platina.uz

Амалдорлар даромадини аниқлашни тартибга солувчи қонун ҳамон қабул қилинмаяпти

Юқори мансабли лавозимда ўтирган давлат хизматчиларининг даромадларини декларация қилиш 2 йил олдин бошланиши керак эди.

Иқтисод
19 февраль, 15:19
Амалдорлар даромадини аниқлашни тартибга солувчи қонун ҳамон қабул қилинмаяпти

2022 йил 1 январдан давлат хизматчилари, давлат улуши 50 фоиздан юқори ташкилотлар, давлат корхоналари ва муассасалари раҳбарлари, ўринбосарлари, уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ҳамда мол-мулкини мажбурий декларация қилиш тизими жорий этилиши керак эди. Бу президентнинг 2021 йил 6 июлдаги қарорида кўзда тутилган, бироқ орадан икки йилдан кўпроқ вақт ўтса ҳам, тегишли қонун қабул қилинмаган.

Аксилкоррупция агентлиги директорига кўра, ҳамма учун очиқ бўлган алоҳида платформа яратилиши ва платформа у ёки бу давлат идорасининг сайтида эмас, алоҳида бўлиши кутилган эди.

“Ҳар қандай фуқаро унга кириб, қайси амалдор ва қайси давлат хизматчисининг қанақа мулки борлиги, қанча даромад топаётганини кўриш имкониятига эга, очиқ платформани яратишни режалаштирганмиз”, – деган Акмал Бурҳонов 2021 йил 9 июл кунги матбуот анжуманида.

“Бизнинг режамизда босқичма-босқич, худди Европа каби барча фуқаролар декларация тўлдириш тизимига ўтмас эканмиз, коррупцияни тўлалигича бартараф қила олмаймиз. Кейинги йилдан бу тизимни жорий қилганимизда рўйхатга фақатгина вояга етмаган фарзандларини киритиш самара бермаса, бошқа яқин қариндошларини ҳам мажбурий декларация топширувчилар қаторига киритиш масаласини ўйлаб кўрамиз. Бу масала ҳамон очиқ, тўхтаб қолгани йўқ. Буни қонунда кўрсатиб кетмоқчимиз, яъни кейинчалик, қайсидир даврда бошқа яқин қариндошлари мажбурий декларация тўлдиради, деган нормани киритишни режалаштирганмиз”, – деган эди ўша кунги матбуот анжуманида Акмал Бурҳонов.

Кўриниб турибдики, масала ҳақиқатдан ҳали ҳам очиқ, шу қадар узоқ ўйланяпти ёки аксинча бу ҳақда тамоман ўйлашни тўхтатишган. Қонун лойиҳасининг ижроси бўйича бундан аввал ҳам бир нечта нашрлар ёзиб чиқишган, аммо ҳалигача биров “нимани сўраяпсан ўзи?” деганича йўқ.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги 2020 йилнинг ноябр ойида БМТ Тараққиёт дастури, Жаҳон банки ва «Минтақавий мулоқот» халқаро ноҳукумат ташкилоти таклифлари асосида даромад ва мулкни декларациялаш тўғрисидаги қонунни ишлаб чиққан.

2021 йил август-сентябр ойларида қонун лойиҳаси Бош прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Олий суд, Давлат хизматларини ривожлантириш агентлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги ва Марказий банк билан биргаликда келишиб олинган ва якунланган.

2021 йил 10 ноябр куни Адлия вазирлиги ҳуқуқий экспертиза натижаларига кўра қонунни қабул қилиш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида ижобий хулоса берган ва ҳужжатни Президент администрациясига юборган.

Фармон асосида “Давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ўша йилнинг 6 сентябрга қадар масъул идоралар томонидан Вазирлар Маҳкамасига киритилиши лозимлиги айтилганди. Шунга қарамай, 2021 йил 13 ноябрда қонун лойиҳаси Вазирлар Маҳкамасига киритилган. Бироқ ҳукумат бу икки ойлик кечикишга “жавобан”, ҳалигача ҳужжатни Олий Мажлис қонунчилик палатасига тақдим этгани йўқ.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги маълумотларига кўра, қонун лойиҳаси 4 боб ва 24 моддадан иборат бўлиб, қуйидаги масалаларни тартибга солади:

  • декларацияларни топшириш тартиби;
  • декларацияда акс эттирилиши керак бўлган маълумотлар;
  • декларацияни текшириш тартиби.

Ҳужжатда давлат хизматчиларининг даромадлари ва мулки декларациясини икки босқичда жорий қилиш таклиф этилади:

  • 1-босқич — президент, Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат, ҳукумат аъзолари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари;
  • 2-босқич — бошқа давлат хизматчилари (ёрдамчи, техник ва хизмат кўрсатувчи ходимлар бундан мустасно).

Даромадлар тўғрисидаги декларацияни назарда тутадиган давлат хизмати тўғрисидаги қонунни 2017 йил сентябр ойида қабул қилиш режалаштирилган эди, аммо бу муддат бир неча бор қолдирилган.

2022 йилнинг август ойида Бурҳонов қонун лойиҳаси ва давлат хизматчиларининг даромадларини декларациялаш тизими тайёр эканини таъкидлаган. Кейинчалик у қонун лойиҳаси халқаро ташкилотлар эътирозлари бўйича такомиллаштирилаётганини қўшимча қилган эди.

Ноябр ойи охирида «Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги қонуи қабул қилинди. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбари ўз идораси томонидан давлат хизматида манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ минглаб ҳолатлар аниқлангани, бироқ қонунчилик базаси йўқлиги сабабли уларни бартараф этиш муаммоли эканини таъкидлаган.

Ушбу қонунда "Давлат фуқаролик хизматчиси қонунда белгиланган муддатларда ва тартибда даромадлари ҳамда мол-мулки тўғрисида декларация тақдим этиши шарт"лиги белгиланган.


Мавзуга доир: Эскича ишлаётган, тадбиркорларни қийнаётган Солиқ қўмитаси, камбағал иқтисодиёт


Бу борада активлар декларациясининг киритилиши муносабати билан нотўғри маълумотлар тақдим этганлик ёки декларация тақдим этмаганлик учун дастлаб интизомий, маъмурий чораларни қўллаш, кейинчалик юқори лавозимли мансабдор шахсларга нисбатан нотўғри маълумотлар тақдим этганлик ёки декларация тақдим этмаганлик учун жиноий жавобгарлик жорий этилиши мумкинлиги ҳақида айтиб ўтилган. Аммо вақт ўтса-да, йўлга қўйилмаётган бу лойиҳа учун масъулларга қандай жазо қўллаш мумкин?

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори 2022 йил 4 августда берган интервюсида платформа ишга тушишга техник жиҳатдан тайёр экани, аммо қонун лойиҳаси ҳали тўлиқ тугалланмагани ҳақида айтганди. “Жаҳон банки экспертлари ёрдами билан Ўзбекистонда давлат хизматчиларининг мол-мулки ва даромадларини декларация қилиш бўйича тизимни яратдик. Бунда 40 дан ортиқ вазирлик ва идораларнинг маълумотлар базасига интеграция қилиш масаласи, қандай топширади, ҳаттоки намунавий декларация тўлдириш шаклларигача бўлган тизимни яратдик. Чунки қонун қабул қилинганидан кейин тизим бўлмаса, қонун ишламайди. Бугунги кунда техник масалалар кўриб чиқиляпти ва қонун лойиҳаси ҳам такомилига етказилмоқда. Бу лойиҳани икки маротаба халқаро ташкилотларга тақдим қилганимизда улар томонидан эътирозлар билдирилди. Таклифлар ва тавсиялар асосида такомилига етказилмоқда. Биринчи қадам қўйилди. Куни кеча Сенат томонидан маъқулланган “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонунда давлат фуқаролик хизматида ишлаётган барча ходимлар ўз мол-мулкларини мажбурий декларациялаши лозимлиги аниқ белгилаб қўйилди”, – деб айтиб ўтган.

Ҳар йили ижро муддати узайтириладиган бу қонун лойиҳаси тақдирига аниқлик киритиш мақсадида, Platina.uz Адлия вазирлиги матбуот хизматига боғланишга ҳаракат қилди, аммо улар изоҳ беришни истамасдан, иш Коррупцияга қарши курашиш агентлиги зиммасида эканини айтиб қўя қолишди. Агентлик эса улар томонидан барча керакли ишлар қилиб бўлингани, аллақачон қонун ҳужжати топширилиши керак бўлган жойда эканини айтишди.

Гулноза Қодирова

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+