Арманистон Россиядан узоқлашмоқда
Aрманистон Ғарб давлатлари, биринчи навбатда, Франция билан дипломатик алоқаларни кенгайтиришда давом этмоқда.
Арманистон ва Россия муносабатлари янги, кескин босқичга кирмоқда: аввалроқ хабар берганимиздек, Арманистон бош вазири Никол Пашинян мамлакатнинг “асосан Россия етакчилик қилувчи” Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотидаги (КХШТ) иштироки “музлатилган”лигини айтди.
Бош вазир Франциянинг France 24 телеканалига берган интервюсида баёнот беришича, бундай қадамга Арманистонга нисбатан коллектив хавфсизлик шартномаси талаблари бажарилмагани сабаб бўлган. Айниқса бу 2021-2022 йиллардаги воқеаларда намоён бўлди, деган Пашинян.
СССР тарқалганидан кейин, бир неча собиқ совет республикалари - Арманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон 1992 йил 15 майда Тошкентда Коллектив хавфсизлик шартномасини имзолашган. Шу боис бу шартнома “Тошкент шартномаси” ёки “Тошкент пакти” деб ҳам аталади. 2012 йил 28 июнда расмий Тошкент Ўзбекистоннинг КХШТдаги аъзолигини тўхтатгани ҳақида нота юборган. Шу йилнинг 19 декабридан Ўзбекистоннинг КШХТга аъзолиги расман тўхтатилган.
Арманистоннинг КХШТдан кўнгли совумоқда
Эслатиб ўтамиз, 2021 йил май, 2022 йил сентябр ойларида Арманистон ва Озарбайжон чегараларида бир неча қуролли тўқнашувлар рўй берди. 2023 йил 19 сентябрда Озарбайжон Қорабоғда антитеррор операциясини бошлади ва ўзига тегишли ҳудудларни – 1990-йилларда Арманистон армияси томонидан босиб олинган Тоғли Қорабоғ вилояти ва Озарбайжонга тегишли 7 та туманни қайтариб олди. Арманистоннинг КХШТдан ёрдам сўраб қилган мурожаатлари эса бесамар якунланди.
Зеро, КХШТ Низомининг 4-моддасига кўра, агар аъзо давлатларнинг бирортаси бошқа ҳар қандай давлат ёки давлатлар гуруҳи томонидан агрессияга учраса, бунга Шартноманинг барча аъзо давлатларига қилинган агрессия сифатида қаралади. Агар Озарбайжон Арманистоннинг халқаро тан олинган чегараларини бузиб кирганида, эҳтимол КХШТ муносиб жавоб қайтарган бўлиши мумкин эди.
Бош вазир Никол Пашиняннинг муносабатларни “музлатиш” ҳақидаги баёнотига жавобан, КХШТ котибияти Арманистон ташкилотга аъзоликни музлатиш ҳақида расмий хабарнома юбормаганини маълум қилди.
“Иштирок этишни музлатиш ҳақидаги масалага келсак, афтидан, Арманистон Республикасининг ташкилот томонидан яқинда ўтказилаётган бир қатор тадбирларда иштирок этмаслиги ҳақида гап кетмоқда”- дея фикр билдирган КХШТ котибияти.
Аслини олганда Арманистон ва КХШТ ўртасидаги муносабатлар 2022 йил охиридан ёмонлашувни бошлаган эди. Ушбу икки субъект ўртасидаги “сиёсий” жарлик ўтган йилнинг январида янада чуқурлашган, ўшанда расмий Ереван “мамлакат ҳудудида айни пайтдаги вазият” туфайли Арманистон ҳудудида КХШТ режалаштирган ҳарбий ўқув машғулотларини ўтказмаслигини эълон қилган эди.
2022 йил 10 март куни эса Арманистон КХШТ бош котиби ўринбосарини тайинлаш учун ўз квотасидан фойдаланишдан воз кечгани ҳақида КХШТ раҳбариятини хабардор қилган.
2023 йил 22 май куни матбуот конференциясида эса Пашинян “агар Арманистон КХШТни лаёқатсиз деб ҳисобласа, бу ташкилотдан чиқишини” маълум қилди. “Шунда биз ўз хавфсизлигимизни таъминлаш масаласини ўзимиз ҳал қиламиз”, деган Пашинян.
Ўтган йилнинг ноябр ойида Арманистон раҳбарияти КХШТнинг Минскда ўтган навбатдаги саммитида ҳам қатнашмасликни лозим топган эди.
Шу боис КХШТ котибияти Арманистоннинг ташкилотга аъзолигини “музлатиш” ҳақидаги кечаги баёноти бутун ташкилотга аъзоликни тўхтатишни эмас, балки аввалги амалиётда кўрилгани каби фақат ўқув машғулотлари ва бошқа ташкилий масалалардаги иштирокини тўхтатиш дея қабул қилаётган бўлиши ҳам мумкин.
Расмий Москва эса Еревандан бу сўзларнинг маъносига аниқлик киритишни сўради. “Арманистон томони бу борада ҳеч қандай расмий чора кўрмади. Биз ҳамкасбларимиз билан мулоқот қилиш ва ушбу баёнотларнинг маъносига аниқлик киритиш ниятидамиз. Бу ерда тафсилотларни тушуниш жуда муҳим ва арман дўстларимиз бизга ҳаммасини тушунтириб беришларига умид қиламиз”— деган Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков.
Муаммо фақат КХШТда эмас
Уч йилдан бери кучайиб келаётган норозиликлар фонида Арманистондаги Россия ҳарбий базасини (Арманистон ва Россия ўртасида 1992 йил 21 август ва 1995 йил 16 мартда имзоланган шартномалар ассосида фаолият юритувчи 102-ҳарбий база) сақлаб қолиш масаласи кун тартибида эмаслигига ишонтирган.
Бироқ Арманистонда умуман рус армиясидан бутунлай халос бўлишга интилиш кайфияти Россия ҳарбий базасига ҳам тегишли бўлиши мумкин.
Хусусан, Арманистон ОАВларининг ҳукуматдаги манбаларига таяниб маълум қилишича, тез орада Россия чегарачилари Еревандаги «Звартноц» халқаро аэропортидан чиқариб юборилади. Манбаларнинг айтишича, арман ҳукумати ўтган йилнинг 29 декабридаёқ шундай қарорга келган.
Маълумки, рус чегарачилари 1992 йил 30 сентябрида Арманистон ва Россия ўртасида имзоланган келишувга биноан Арманистонда хизмат ўтаб келишаётган эди.
“Россия Федерациясининг Арманистон Республикаси ҳудудида жойлашган Чегара қўшинларининг мақоми ва уларнинг фаолият юритиш шароитлари ҳақидаги Россия Федерацияси ва Арманистон Республикаси ўртасидаги келишув”га биноан рус чегарачилари Арманистонинг умумий ҳисобда 375 км. узунликдаги давлат чегараларини қўриқлаши белгиланган. Жумладан, 330 км. – Туркия билан, 45 км. – Эрон Ислом Республикаси билан давлат чегараларидир.
Бундан ташқари, россиялик чегарачилар зиммасига арман чегарачилари билан биргаликда ҳаво ўтказиш пукти – Еревандаги "Звартноц" халқаро аэропортида ҳам текширув-назоратни амалга ошириш юклатилган.
Ҳукуматдаги манбаларнинг айтишича, эндиликда Арманистон ҳаво чегараларини қўриқлаб келаётган рус чегарачилари тез орада мамлакатдан чиқариб юборилиб, фақат арманистонлик чегарачилар хизматга чиқиши кутилмоқда.
Жорий йилнинг 23 феврал куни эса Арманистоннинг «Миллий-демократик қутб” ҳаракати миллатчилари Арманистондаги Россия чегара қўшинлари бош штаби олдида норозилик намойиши ўтказишган.
Митинг қатнашчилари рамзий тарзда ўртага бир пой йиртиқ ҳарбий этикни ташлаб қўйиб, “Рус этигини Арманистондан улоқтирамиз”, “Рус истилочилари – Арманистондан йўқол”, “Россия тинчликпарвар кучлари ўлим олиб келади”, “Ҳарбий жиноятчилар- йўқол” деган шиорларни айтиб қичқиришган.
Таъкидлаш лозим, митинг ўтказилган сана ҳам рамзий – 23 феврал - Россияда Ватан ҳимоячилари куни сифатида нишонланади.
“Жарлик” янада кенгайиши мумкин
Айни кунларда эса Россия ва КХШТ Арманистон сиёсий “кемаси”нинг борган сари Россия манфаатлари дея аталмиш қирғоқдан узоқлашиб кетаётганини кузатиб турибди. Бу кема эса Ғарб томонга йўналган. Буни Арманистон ҳукумати расман тан олмасада, унинг хатти-ҳаракатлари шундан дарак бермоқда.
Жумладан, Пашинян 2023 йил ноябрида парламентдаги чиқиши чоғида Aрманистоннинг КХШТнинг сўнгги саммитларида иштирок этишдан бош тортганини изоҳлар экан, бу алянс мамлакат хавфсизлиги масалаларига зарур реакция кўрсатмаганини айтди. Шу сабабли Ереван “хавфсизлик соҳасида муқобил ҳамкорлар изламоқда. Биз бу шерикларни қидирамиз ва топамиз, битимлар тузамиз, қурол ва ҳарбий техника олишга ҳаракат қиламиз”, деган Арманистон бош вазири.
Бироқ ўшанда Пашинян Арманистоннинг КХШТдан чиқиш бўйича қарор қабул қилмаганини маълум қилган эди. Ўз навбатида КХШТ Бош котиби Имангали Тасмагамбетов ҳам Aрманистоннинг ташкилотдан чиқиши бўйича музокаралар олиб борилаётгани ҳақидаги маълумотларни рад этди. У Aрманистоннинг КХШТ доирасидаги фаолияти давом этишига умид билдирди.
Россия томони эса Aрманистонни “оммавий даҳанаки таҳдидлар ва танқидлар ўрнига, Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотидаги вазиятни муҳокама қилишни бошлашга” чақирди.
Бироқ, Москва ва КХШТ раҳбариятининг бундай чақириқларига қарамасдан, Aрманистон Ғарб давлатлари, биринчи навбатда, Франция билан дипломатик алоқаларни кенгайтиришда давом этмоқда. Бундан ташқари, Aрманистон ва Франция мудофаа вазирлари Ереванда янги ҳамкорлик битимларини имзоладилар. Ҳужжатлар Франция Мудофаа вазири Себастян Лекорнюнинг Aрманистонга расмий ташрифи доирасида имзоланган.
Ташриф давомида, шунингдек, Ереванда Франциянинг доимий ҳарбий маслаҳатчиси фаолият юритишига ҳам келишиб олинган.
Умуман олганда, Франция Арманистон қуролли кучларини ривожлантиришга жиддий бел боғлаган. Жумладан, Лекорнюнинг сўзларига кўра, Франция 2024 йилдан бошлаб, арман ҳарбийларини қайта тайёрлаш дастурларини бошлайди. Жумладан, арман кадетлари Франциядаги ҳарбий мактабларда “Франция берган қуролларни ишлатишга” ўргатилади.
Шунингдек, у Франциядан Aрманистонга тунги кўриш мосламаларининг биринчи партияси келганини, “Бастион” зирҳли машиналари ҳам етказиб берилишини айтган.
Арманистон Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар беришича, Ереванда Лекорню ва Арманистон Мудофаа вазири Сурен Папикян ўртасида ўтказилган учрашувда ҳамкорликнинг бир қатор янги йўналишлари белгилаб олинган: ҳарбий таълим, жанговар тайёргарлик, ўқув машғулотлари, маслаҳат ва эксперт ёрдами масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Қайд этилишича, вазирлар Aрманистон қуролли кучларида олиб борилаётган ислоҳотлар ва уни узоқ муддатли институционал асосда қайта тузишга қаратилган саъй-ҳаракатлар доирасида арман-француз ҳарбий-техник ҳамкорлиги муҳимлигини таъкидлашган.
Тарихга қайтиб эсга олсак, Ереван 2023 йилдаёқ Париждан ҳарбий ёрдам олишни бошлаган. Aрманистон армияси учун зирҳли техникаларнинг биринчи партияси Грузия орқали республикага етказилган эди.
2023 йил октябр ойининг охирида Франция мудофаа вазири Лекорню Париж Aрманистонга учта Ground Master 200 (GM200) радар тизимини сотиш ниятида эканлигини эълон қилди ва MBDA ракета тизимлари ишлаб чиқарувчиси билан Mistral мобил зенит ракета комплексини етказиш бўйича шартнома имзоланиши режалаштирилаётганини маълум қилди. Шунингдек, Франция арман ҳарбийларини ҳаво ҳужумидан мудофаа соҳасида ҳам ўқитишни режалаштирмоқда.
Россиянинг норозилиги ортмоқда
Бутун собиқ совет республикаларини ўз сиёсий манфаатлари ҳудуди деб ҳисобловчи Россия Арманистоннинг Москва орбитасидан чиқишга уринаётгани ва бу борада айрим натижаларга эришаётганига албатта жим қараб турмайди. Ҳозирча фақат нейтрал ёки дўстона дипломатик иборалар билан гаплашаётган Москва риторикаси “сабр косаси”ни тўлдирувчи улкан воқеани кутаётган кўринади.
Аслини олганда, Пашинян Россия режаларига зид равишда, инқилоб натижасида 2018 йил 8 майда Арманистон ҳокимияти тепасига келган сиёсатчи ҳисобланади (2019 йилда 14 январда қайта тайинланган).
Пашинян ҳали мухолиф депутат пайтида – 2013 йилдаёқ Арманистоннинг Россия тузган Евроосиё Иқтисодий Ҳамкорлик Иттифоқига аъзо бўлишига қарши овоз берган. У мазкур иттифоққа аъзолик Арманистон миллий хавфсизлиги ва суверенитетига таҳдид солади, шунингдек, Ереваннинг Ғарб ҳамда қўшни ҳамкор давлатлар – Эрон ва Грузия билан муносабатларини ёмонлаштиради, деб айтган. “Арманистон бу ташкилотга ихтиёрий эмас, мажбурлаб киритилди” деган. Пашинян ўша даврдаги президент Серж Саркисянни “Россия аралашуви боис” ҳарбий қудрат мувозанатида Озарбайжонга ютқазиб қўйишда айлаб танқид қилган.
Пашинян, шунингдек, 2016 йилда Кавказда Россия билан биргаликда Ҳаводан мудофаа тизимини яратиш масаласига қарши овоз берган. У Россияни “Арманистон хавфсизлигининг ҳақиқий кафолати, деб ҳисоблаб бўлмаслигини” айтган эди.
Бироқ ҳукумат тепасига келгач, Пашинян ўз қарашларини ўзгартирди. Жумладан, у 2018 йил апрелда Арманистон КХШТ ва ЕОИҲТ ни тарк этмаслиги ва Россия ҳарбий базаси билан муаммо йўқлиги ҳақида баёнот берди. Туркия билан муносабатлар ёмонлиги боис, Арманистон-Туркия чегарасини қўриқловчи ушбу база Ереван учун кераклигини таъкидлади.
2018 йил декабрда эса Арманистон НАТОга аъзо бўлмаслигини, лекин бу ташкилот билан муносабатларни ривожлантиришини маълум қилган.
Бироқ, юқорида келтирилганидек, Тоғли Қорабоғ билан боғлиқ воқеалар занжиридан сўнг, Пашинян риторикаси ўзгарди. Хусусан, ўтган йили у “Арманистоннинг хавфсизлик соҳасида фақат битта давлат - Россияга боғлиги “стратегик хато” бўлганини билдирган.
Қолаверса, 2020 йилда Пашинян Арманистондаги ислоҳотларнинг аоссий ҳамкори, умуман ўз сиёсатининг муҳим йўналиши сифатида Европа Иттифоқини тилга олган эди.
Албатта Пашинян ва унга боғлиқ кўплаб “майда” қадамлар ҳам Москванинг жиғишга тегиб келаётган эди. Масалан, 2023 йил 6 сентябр куни унинг хотини Украинада “биринчи хонимлар ва жентелменлар” форуми доирасида Зеленский ва бошқа Ғарб раҳбарларининг хотинлари билан учрашди. Гарчи Пашинян бунга сиёсий тус бермаслик ва Россияга қарши маъно изламасликни уқдирган бўлсада, бу учрашув Россия медиа оламида катта ғазаб билан шарҳланди.
2023 йил охири ва 2024 йил бошига келиб, Арманистоннинг Россия орбитасидан узоқлашаётганидан дарак берувчи сигналар кўпайиб ва тезлашиб кетди.
Масалан, France24 нашрига берган интервьюсида Пашинян Ғарб билан муносабатларни бузмаслик учун Россияга қарши халқаро санкцияларга қўшилишини ҳам эълон қилди.
Ундан аввалроқ – 1 феврал куни Арманистон Халқаро жиноят ишлари судининг Рим статутига қўшилди. Энди бу суд қарорларига Арманистон ҳудудида ҳам амал қилинади. Жумладан, Ҳаага суди 2023 йил март ойида Россия президенти Владимир Путинни (Украинадаги жиноятлари боис) қамоққа олиш ҳақида ордер берган эди. Арманистоннинг бу статутни имзолаши, агар Путин Арманистон ҳудудига кирадиган бўлса, Ераванга уни қамоқга олиш мажбуриятни юклайди.
Албатта Россия Арманистоннинг бу қадамини “дўстона бўлмаган акт” дея қаттиқ танқид қилди. Ўз навбатида Никол Пашинян Арманистоннинг ушбу хатти-ҳаракатлари Москвага қарши қараталмагани ҳақида бир неча бор баёнот берди.
Бироқ охирги машҳур интервьюсида Никол Пашинян Россия расмийларининг позициясини қаттиқ танқид қилган. Унинг таъкидлашича, Россия бир неча ой олдин "Арманистон аҳолисини ҳукуматни ағдаришга очиқ чақирган". Пашинянга кўра, "Москвадан унга қарши бу ташвиқот тўхтовсиз давом этмоқда". “Биз ўз ҳудудимиздаги ноқонуний ҳаракатларга тоқат қила олмаймиз”, деди Никол Пашинян ва “Ереван талаблари жавобсиз қолса, оқибатлари” билан таҳдид қилган.
Ереванни қандай келажак кутмоқда?
Арманистоннинг Hraparak газетаси тушунтиришича, Россия ва Арманистон ўртасидаги муносабатлар Ғарб талаби билан кескинлашиб кетган.
Хусусан, Пашинян ва бошқа арман мансабдор шахсларининг 16-18 феврал кунлари Мюнхенда Ғарб етакчилари билан учрашуви Арманистоннинг охирги кунлардаги кескин қадамларини белгилаб берган. Газетанинг ёзишича, Ғарб айнан шундай йўл тутишни талаб қилмоқда.
Бу талаблар билан боғлиқ равишда, газетанинг расмий манбаларга таяниб маълум қилишича, Арманистон бош вазири ўринбосари Мгер Григорян ҳам тез орада лавозимидан озод қилиниши мумкин. Чунки Григорян Россияга мойил амалдор ҳисобланади ва Ғарбнинг Арманистондаги режаларига халақит бериши мумкин.
Албатта бу газетанинг россияпараст эмаслигига кафолат йўқ. Бироқ шундай бўлган тақдирда ҳам бу нашрдаги мавола Россиянинг Арманистон хатти-ҳаракатларини қандай баҳолаётгани учун яхши ва ҳаққоний индикатор бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Бир нарса аниқки, Москва, аниқроғи унинг ҳозирги ҳукумати, янаям аниқроғи, Путин кечиришга мойил раҳбар эмас. Путин ўзига қарши қаратилган ҳаракатларга зудлик билан ва шафқатсизларча жавоб бериши билан маълум ва машҳур. Лекин Украинага қарши уруш билан “оворалик” уни кескин жавоблардан тийилишга мажбур қилаётган бўлиши ёхуд “арқонни узун ташлаб қўйганидан” дарак бериши ҳам мумкин.
Агар Арманистоннинг ҳозирги ҳаракатларини Россия орбитасидан узоқлашиш дея баҳоланса, Россиянинг реакциясини анча аниқроқ тахмин қилиш мумкин. Грузия, Украина, Молдова билан бўлган можаролар улар учун ўз ҳудудларининг маълум қисмидан ажралиш билан якун топган. Бироқ, юқорида айтилганидек, “иккинчи фронт”ни очиш Россия учун ҳозирча номақбул йўл. Шу боис Москва аввалига “юмшоқ куч”дан максимал фойдаланишга ҳаракат қилишини тахмин қилсак бўлади. Бу борадаги ишлар Пашинян ҳокимиятга келган кунданоқ авж олгани эҳтимолга яқин.
Шу жиҳатдан олиб қараганда, Никол Пашиняннинг Россия бир неча ой олдин "Арманистон аҳолисини ҳукуматни ағдаришга очиқ чақиргани", "Москвадан унга қарши бу ташвиқот тўхтовсиз давом этаётгани” ҳақидаги баёнотлари асоссиз эмас ва тахминимизни қувватлайди.
Қолаверса, Россиянинг Кавказ ҳудудида ва Қора денгиз бўйи минтақаларида кўплаб арман миллатига мансуб аҳоли истиқомат қилиши, Арманистондаги кўплаб аҳолининг Россия фуқаролигига эгалиги, Россияда арман диаспораси ва бизнес вакиллари ҳамда арман меҳнат муҳожирларининг кўплиги, қолаверса Россия сиёсий элитасида ҳам арман миллатига мансуб шахсларнинг мавжудлиги Москва учун яхшигина дастак бўлиб хизмат қилади.
Шу жиҳатдан олиб қараганда, Тоғли Қорабоғ можаросининг узоқ йиллар ҳал этилмай келгани ҳам Россия манфаатларига мос келган. Шу боис Озарбайжон Тоғли Қорабоғни тўла қайтариб олишига бир баҳя қолганида (Степанакерт-Ханкенди шаҳри қолганида) Россия вазиятга аралашиб сулҳ тузилишига эришиб, можарони яна “музлати қўйган” эди. (Бироқ, бундан қаноатланмаган Боку Россиянинг Украинага бостириб киришидан кейин халқаро майдонда, хусусан, Россия-Туркия ўртасидаги муносабатларнинг ўзгариши ҳамда Туркиянинг сиёсий-ҳарбий ёрдамидан унумли фойдаланиб, можарони яна қайта очди ва ўз мақсадига эришди).
Бошқа жиҳатдан, Россия элитасидаги арман лоббиси Москвани Арманистонга нисбатан кескин ва қаҳрли ҳаракатлардан тўхтатиб туришга уринаётган бўлиши ҳам мумкин. Лекин улар ҳам бевосита ҳарбий ҳаракатларга зимдан қарши бўлсада, Арманистон ҳукуматининг Россияга мойил бўлишига қаршилик қилишмайди.
Москванинг амалий ҳаракатларига келсак, аввало, тез орада Арманистон ҳукуматини Россияга “оғдиришга” ёки ҳукумат ва мансабдорларни алмаштиришга уринишларга гувоҳ бўлишимиз мумкин. Бу эса энг синалган ва самарали усул – норози сиёсий кучларнинг Арманистон ичида турли намойиш, оммавий тартибсизликлар ва керак бўлса инқилоб уюштиришини таъминлаш орқали амалга оширилади. Арманистон халқи орасида Пашиняндан Қорабоғни сотишда айблаб норози бўлаётганлар кўплиги ва уларнинг тез-тез норозилик намойишлари уюштираётгани ҳам бу режалар учун асос бўлиб хизмат қила олади.
Агар бу усул ҳам қўл келмаса, халқаро майдонда ва иқтисодий жиҳатдан Арманистонни исканжага олиш бошланади. Иқтисодий ва логистика жиҳатидан Россияга қарамлиги пасаймаган Арманистон учун бу жуда оғриқли бўлади, халқ норозлиги кучаяди. Айбдор қилиб эса албатта Пашинян ва унинг атрофидаги сиёсий муҳит кўрсатилади. Бир ўзбек мақолида айтилганидек, “камбағални урма, сўкма – ёқасини йирт”.
Ёки бўлмаса, Арманистон чегараларида турли ҳарбий провокациялар кузатилиши мумкин. Арманистонга Эрон, Туркия ва Озарбайжоннинг қўшни эканлиги эса бу борада ҳам Россия учун катта имкониятлар эшигини очади.
Айтайлик, аввалги Арман-Озар келишувларига кўра, Озарбайжоннинг Нахичеван ҳудудига ўтиши учун Зангеузер коридорини очиш масаласи ҳам қайта кўтарилиши мумкин. Агар Боку, аввал баёнот берилганидек, куч билан, ҳарбий йўл билан бўлсада, бу коридорни очишга уринса, Россия худди Қорабоғ масаласида бўлгани каби яна “кўр ва кар” бўлиб ўтираверади. (Пашиняннинг Қорабоғ қайтариб олиниши билан боғлиқ урушлардан олдин Россияга “нодўстона” ишоралар бергани ҳам Москванинг “жазо” тариқасида бу масалада нейтрал қолганига сабаб бўлган, эҳтимол).
Албатта Арманистон бош вазири Никол Пашинян мавжуд реалликни тўғри баҳолаб, юзага келган геополитик имкониятдан (Россия-Украина уруши фонида Россиянинг кучсизланиши ва иҳоталаниши фонида) тезроқ фойдаланиб қолишга ҳаракат қилаётган ва Арманистон келажагини яхшилаш учун интилаётган бўлиши ҳам мумкин. Лекин Россия омили инобатга олинса, Пашинян учун бу ўйин “ва-банк” босқичига ўтган: у (ва Арманистон ҳам) ушбу кескин қарорлар натижасида ёки кўп нарсага эришиши ёки кўп нарсани йўқотиши мумкин.
Лекин, Арманистон учун энг яхши сценарийда, Европа Итифоқи ваъда бераётганидек, ЕИ билан визасиз борди-келдилар йўлга қўйилиши, ЕИга аъзоликка номзод мақомини олиши ва пировардида НАТОга ҳам аъзо бўлиши кутилмоқда.
Энг ёмон сценарийда эса Арманистоннинг айрим ҳудудлари “ўз келажагини Россия таркибида кўришини” эълон қилиб қолиши мумкин. Бироқ бу даражага бормаслиги эҳтимолга яқинроқ.
Шу боисдан, Пашиняннинг зўр бериб Арманистон хавфсизлиги устида бошқа қотираётгани, қуролли кучларни такомиллаштиришга, бошқа ҳарбий ҳамкорлар топишга уринаётгани ҳам бежиз эмас. Айнан Францияга юзланиш эса бу мамлакатда кучли арман лоббисининг мавжудлиги билан боғлиқ.
Хуллас, воқеалар ривожининг қайси тараф фойдасига ҳал бўлиши Европа, хусусан, Франциянинг Арманистон учун қанчалик узоқ “туриб бера олишига” боғлиқ бўлиб қолмоқда. Айни вазиятда эса Ғарбнинг бу масаладаги узоқ муддатли ёрдамини унчалик ишончли деб бўлмайди.
Абулфайз Сайидасқаров шарҳлади.