Германия ва Саудияда Ўзбекистон IT парк ваколатхонаси очилади
Уларнинг фаолиятини йўлга қўйиш учун 2027 йил 1 январгача ҳар бир ваколатхонага йилига 200 минг доллар эквивалентигача молиялаштириш учун маблағ йўналтиришга рухсат берилади.
2024 йилда Германия ва Саудия Арабистонида асосий фаолияти маҳаллий корхоналар учун IT-хизматлар бўйича буюртмаларни жалб қилишга қаратилган IT-парк ваколатхонаси (филиали) фаолияти йўлга қўйилади.
Бунда IT-парк дирекциясига мазкур хорижий мамлакатларда ваколатхоналар фаолиятини йўлга қўйиш учун 2027 йил 1 январгача ҳар бир ваколатхонага йилига 200 минг доллар эквивалентигача молиялаштириш учун маблағ йўналтиришга рухсат берилади.
“Мамлакатимизда рақамлаштириш соҳасидаги хизматлар экспортини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарорида шу ҳақда сўз боради.
Шунингдек, қарорга кўра, қуйидагилар амалга оширилади:
- Қорақалпоғистон ва вилоятларда IT-саноатни ривожлантириш, аҳолини юқори даромадли иш ўринлари ва замонавий касблар билан таъминлаш, шунингдек, ҳудудларга IT-хизматлар экспорт қилувчи корхоналарни кенг жалб қилишга қаратилган дастур (Zero Risk);
- маҳаллий бозор учун IT-хизматлар кўрсатиш соҳасида фаолият юритувчи корхоналарни халқаро IT-бозорга олиб чиқиш, уларнинг экспорт фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича лойиҳа (Local to Global).
Хорижий мамлакатларда мунтазам равишда, шу жумладан, 2024 йилда АҚШ ва Германияда “Ўзбекистон IT-кунлари” халқаро тадбирлари ўтказилади.