platina.uz

ДХХ ҳоким ёрдамчиси, Миллий гвардия ходими ва ҳибсхона бошлиғини қўлга олди

Шунингдек, электр корхонаси бўлим бошлиғи ҳам 6,6 минг доллар билан ушланган. 

Жамият
24 февраль, 10:11
ДХХ ҳоким ёрдамчиси, Миллий гвардия ходими ва ҳибсхона бошлиғини қўлга олди

ДХХ ўтказган тезкор тадбирларда электр корхонаси бўлим раҳбари, ҳоким ёрдамчиси, ҳибсхона бошлиғи ва Миллий гвардия ходими ушланди.

Жумладан, Фарғона вилоятининг Риштон тумани электр тармоқлари корхонасида бўлим бошлиғи лавозимида ишловчи шахс якка тартибдаги тадбиркорнинг кулолчиликка ихтисослашган устахонаси электр тармоғига ноқонуний уланганлиги боис, унга нисбатан расмийлаштирилган далолатнома бўйича 2 млрд. сўм миқдорида жарима солиниши мумкинлигини айтиб, ушбу жаримани камайтириб бериш эвазига 10 минг АҚШ доллари талаб қилади.

ДХХ ходимлари томонидан вилоят ички ишлар бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, у сўралган пул маблағидан 6600 АҚШ долларини пора сифатида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Ҳамкорликда ўтказилган яна бир тезкор тадбирда эса, Марғилон шаҳар Надирмат маҳалла фуқаролар йиғинидаги ҳоким ёрдамчиси тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқарога Фарғона шаҳар Қиргули мавзесида жойлашган 0,5 сотих бўш ер майдонини “Е-auksion” платформаси орқали ютиб, кадастр ҳужжатларини тайёрлаб бериш эвазига 2 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Жиззах вилоятида кузатилган ҳолатда, Шароф Рашидов тумани Ички ишлар бўлими Вақтинча сақлаш ҳибсхонаси бошлиғи ҳозирда айблов эълон қилиниб, мазкур ҳибсхонада сақланаётган шахсга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқаётган судья томонидан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланишида ёрдам бериш эвазига 10 минг АҚШ доллари талаб қилади.

ДХХ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, у сўралган пул маблағидан 5 минг АҚШ долларини олган вақтида ушланди.

Терговга қадар текширув давомида, мазкур мансабдор шахс муқаддам ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, ҳибсхонада сақланаётган ушбу фуқаронинг оила-аъзолари билан учрашиши ҳамда уйидан олиб келинган озиқ-овқат маҳсулотларининг киритилиши учун рухсат бериш эвазига 400 АҚШ долари олганлиги ҳам маълум бўлди.

Миллий Гвардиянинг Самарқанд вилояти Иштихон туманлараро Қўриқлаш бўлими ходими маҳаллий фуқарога нисбатан ички ишлар органлари томонидан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисм “в” банди ва 211-моддаси 1-қисми билан қўзғатилган жиноят ишини танишлари орқали унинг фойдасига ижобий ҳал қилиб бериш эвазига 1,5 минг АҚШ доллари олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ушланди.

Ҳозирда ушбу шахсларнинг барчасига нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+