Амударё устидан ўтувчи автомобил ва темир йўл кўприги очилди
Қўшма кўприкнинг очилиш маросимида президент Шавкат Мирзиёев иштирок этди.
Амударё устидан ўтувчи темир йўл ва автомобил йўли қўшма кўприкнинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Қўшма кўприкнинг очилиш маросимида Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этди.
Рамзий лента қирқилгач, давлат раҳбари жамоатчилик фаоллари билан биргаликда дастлаб поездда, шундан сўнг автомобилда юриб, кўприк сифатини кўздан кечирди.
Қорақалпоғистон Республикаси билан Хоразмни боғлайдиган ушбу кўприк орқали энг яқин темир йўл ва автомобил йўли қатнови йўлга қўйилади.
Жумладан, кўприк орқали йўлнинг ўтказиш қобилияти 4 баробарга ошиб, бир кеча-кундузда 12 минг автомобил ҳаракатланади. Натижада 48 минг йўловчининг 2 соат вақти тежалади ва дарёдан хавфсиз ўтиши таъминланади.
Кўприк қурилган жой юртимизнинг энг чекка ҳудудларидан бири. Шу пайтгача одамлар ўтган асрнинг эллигинчи йилларида олиб келинган эски понтон кўприкдан фойдаланиб келар эди. Ҳар баҳорда муз эриб, дарёда сув кўпайиши билан у жиддий шикастланарди. Бу дарёнинг икки томонидаги аҳолига жуда кўп қийинчиликлар туғдирарди.
Масалан, Амударё тумани аҳолиси автомобилда Нукусга бориш учун Урганч ва Беруний орқали юришга мажбур эди. Бунинг учун қўшимча 180 километр йўл юришга тўғри келарди. Поездда эса Хоразмнинг шарқ томонидаги Хазорасп кўпригидан ўтиб келинарди.
Янги кўприк туфайли бу қийинчиликлар барҳам топади, халқнинг узоғи яқин бўлади. У орқали Қорақалпоғистон билан Хоразмни боғлайдиган энг яқин автомобиль ва темир йўл қатнови йўлга қўйилади.
Кўприкнинг узунлиги 423 метр. У билан бирга Шовот-Қораўзак бекатларини боғлайдиган 85 километрлик темир йўл ҳамда 3 та вокзал ҳам барпо этилди.
Бу иншоот самарасида йўлнинг ўтказиш қобилияти 4 баробарга ошиб, бир кеча-кундузда 12 минг автомобиль ҳаракатланади. Натижада 48 минг йўловчининг 2 соат вақти тежалади ва дарёдан хавфсиз ўтиши таъминланади.
Кўприк икки тарафга қараб 24 жуфт поездни ўтказиш имкониятига эга бўлиб, бу орқали темир йўл масофаси 180 километрга, юк ташиш тезлиги эса 6 соатгача қисқаради. Бу эса маҳаллий юкларни ташиш ҳажмини йилига 2 баробарга ошириш, ташиш таннархини 2 баробарга камайтириш имконини беради. Ушбу темир йўл орқали Қозоғистон ва Россияга ҳам янги йўналишлар очилади.