Зеленский Украина армияси йўқотишларини очиқлади
У Россия томони бераётган маълумотларни инкор этди.
Украина президенти Владимир Зеленский “Украина-2024” форумида Россия билан икки йиллик қуролли қарама-қаршиликнинг фожиали натижаларини сарҳисоб қилди.
Украина президенти матбуот анжуманида уруш бошидан бери 31 минг мамлакат ҳарбийси ўлганини айтди: "Ушбу урушда ўттиз бир минг украиналик аскарлар ҳалок бўлди. Путин ва унинг атрофидагилар гапирганидек 300 минг эмас, 150 минг эмас.
Лекин буларнинг ҳар бири биз учун катта йўқотишдир.
180 минг рус аскари ҳалок бўлди. Уларда қанча одам бедарак йўқолганини билмайман, лекин ярадорлар билан бирга 500 мингга яқин қурбон борлигини биламан”.
Зеленский Украина томонида ярадорлар ёки бедарак йўқолганлар сонини айтмади.
Эслатиб ўтамиз, The New York Times ҳисоб-китобига кўра, Украинанинг урушдаги йўқотишлари 90 мингдан 120 минг кишигачадир.