ўчириш ёки экранга порлашга қарши қоплама қўйишни ўйлаб кўринг. Экранни бир қўл узунлигида узоқроқ тутинг ва унинг тўғри баландликда эканлигига ишонч ҳосил қилинг. Монитор юқори қисми кўз даражасида бўлганда у тоғри баландликда турган бўлади.

6.Кўз гигиенасига амал қилинг

Қанчалик чарчаган бўлсангиз ҳам, эрталаб кўзда ёқимсиз қичишиш хусусияти пайдо бўлишининг олдини олиш учун ётишдан олдин кўзда бўёқлар бўлса, тозалаш керак. Макяж ёғ безларини ёпиб қўяди ва улар тиқилиб қолса, ёғ ишлаб чиқармайди. Кўз ёшлари буғланади ва бу ҳам қуруқ кўзлар ва яллиғланишни келтириб чиқаради. Кун давомида қовоқлар атрофида тўпланган қолдиқларни йўқотиш учун илиқ сув билан суюлтирилган косметик гель ёки болалар шампуни билан қовоқларингизни тозаланг ва юмшоқ массаж қилинг.
Ундан ташқари макияжингиз узоқ вақт давомида қолишига йўл қўйманг. Консервантлар парчаланиб бактериялар ўсишига имкон беради – кўз ичидан тирналиш ёки хавфли инфекция тушишига олиб келади. Кўпгина косметика воситаларининг яроқлилик муддати ёки очилгандан кейинги давр (ПАО) белгиси мавжуд бўлиб, у маҳсулот очилгандан кейин қанча вақт давомида фойдаланиш хавфсиз эканлигини кўрсатади. Аммо унутмангки, маҳсулот шу санага етгунча ҳам ёмонлашиши мумкин. Агар формулада бирор нарса ўзгаргандек бўлиб туюлса - айтайлик, олдингидан бошқача ҳид ёки ранг ўзгариши - уни дарҳол ташлаб юборинг.
Контакт линзалари тақувчилар айниқса, уларни сақлашда эҳтиёт бўлишлари керак. Кирли линзалар кўз инфекциясини келтириб чиқариши мумкин, шунинг учун уларни кечаси тозаланг, сўнгра уларни кўзларга киритишдан олдин стерил физиологик эритма билан ювинг. Яна бундай линзалар билан ишлашдан олдин қўлларингизни яхшилаб ювиш ва қуритишни унутманг. Контакт линзалари қутиси ҳар уч ойда бир марта алмаштирилиши керак.

7. Мунтазам равишда шифокор кўригидан ўтинг!

Ҳар икки йилда бир марта умумий кўз текширувидан ўтиш зарур. Агар сизнинг оилангизда кўз касаллиги, айниқса глаукома бўлса, йилига бир марта кўзни текширишингиз тавсия қилинади.
Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, катталарнинг деярли 70 фоизи бирламчи тиббий ёрдам шифокори ёки оилавий тиббиёт шифокорига мунтазам равишда мурожаат қилсалар ҳам, сўралганларнинг атиги 52 фоизи мунтазам равишда кўзни парвариш қилиш бўйича мутахассисга мурожаат қилишади. Бу муаммоли, чунки катаракта, диабетик ретинопатия, глаукома ва макула дегенерацияси каби ёшга боғлиқ кўз касалликлари эрта ташхис қўйилса ва даволанса, кўпроқ натижа беради.

Офталмолог ёки оптометрист кўригига бориб кўз объективини, тўр пардасини ва оптик нервни яқиндан текшириш орқали кўплаб тизимли касалликларни аниқлаши мумкин - юқори қон босими, диабет ва бошқалар.

8. Йиғлаб туриш ҳам зарар қилмайди

Кўз ёшлари кўзларни намлайди, соғлом сақлайди ва кўриш кристалли тиниқ бўлишига ёрдам беради. Маълумот учун, 50 ёшдан кейин кўз ёши ишлаб чиқариш камаяди ёки улар ишлаб чиқарадиган кўз ёшлари таркиби сифатсиз ва жуда тез буғланишга мойил бўлади. Баъзи тиббий шароитлар (масалан, ревматоид артрит ва диабет) ва баъзи дорилар (жумладан, антигистаминлар ва қон босими дорилари) кўзлар қуриб кетишига сабаб бўлиши мумкин. Эътибор берганмисиз баъзида кўзларингизда қичишиш, қизариш ёки ачишиш ҳисси пайдо бўлиши мумкин – бунда қорачиқларингиз кўз Ёши истаб уларни шу орқали сунъий пайдо қилади.
Шунчаки кўпроқ сув ичиш ҳам кўзларингизни яхши намланишига ёрдам беради. Триглицерид шаклида омега-3 балиқ ёғи қўшимчалари ҳам симптомларни енгиллаштиришга ёрдам беради. Яна бир маслаҳат: Уйдаги ҳаво намлигини кўтаринг, тўшагингиз ёнида ҳаво намлантирувчи билан ухланг.

9. Қонда қанд миқдори ошиб кетмасин!

Қандли диабет - 1 ёки 2-тоифа диабет билан оғриган одамлар диабетик ретинопатия деб аталадиган касаллик хавфи остида бўлиб, унда доимий равишда кўтарилган қондаги шакар даражаси кўзнинг тўр пардасидаги қон томирларига, орқа қисмидаги нозик тўқималарга зарар етказади. Унинг дастлабки босқичларида сизда борлигини ҳатто билмаслигингиз ҳам мумкин. Аммо у ёмонлашгани сайин, сизнинг кўриш қобилиятингизга таъсир қилади. Тунда ёмон кўриш, кўришда қоронғу ёки бўш жойлар ёки хира кўринадиган ранглар пайдо бўлиши мумкин. Агар назорат қилинмаса, бу кўришнинг қисман йўқолишига олиб келиши мумкин.
Соғлом овқатланишга риоя қилиш муҳим аҳамиятга эга. Бу шакар ва тозаланган углеводларни чиқариб ташлашни англатади - ва ҳа, қайта ишланган овқатлардан узоқроқ туринг. Ўрта ер денгизи диетасига риоя қилиш - товуқ ва балиқ, крахмалли бўлмаган сабзавотлар ва мевалар каби ёғсиз оқсиллар - идеалдир. Вазнингизни ҳам кузатиб боринг. Ортиқча килони олиб юриш, айниқса қорин бўшлиғида, инсулинни ошириши мумкин.

10. Чекманг!

Агар сиз чекиш одатингизни ташлашда қийналаётган бўлсангиз, мотивация учун қуйидаги фактлардан фойдаланинг: чекувчи одамда чекмайдиган одамга қараганда катарактани ривожланиш эҳтимоли икки-уч баравар кўпроқ. Агар сизда ёшга боғлиқ кўз касалликларининг дастлабки белгилари бўлса, чекиш унинг ривожланиш хавфини ўн баробар оширади. Нега? Бошқа сабабларга кўра, сигаретада оксидловчи стрессни келтириб чиқарадиган ва тўғри қон оқимининг кўзга етиб боришини тўасадиган юзлаб токсинлар мавжуд. Сигаретдаги безовта қилувчи тутун кўз ёши плёнкасига зарар етказиши мумкин, бу кўзларнинг қуриб кетиш хавфини оширади (чекиш билан боғлиқ бошқа кўплаб соғлиқ муаммоларини ҳисобга олмаганда албатта).

Гулноза Қодирова тайёрлади.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+