platina.uz

Эскича ишлаётган, тадбиркорларни қийнаётган Солиқ қўмитаси, камбағал иқтисодиёт

Мустақил иқтисодчи, солиқ тизимида ўтказилган ислоҳотларга бевосита ҳисса қўшган эксперт Юлий Юсупов билан суҳбат.

Иқтисод
31 январь, 20:35

Ҳар қандай давлат ўз вазифаларини тўла-тўкис бажариши учун моддий-молиявий асосга таянади. Бу борада солиқларнинг аҳамияти катта. Солиқларни ундириш орқали давлат бюджетини тўлдириш, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини тартибга солиш ва уларни қўллаб-қувватлашда солиқ маъмурияти тутган мақомни тавсифлашга ҳожат йўқ. Бироқ солиқ тизими ўзининг асл вазифаларини унутиб қўйса-чи? Қандай қилиб бўлса ҳам солиқлар ва жарималар орқали пул ундиришни касб қилиб олса-чи? Бу ҳолда мазкур соҳа чуқур ислоҳотларга эҳтиёж сезади.

Охирги йилларда Ўзбекистон солиқ тизими ҳам катта эврилишларга юз тутди. Ўтмишда қилинган хатоларни тузатишга, улардан хулоса чиқаришга уринишлар кузатилди. Соҳада сезиларли ислоҳотлар ўтказилди. Аммо ислоҳотлардан кўзланган мақсадларга қанчалик эришилди? Солиқ тизимининг айни пайтдаги фаолиятини қандай баҳолаш мумкин?

Солиқ қўмитаси вакили биз билан келишилган интервюдан қочиб кетгани учун мустақил иқтисодчи, солиқ тизимида ўтказилган ислоҳотларга бевосита ҳисса қўшган эксперт Юлий Юсупов билан суҳбатлашдик.

– Ассалому алайкум, «Халқона» дастурининг навбатдаги сони ҳузурингизда. Бугун солиқ соҳасидаги ислоҳотлар ҳақида гаплашамиз. Меҳмонимиз Юлий Ботирович Юсупов, мустақил иқтисодчи. Хуш келибсиз!

– Таклиф этганингиз учун катта раҳмат.

– Юлий Ботирович, бугунги кунда тадбиркорларнинг олдида турган асосий муаммолардан бири бу албатта солиқ тизимидаги ўзгаришлар ва ундаги ислоҳотлар бўляпти. Умуман солиқ соҳасидаги ислоҳотлар қачондан бошланган ва нега бунга зарурият туғилганди?

– Солиқ борасидаги ислоҳотлар 2019 йилда амалга оширилган. Қайсидир жиҳатлари кейинги йилда ўтказилганди. Нима зарурият бўлганди, десак, келинг, гапни бироз узоқроқдан бошласам. Солиқ тизимининг функциялари ҳақида қисқача тушунтириш берсам.

Солиқ тизими ўзи нима? Қандай вазифаларни бажаради?

Солиқ тизими – аҳоли ҳамда бизнес эгаларидан солиқ ва унга тенглаштирилган тўловларни ундириш билан шуғулланади. Солиқ тизимининг 2 та асосий вазифаси бор: биринчиси бу, табиийки, фискал функция.

Солиқлар давлат ўз вазифаларини бажариши учун зарур. Чунки пул бўлмаса, давлат ўз вазифаларини бажара олмайди. Бу иқтисодиёт учун ёмон. Чунки давлат томонидан иқтисодиётга маълум даражада таъсир қилиниши ва у тартибга солиниши керак. Лекин бошқа жиҳатдан, агар фискал вазифа йириклашса ва солиқлар кўпроқ олина бошласа, бу иқтисодиётга салбий таъсир кўрсатади, чунки солиқлар – бизнес ва ишлаб чиқариш учун харажат ҳисобланади. Агар солиқлар катта бўлса, харажатлар ва маҳсулот таннархи ортиб кетади ва у рақобатбардошлигини йўқотади. Бу маҳсулот ички бозорда ҳам, ташқи бозорда ҳам рақобатбардош бўла олмайди – чунки қимматлиги боис сотиб олишмайди. Шунга мувофиқ бизнес ёмон ишлайди, кўп пул ишлаб топмайди. Маошлар пасаяди, даромадлар камаяди ва пировардида солиқлар тушумининг ҳажми ҳам қисқариб кетади. Чунки солиққа тортиладиган база ҳам кичраяди.

Шу боис мана шу фискал функция қандайдир олтин ўрталиқни топа олиши керак. Бир тарафдан – давлатнинг эҳтиёжлари ҳам қопланиши, пуллар бюджетга тушиб туриши керак. Иккинчи тарафдан – солиқ юки катта бўлмаслиги керак. Агар у катта бўлса, иқтисодиёт нормал ривожлана олмайди.

Солиқ тизимининг иккинчи вазифаси эса бу – рағбатлантиришдир.

Гап шундаки, солиқ турлари кўп. Агар солиқ битта бўлганда осон эди – ўшандан солиқ тўлардингиз ва у бюджетга тушарди. Аслини олганда солиқлар кўп.

Бундай вазиятда солиқлар иқтисодий тараққиётни рағбатлантириши ёки унга тўсиқ бўлиши мумкин.

Солиқлар жамият учун зарарли иқтисодий жараёнларга тўсқинлик қилиши ва яхшиларини рағбатлантириши лозим.

Жамият учун нима зарарли бўлади? Мисол учун, бир тадбиркор ишлаб чиқаришни ташкил этди ва атроф-муҳитни ифлослантира бошлади, дейлик. Унинг корхонасини шунчаки ёпиш ёки каттароқ жарима ва солиқлар солиш билан жазолаш мумкин.

Натижада тадбиркорда қандайдир тозаловчи ускуналарни ўрнатиш ва атроф-муҳитни заҳарламасликка рағбат пайдо бўлади.

Жамият учун яхши ҳаракатлар нима? Масалан, тадбиркор ўз ходимларини ўқитади. Уларнинг малакасини оширади. Ходимлар қул ёки крепостной эмас, улар нафақат шу тадбиркор қўлида, балки бошқа жойларда ҳам ишлаши мумкин. Уларнинг инсоний капитали қанча юқори бўлса, малакаси қанча баланд бўлса, жамиятга шунча фойда келтиради. Жамият тадбиркорнинг ўз ходимлари малакасини оширишидан манфаатдор. Солиқ тизими нуқтаи-назаридан, жамият бу ерда нима қила олиши мумкин? У тадбиркор ўз ходимлари малакасини ошириш учун сарфлаган харажатни солиққа тортмаслиги керак!

Натижада тадбиркор бу пулни ишлаб чиқаришни кенгайтиришга сарфлайди: ускуналар сотиб олади. У янги ускуналар ёрдамида янги маҳсулотлар ишлаб чиқаради. У ишлаб чиқаришга кўпроқ инвестиция киритишидан жамият манфаатдор. Бу солиқ тизимининг рағбатлантирувчи вазифаси ҳисобланади.

Афсуски, ҳар икки вазифа ҳам жуда қаттиқ зарар кўрди. Эски солиқ тизими, ҳамма нарсани ўз оти билан айтадиган бўлсак, иқтисодиётни ривожлантиришга қаттиқ халақит берувчи ёвуз махлуқ эди. Нега?

Биринчи вазифа – фискал вазифа. Иқтисодиётдан қанча солиқ олинади? Шундай бир боғлиқлик бор: иқтисодиёт қанча камбағал бўлса, унга ўртача солиқ юки шунча кам бўлиши лозим. Бой иқтисодиётлар кўпроқ солиқ тўлайди.

Бой ва камбағал одамни олсак, ким кўпроқ солиқ тўлаши керак, ҳатто фоиз даражасида ҳисобласак ҳам? Агар камбағал одам даромадининг 30 фоизини олиб қўйсангиз, у очликдан ўлиши мумкин. Бой одам даромадининг 30 фоизини олсангиз, у ҳатто сезмай қолиши мумкин.

Иқтисодиёт ҳам шундай.

Бизда иқтисодиёт камбағал, бизда ЯИМнинг жон бошига улуши 2000 доллардан сал кўпроқ холос. Бу бир кишига! Бу жуда камбағал иқтисодиёт. Иқтисодиёт қанча камбағал бўлса, даромадлар қанча паст бўлса, солиқ юки шунча паст бўлиши керак. Чунки акс ҳолда бу иқтисодиёт тез ривожлана олмайди. Бой иқтисодиётларнинг тез ривожланиши шарт эмас, улар шундоқ ҳам бой. Биз эса уларга етиб олишимиз лозим. Камбағал иқтисодиёт бой иқтисодиётга етиб олиши лозим. Шу боис солиқ юки пастроқ бўлиши лозим. Бой иқтисодиётлар камбағал бўлишганида, уларда ҳам солиқ юки паст бўлган.

Ўзбекистон шундай ғаройиб давлатки, бу ерда иқтисодиёт камбағал, ЯИМнинг жон бошига улуши паст, лекин солиқ юки худди бой давлатлардаги каби катта. Яъни бизда ЯИМнинг жон бошига улуши 2000 доллар бўлгани ҳолда, солиқ юки худди бу улуш 50 минг доллар бўлган давлатдаги каби баланд! Айтайлик, худди Франциядаги каби.

Жаҳон банкининг ҳисоботларига қараганда (бу 2018 йилги ҳисоб-китоб, ўшандан буён мен бошқа тўлақонли ҳисоботларни кўрмадим), биздаги умумий солиқ юки, яъни ўзида бюджетни ҳам, бюджетдан ташқари фондларни ҳам, давлат ташкилотларининг ҳалиги жамоатчилик тадбирларига харажатларини ҳам ўз ичига олган ҳолда солиқ юки ЯИМнинг 40 фоизидан ортиғини ташкил этган. Бу Франция даражаси! Бу Европанинг энг бой давлатларининг даражаси.

Ҳатто Жанубий Осиёдаги бой мамлакатларни олиб кўрсак ҳам, уларда мазкур кўрсаткич одатда 20 фоиздан ошмайди. Бизда эса 40 фоиздан кўп. Орадаги фарқни кўряпсизми?

Бой давлатларда, масалан, Тайванда солиқ юки ЯИМнинг 10-12 фоизини ташкил этади холос.

Табиийки, бу солиқ юки иқтисодиётга ортиқча юк бўлиб тушади, бизнеснинг харажатлари ортади ва иқтисодиёт бундан рақобатбардошлигини йўқотади. Бизнинг маҳсулотларимиз яхши сотилмайди.

Бу эски солиқ тизимининг биринчи муаммоси бўлиб, солиқ ислоҳотлари давомида ҳал қилиниши керак эди. Иқтисодиёт нормал ривожланиши учун иқтисодиётга солиқ юкини пасайтириш керак эди.

Иккинчи муаммо ундан ҳам оғир эди. Иккинчи муаммо – боя биз айтган рағбатлантирувчи вазифа билан боғлиқ бўлиб, у тескари тарафга ишлаган. Яъни солиқ тизими яхши натижалар учун яхши рағбат, ёмон ҳаракатлар учун ёмон рағбат яратмаган, у ҳаммасини аксинча қилган.

Бу нимада ўз ифодасини топган эди?

Эски солиқ тизимининг иккита асосий муаммоси бўлган.

Ҳозир ҳам, аввал ҳам 2 та солиққа тортиш режими бор эди: умумий ва соддалаштирилган режим. Умумий режимда корхоналарнинг тахминан 3 фоизи ишлар эди. Қолган 97 фоиз корхона соддалаштирилган режимда ишларди. Умумий ва соддалаштирилган режимнинг фарқи – ишлаётган ходимлар сони билан белгиланади. Турли соҳаларда турли чегара ўрнатилган эди. Айрим соҳаларда 25 киши, айримлари учун 50, баъзилари учун 100 киши белгиланган. Кейин солиқ ислоҳотлари натижасида айрим соҳалар учун бу чегарани 200 кишига кўтаришди. Демак, мана шу чегара – 100 ёки 200 кишидан кўп ходим ишласа, сиз умумий солиқ режимига ўтардингиз. Бу ерда муаммо шунда эдики, бу икки режимдаги солиқ юки жуда кескин фарқланар эди. Агар соддалаштирилган режимдан умумийсига ўтсангиз, солиқ юки 2, 3, 5 бараварга ортиб кетарди. Айрим ҳолатларда 7 баробарга фарқ қилар эди.

Лекин барибир, масалан, рақобатчингиз шартли равишда 100 доллар солиқ тўласа, сиз эса 300 тўласангиз, сиз уларга нисбатан рақобатбардошликни йўқотасиз.

Ишчиларингиз қанча кўп бўлса, сиз шунча кўп солиқ тўлайсиз. Корхонангиз қанча йирик бўлса, шунча кўп солиқ тўлашингиз лозим. Натижада бизнес ўса олмайди.

Айтайлик чегара – 50 киши дейлик. Сизда 49 киши ишлар эди. Тадбиркор сифатида яна 5 кишини ёлладингиз. Одамларга иш бердингиз, уларга маош тўлайсиз, кўпроқ солиқ тўлайсиз, чунки маош ҳам солиққа тортилади. Сиз 50 ёки 500 кишини ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириш учун ишга олдингиз. Шунга мувофиқ, одамларда эҳтиёж кучли товарларни кўпроқ ишлаб чиқарасиз.

Яна бир муҳим омил бор. Кўпгина ҳолларда иқтисодиётнинг айрим соҳаларида, айниқса саноатда “кўлам эффекти” деган нарса бор. Яъни сизда ишлаб чиқариш кўлами қанча катта бўлса, маҳсулот ишлаб чиқариш учун ўртача харажат ҳам шунча камаяди. Ҳар бир бирлик маҳсулот сизга арзонроқ тушади. Табиийки, айрим соҳаларда ишлаб чиқариш кўлами катта бўлиши лозим, шунда маҳсулот рақобатбардош бўлади.

Демак, ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириш бу – зарурият, техник зарурият.

Сиз фақат яхшилик қилдингиз. Давлат бунга жавобан нима қилди?

Сиз умумий режимга тушасиз ва солиқларингиз ортади. Бир неча баробар. Сиз рақобатбардош бўла олмайсиз. Демак, рағбатлантириш вазифаси тескари самара берар эди. Бу сизни яхши иш қилишдан бездиради. Шу боис фақат 3 фоиз корхона умумий режимда ишларди. Шунчаки бошқа иложи йўқ эди. Йирик ва жуда йирик корхоналар соддалаштирилган режимда ишлай олмасди. Қолган корхоналар эса майда қисмларга бўлинарди. Ишчилар сонини яширишар эди. Улар ўсмас эди. Бундан иқтисодиёт азият чекарди. Чунки бизнес ўсиши керак.

Солиқ тизими эса бизнеснинг ўсишига, кенгайишига халақит берарди.

Эски солиқ тизимининг зарарли бўлганига яна бир бошқа бир мисол. Эски солиқ тизимида барча корхоналар – умумий режимдагилар ҳам, соддалаштирилган режимдагилар ҳам “айланмадан олинадиган солиқ” деган солиқни тўлашар эди.

“Айланмадан олинадиган солиқ” нима дегани? Солиқлар солиққа тортиладиган базадан тўланади. Масалан, даромад солиғи маош тўлаш фондидан тўланади. Миллион сўм ишласангиз, шундан солиқ тўлайсиз. Фойда солиғи эса олинган фойдадан тўланган. ҚҚС – қўшимча қиймат солиғи эса (агар шундай омил мавжуд бўлса) тўланган. Айланмадан олинадиган солиқ эса бутун тушум ҳажмидан тўланган. Масалан, миллион сўм ишлаб топсангиз ёки тадбиркор миллиард топса, шундан 5 фоиз (агар соддалаштирилган режимда бўлса) ягона солиқ тўлови тўланган. Фойда қанча олишингиз муҳим бўлмаган. Эҳтимол 5 фоиз ҳам эмас, 1 фоиз соф фойда оларсиз. Сиз барибир тушумдан солиқ тўлагансиз. Бу жуда содда солиқ. Уни солиқчиларимиз жуда яхши кўришар эди. Бухгалтерларимиз ундан-да кўпроқ яхши кўрарди. Чунки тушумдан 5 фоизни ёш бола ҳам ҳисоблай олади: миллиард пул келса, 5 фоизини солиқ қўмитасига жўнатишар эди, тамом-вассалом!

Лекин бу ўйлаб топиш мумкин бўлган энг қўрқинчли ва даҳшатли солиқ эди. Такрор айтаман, уни умумий режимдагилар ҳам тўларди. Уларда 5 эмас, 3,5 фоиз бўлса-да, барибир тушумдан тўланар эди. У бошқача аталарди.

Нега бу ёмон солиқ? Чунки у корхоналарга ҚҚСнинг узун занжирини ташкил этиш имкониятини бермасди. Замонавий иқтисодиёт жуда мураккаб ва жуда ихтисослашган. Одатда ҳар бир тадбиркор бирор тор соҳа билан шуғулланади. Ҳатто йирик корпорациялар ҳам ҳамма ишни ўзлари қилишга уринишмайди. Уларда жуда майда компаниялар бўлади. Аутсорсинг билан шуғулланишади. Улар ҳам қайсидир вазифани бажаришади. Чунки ҳамма ўз иши билан шуғулланиши лозим. Ихтисослашув лозим. Табиийки ҚҚС узун занжири пайдо бўлади. Ҳатто энг оддий товарни олсангиз ҳам у турли корхоналарда ҳамкорликда ясалганини кўришингиз мумкин. Товар таркибий қисмлари ҳатто турли давлатларда, бутун Ер шари бўйлаб тайёрланган бўлиши мумкин. Демак, узун занжир, кўплаб занжирлар тизилади.

Айланмадан солиқнинг ёмон тарафи нимада? Сиз тушумдан солиқ тўлайсиз. Ва ҳар бир босқичдан яна солиқ тўланади. Масалан, сиз фермерсиз, пахта етиштирдингиз. Мен пахтани қайта ишловчи заводман ва пахтани менга сотдингиз. Мен пахта хом-ашёсидан пахта толаси тайёрлайман. Сиз айланмадан 5 фоиз солиқ тўладингиз. Бир қарашда 5 фоиз арзимаган нарса. Сиз тўладингиз. Мен сиздан пахтани сотиб оламан ва ундан пахта толаси тайёрлаб, сотаман ва мен ҳам 5 фоиз солиқ тўлайман. Шунингдек, пахта қийматидан ҳам. Гарчи унинг учун сиз солиқ тўлаган бўлсангиз ҳам. Яъни бир пахтадан иккинчи марта солиқ тўланмоқда. Кейин эса пахта толасидан калава ип тайёрланади. Калава ишлаб чиқарувчи яна бир одам калавани сотади ва яна бутун тушумдан 5 фоиз солиқ тўлайди. Бу пахта учун эса сиз солиқ тўладингиз, мен тўладим, энди у ҳам тўлайди. Шу тариқа охирги харидоргача шундай давом этади. Албатта, 6-7 босқичли узун занжирлар ҳам бўлади. Ҳар гал шу 5 фоиз яна тўланади. Охирги харидор ҳам 5 фоиз тўлайди. Демак, бу 5 фоиз аслида 35, 45, 50 ва бошқа фоизга айланиб кетади. Яъни улкан солиққа айланади. Бунда алоҳида олинган тадбиркор буни ҳис қилмайди, чунки унинг учун 5 фоиз унча кўп миқдор эмас. Лекин алал-оқибат бу тайёр маҳсулот нархига таъсир қилади. Маҳсулот рақобатбардош бўла олмайди.

Шу боис бутун дунёда айланмадан солиқ олинмайди. Фақат жуда кам ҳоллардагина, айрим истисноли вазиятлар учунгина олиниши мумкин. Бизда эса ҳамма шу солиқни тўларди. Яна қайтараман бу жуда даҳшатли солиқ эди: у меҳнат тақсимотига йўл қўймасди. Бутун иқтисодиёт эса меҳнат тақсимоти устига қурилади. Эски солиқ тизими мана шундай узун занжирларни тузишга йўл қўймасди. Бу нимага олиб келди? Қандай ишлаб чиқариш ривожланди? Ердан нефт, газ, олтин қазиб олиб, пахта экиб, хом ашё олишдан кейин оддий бир маҳсулот ишлаб чиқариларди. Масалан, мисдан сим тайёрланар, олтиндан эса қуйма ясаларди ва дарҳол сотишга ҳаракат қилишарди. Агар бу занжирни яна давом эттиришга уринсангиз, пахтадан ҳатто ёпинчиқ тайёрласангиз ҳам бояги солиқни бир неча марта тўлашга тўғри келарди.

Яна қандай ишлаб чиқариш ривожланди? Хориждан эҳтиёт қисмлар сотиб олиб, бу ерда йиғиш ривожланди.

Ҳақиқий қимматли бойлик яратилиши, ҳақиқий қўшимча қиймат пайдо бўлиши мумкин бўлган ўринларда ишлаб чиқариш ривожланмади.

Агар “мен бу тизимни алдайман, ҳамма босқични ўз ичига олган катта корхона ташкил этаман”, десангиз, ўзингизга ўзингиз сотмайсиз-ку, яъни кўп марта солиқ тўламайсиз, у ҳолда биринчи тузоққа тушиб қоласиз. Сиз йирик корхонага айланасиз ва умумий режимга ўтасиз! Ва дарҳол 5 баравар кўп солиқ тўлай бошлайсиз. Яъни солиқ тизими ривожланиш учун умуман имкон қолдирмасди.

Бунинг устига, боя айтганимдек, солиқ юки юқори эди. Жумладан, меҳнатга солиқ ҳам. Бизда меҳнатга ҳақ тўлаш фонди, яъни биз маош оладиган фонд 3 та солиққа тортилган. Агар сиз тадбиркор сифатида ишчига миллион ёки 10 миллион сўм маош тўламоқчи бўлсангиз, шу миқдордан тахминан 60 фоизини давлатга тўлагансиз.

Бу ҳам улкан аксилрағбат бўлиб, кўпроқ ишчи ёллашга тўсқинлик қиларди. Уларга норасмий маош тўлаш ёки умуман ёлламасликка ундарди.

Шунинг учун солиқ ислоҳоти ўтказиш эҳтиёжи туғилди. У умумий солиқ юкини камайтириши талаб этиларди. Умумий ва соддалаштирилган режим ўртасидаги фарқни камайтириши лозим эди. Айланмадан солиқ тўлашни бекор қилиши керак эди.

Меҳнатга ҳақ тўлаш фондига солиқ юкини камайтириши лозим эди. Бизда миллионлаб одамлар хорижда гастарбайтер бўлиб ишлашади, чунки мамлакатда иш топа олишмайди. Давлат эса меҳнатга ҳақ тўлаш фондига катта солиқ соларди. Бу мантиқсизлик!

Ва бешинчи вазифа – солиқ маъмуриятчилиги харажатларини камайтириш лозим эди. Солиқ маъмуриятчилиги нима дегани? Бу солиқлар қандай йиғилишини англатади. Солиқ йиғиш тамойиллари яъни. Бу жараён жуда мураккаб эди ва бу ҳам иқтисодиёт учун ортиқча юк эди.

Мана шу 5 та вазифа турганди.

Ислоҳот қанчалик тўғри ўтказилди? Биз 2019 йилда бу ислоҳотларни ўтказдик. Лекин қисман. Айтайлик, умумий ва соддалаштирилган режим ўртасидаги фарқ муаммоси анча камайтирилди. Бу ҳам дарров юз бермади.

Аввалига ислоҳот муаллифлари, жумладан, мен ҳам, ҚҚС ни, 20 фоизлик солиқ юкини дарров 12 фоизгача пасайтиришни таклиф қилдик.

Ҳа, умумий режимдаги кўплаб солиқлар пасайтирилди, лекин барибир катта фарқ қолди, чунки ҚҚСни 20 фоизлигича қолдиришди. Ҳозир уни пасайтиришди. Орадан бир неча йил ўтиб, биз таклиф қилгандек, 12 фоизга туширишди. Лекин бир неча йилни йўқотдик. Бу яширин бизнесга ўтиш учун “яхшигина” рағбат бўлди.

Корхоналар ҳақиқий тушумни яширишди ва соддалаштирилган режимга ўтишди.

Лекин барибир ҚҚСни пасайтирганимиз туфайли, умумий режимдаги кўплаб солиқлар қисқартирилгани, ҳатто бекор қилинганидан кейин ҳозир деярли фарқ йўқ. Яъни бу муаммони ҳал қилдик.

Иккинчи муаммо – айланмадан олинадиган солиқлар эди. Ҳозир айланмадан солиқни фақат соддалаштирилган режимдаги корхоналар тўлайди. Умумий режимда айланмадан солиқ йўқ. Бу жуда яхши. Лекин соддалаштирилган режимда жуда кам корхоналар қолди. Барча ўрта ва йирик корхоналар умумий режимга ўтишган. Улар айланмадан солиқ тўлашмайди. Улар фақат ҚҚС тўлашади. Натижада улар ўша узун занжирларни туза олишади. Ихтисослашув билан шуғуллана олишади.

Энг катта ютуғимиз – меҳнатга ҳақ тўлашга солиқни камайтириш бўлди.

Бизда 3 та солиқ бор эди. Прогрессив даромад солиғи бор эди. Сиз қанча кўп пул ишласангиз, солиқ ставкаси шунча баланд бўларди. Энг юқори ставка ойига 100 доллардан кўпроқ даромаддан бошланарди. Негадир бизнинг амалдорларимиз ойига 100 доллардан кўп даромад қилсангиз, сизни худди франциялик миллонер каби энг баланд солиққа тортиш мумкин, деб ҳисоблашади.

Билмайман, улар қандай мантиққа асосланишган, лекин тизим шундай эди.

Ҳозир қандай? Ҳозир фақат 2 та солиқ қолган. Даромад солиғи ва ижтимоий солиқ, яъни ижтимоий тўловлар. Ҳар бири 12 фоиздан, жами 24 фоиз. Бу унча кўп эмас, бу нормал ҳолат.

Лекин солиқ юки билан боғлиқ биринчи вазифа – 2015 йилда ЯИМнинг 40 фоиздан юқорисини ташкил этарди – бу муаммо афсуски ҳал этилмади.

Лекин муаммо шундаки, амалдорларимиз, давлатимиз бозор иқтисодиёти шароитида сарфланиши керак бўлмаган ўринларга пул сарфлашади. Масалан, кимларгадир имтиёзлар беришади.

Мана “бу корхона бизга ёқиб қолди ёки у ерда жияним ишлайди, келинглар, унга имтиёз берайлик”, дейишади. Демак, бюджетга пул кам тушади, бошқа бировлар унинг учун кўпроқ солишга мажбур бўлади. Ёки қайсидир харажатлар учун субсидия берамиз, дейишади. Ёки имтиёзли кредит берамиз-да, уни давлат бюджетидан молиялаштирамиз, дейишади. Ёки давлат банклари ҳисобидан имтиёзли кредит берайлик, дейишади. Бизда тижорат банкларининг 80 фоиз активлари давлатга тегишли. Барча йирик банклар давлатга тегишли. Амалдор эса давлат банкига айтади: “мана бу тадбиркорга, у менга қайсидир сабабларга кўра ёқиб қолди, унга имтиёзли кредит берайлик” дейди. Бозорда кредит ставкаси 30 фоиз бўлса, унга эса 20 фоизлик берамиз, дейди. Банк эса ўз харажатлари ҳисобидан буни тўлайди. У зарарни қандай йўл билан қоплайди? Энди у бошқаларга 30 эмас, 35 фоиздан кредит беради.

Амалдорлар чўнтагимиздан пул олиб, бошқа бировга, бирор бизнесга беради. Бизнесга пул бериш керак эмас. Бизнеснинг ўзи пул ишлаб топиши лозим! Яна давлатга ҳам солиқ тўлаши керак. Бизда эса тизим шундайки, давлат бизнесни қўллаб-қувватлашга ва молиялаштиришга мажбурмиз, деб ҳисоблайди негадир. Ҳамма бизнесни эмас, ҳаммага иложи йўқ, фақат қайсидир танланган бизнесга ёрдам беришади.

Бу рақобатни вайрон қилади. Иқтисодиётнинг ривожланишига халақит беради. Бу иқтисодиёт учун ортиқча босим туғдиради. Демак, кўпроқ солиқ солишга мажбур бўлади. Агар солиқлар етмаса, давлат қарз ола бошлайди. Лекин бу қарзни тўлаш керак-ку? Бу биздан келажакда олинадиган солиқлар! Бу ҳам солиқ юкини оширади. Биз давлатнинг иқтисодиётга муносабатини ўзгартирмасак, давлат нима билан шуғулланиши кераклигини тушуниб етмасак, бу солиқ юкига салбий таъсир қилади. Иқтисодиётга солиқ юкини камайтириш учун, биринчи навбатда давлатнинг иқтисодиётга аралашувини кескин камайтиришимиз керак. Амалдорларни иқтисодиётдан суғуриб олишимиз, унга аралашишни тақиқлаб қўйишимиз керак. Ҳа, давлатнинг бозор иқтисодиётидаги муҳим вазифалари мавжуд, бироқ улар мутлақо бошқа вазифалар, ҳозир давлат ва амалдорлар қилаётган ишлар эмас. Давлат “ўйин” учун тенг шароитлар яратиб бериши керак. Ҳамма учун тенг қоидалар яратиши лозим. У рақобатни рағбатлантириш керак. Бизнесга тўсиқларни бартараф этиши керак. Кимдир бошқасини алдашига йўл қўймаслиги, шартномаларни бажариши учун шаффоф қонун-қоидаларни яратиши лозим. Самарали суд тизимини яратиши лозим. Мана давлатнинг вазифалари нимадан иборат!

Бизда эса амалдорлар, масалан, фермерларга, қайси ерга нима экиши лозимлигини кўрсатиб беради. “Мана бу ерга пахта экасан. Мана бу ерга буғдой экасан. Бу ерга тут дарахти экиб, барги билан ипак қурт боқасан”, дейишади. Буларни амалдорлар ҳал қилади. Бозор иқтисодиётида бу масалаларни бозор талабларидан келиб чиқиб, фермернинг ўзи ҳал қилиши лозим. Масалан, бу ерга пахта ўсмайди, деб айтиши лозим. “Бу ерда яхши ўсмайди. Помидор эксам, 5 баравар кўпроқ даромад қиламан. Пахта иқтисодий зарар келтиради”, дейиши керак.

“Йўқ, мен нима экиш кераклигини сендан яхши биламан”, дейди амалдор. Амалдорларимизнинг бундай ёндашув фалсафаси ҳамма жойда устувор. Амалдорлар нима билан шуғулланишни бизнесдан кўра яхшироқ билишади гўё. Бу ҳолатда эса фермерларни бирор ўсимликни экишга мажбурлашади. Ёки улар бирор товар, масалан, маиший техника ишлаб чиқариш зарур, деган қарорга келишади. Маиший техникани Ўзбекистонда ишлаб чиқариш қийинлиги боис, (масалан, тегишли кадрлар, керакли технология йўқлиги боис), “келинглар, мана бу корхонани солиқлардан озод қиламиз”, дейишади, кейин. Улар рақобатни умуман ҳис этмасликлари учун импортни ҳам тақиқлаб қўямиз. Импортга баланд божхона пошлиналарини жорий этиш йўли билан. Натижада гўё шу йўл билан ривожланишади. Улар ривожланмайди! Улар жойида қотиб тураверади. Чунки улар монополистлар!

Демак, амалдорларнинг иқтисодиётга ортиқча аралашуви, биринчидан, зарар келтиради, чунки рақобатни ва ривожланишни барбод қилади; иккинчидан, у солиқ юки сифатида иқтисодиёт зиммасига тушади.

Хуллас, биринчи вазифани ҳозиргача бажаришгани йўқ. Қолган айрим вазифаларни солиқ ислоҳотлари шарофати билан амалга оширдик.

– Ўтказилган ислоҳотлар ўз таъсирини кўрсатдими? Масалан, давлат бюджетига солиқ тушумлари кўпайдими? Ёки яширин иқтисодиётдагилар очиқликка чиқдими?

– Ҳали айтганимдек, солиқ юки пасайтирилди. Бир қарашда солиқ ставкалари камайтирилса, бу солиқлардан бюджетга тушум камайиши керакдек кўринади. Лекин бунинг мутлақо акси бўлди – тушумлар кўпайди. Чунки кўплаб корхоналар аввал яширган, конвертда маош берган ходимларини расман ишга олишди. Шу боис даромад солиқлари ҳам кўпайди.

Бошқа солиқ турлари бўйича ҳам тушумлар кўпайди, чунки яширин иқтисодиёт кўлами кескин камайди. Мисол тариқасида айтадиган бўлсам, бизда 2017 йилгача жуда юқори божхона пошлиналари ўрнатилган эди. Булар нафақат пошлиналар, балки бошқа тўловлар ҳам – импорт акцизи, ҚҚСга ҳам тегишли эди. Агар бирор товар олиб кирмоқчи бўлсангиз, ўртача ҳисобда унинг қийматининг 50 фоизи миқдорида божхона тўловларини амалга оширишингиз керак бўларди. Тасаввур қиляпсизми? Товар қиймати 50 фоизга – 1,5 барварга ортиб кетар эди. Аслида ҳеч ким бу тўловларни амалга оширмаган. Чунки товарларнинг асосий қисми контрабанда йўли билан киритилар эди. Бу тўловларни тўлашнинг имкони йўқ, нархи ошиб кетган товарни бу қийматда сота олмасдингиз. Ундан кўра амалдорларга пора берардингиз, қонун бўйича товар қийматининг 50 фоизи эмас, 20 фоизини норасмий тўласангиз, сизни ўтказиб юборишган. Улар бу товар учун тўловлар йўқ деб ёки унинг ТИФ ТН (Ташқи Иқтисодий Фаолият Товарлар Номенклатураси) кодини ўзгартириб, чегарадан ўтказиб беришган.

Иккинчидан, фақат имтиёзга эга шахслар расмий равишда товар олиб киришган. Амалдорлар, бир тарафдан, жуда баланд божхона тўловларини ўрнатишган, иккинчи тарафдан эса, ўнга-ю чапга имтиёзларни тарқатишган. Имтиёзи бор шахслар бундай тўлов қилмаган. Рақобатчиларингиз тўлаши керак, лекин сиз тўламагансиз. Натижада имтиёзи борлар бемалол товар олиб киришган. Шунинг учун бюджетга деярли тушум бўлмаган. Бир тарафдан расман божхона тўловлари ўта юқори, импорт бор, лекин аслида бюджетга дарё эмас, ирмоқча оқиб борган холос. Чунки ё контрабанда, ё имтиёз асосида товар олиб кирилган.

2017 йилдан кейин божхона тўловлари кескин қисқартирилди. ҚҚС билан бирга ҳисобланса, тахминан 2 баравар камайди. Агар нафақат импортчилар, балки маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ҳам тўлайдиган ҚҚС ҳам ҳисобга олинса деярли 5-7 фоиз қолган. Чунки импортдан акциз солиғини ҳам олиб ташлашди. Бу товар қийматининг 5-6 фоизи холос. Бу оз эмас, лекин кўп ҳам эмас. Лекин бюджетга тушумлар кўпайди. Чунки умуман пул тўламайдиган имтиёзчилар деярли йўқолди. Энди ҳамма тўлашга мажбур. Иккинчидан, контрабанда легаллаштирилди. Аввал контрабанда билан олиб келишган бўлса, энди қонуний йўл билан олиб келишяпти. Натижада солиққа тортиладиган база кўпайди. Бюджет бундан ютди.

– Шу ўринда Эркин иқтисодий зоналар ҳақида ҳам гапириб ўтсангиз, у ердаги корхоналар солиқ тўламаса керак. Уларга қандай мезонлар асосида кирилади, қайси корхоналарга имтиёзлар берилади? Бу иқтисодиётимиз учун, солиқ сиёсати учун зарар эмасми?

– Нафақат солиқ имтиёзлари, балки имтиёзли кредитлар ҳам бўлади. Аввал конвертация бўйича имтиёзлар бор эди. Бунда валютани расмий курс бўйича сотиб олардингиз, бошқалар эса сотиб ололмасди. Мана шу имтиёзлар – солиқ, кредит ва эски конвертацион имтиёзлар – иқтисодиётимизнинг энг асосий муаммолари эди. Бу айнан амалдорларнинг иқтисодиётга аралашувининг асосий воситалари эди.

Амалдорлар негадир ўзлари ҳал қилишарди: мана бунга имтиёз берамиз, бунга эса бермаймиз, дейишарди. Бу ерда илмий ёндашув бўлмаган. Илмий ёндашув шундан иборатки, рақобат бўлиши учун, барчага тенг имкониятлар яратиш керак. Чунки, агар менга имтиёз беришса-ю, сизга беришмаса, мен рақобатда сиздан ғолиб чиқаман. Сиз мағлуб бўласиз. Лекин сиз самаралироқ тадбиркор бўлишингиз мумкин. Тўғрими? Сиз арзонроқ ва сифатлироқ маҳсулот сотишингиз мумкин. Лекин имтиёзлар боис мен сизни бу курашда мағлуб этаман. Бу нотўғри, чунки, кучли одамлар эмас, таниш-билиш кўплар ютиб чиқади.

Ёки соҳалар бўйича қандайдир имтиёзлар беришади. Амалдор негадир айнан мана шу соҳани ривожлантириш керак, деган фикрга келади. Нега бундай қарор қилган? Сабаби нима? Унда бу қарор учун ҳеч қандай илмий ёндашув бўлмаган. Чунки замонавий иқтисодиётда ҳамма нарса жуда тез ўзгаради. Ҳозир фалон соҳа истиқболли деб ҳисоблаб, уни ривожлантирасиз. Беш йилдан кейин, ҳатто эртаси куни ҳаммаси ўзгариб кетиши мумкин. Янги технологиялар, янги хом-ашё турлари пайдо бўлади ва айнан шу ерда ишлаб чиқарадиган товарингиз рақобатга дош беролмаслиги маълум бўлади. Шу боис бу масалаларни амалдорлар ҳал қилмаслиги керак. Буни бозор ҳал қилади. Тадбиркорларнинг ўзлари ўз пулларини таваккал қилиб тикиб “мен пайпоқ ишлаб чиқараман” ёки “мен компьютер ишлаб чиқараман” дея қарор қилишлари лозим. Буни тадбиркорнинг ўзи ҳал қилади. У ўз пулини тикиб таваккал қилади. 100 марта қайта ҳисоблайди, эҳтиёт чораларини кўради, бу масалани яхши тушунадиган мутахассисларни ёллайди. Амалдорлар эса бундай қилишмайди. Улар бошқа одамларнинг пули билан қарор чиқармасликлари керак. Бошқаларнинг пулларига хўжайинлик қилмасликлари керак. Бошқаларнинг пулига хўжайинлик қилсанг, коррупцион мотив ҳам юзага чиқади: “фалончига имтиёз бераман, чунки у жияним; фалончига имтиёз бераман, чунки менга пора берган”... Бу иқтисодиётимизнинг энг қўрқинчли муаммолари.

Шунинг учун, ЭИЗлар ҳақида тўғри айтдингиз, бу ҳам муаммо. Чунки бу зоналарга бирор корхонанинг кириши қийин. Ёки пора эвазига, ёки таниш-билиш орқали кириш мумкин. Кейин эса имтиёзларни бекор қилишади. У иқтисодиёт учун зарар етказишдан бошқа нарсага ярамайди. Шунинг учун имтиёзларни имкон қадар камайтириш керак. Алоҳида олинган корхоналарга махсус имтиёз бериш умуман мумкин эмас. Табу! Қатъий тақиқлаш лозим. Соҳалар бўйича имтиёзлар ва ЭИЗлар бўйича имтиёзларни ҳам минималлаштириш лозим. Умумий солиқ юкини пасайтириш лозим. Ҳамма учун! Бизнес учун тўсиқларни йўқотиш лозим. Ўшанда бизнес нормал ривожланади. Бизнес рақобатбардош маҳсулотни яратади, ўсади ва янги иш ўринларини яратади. Бизда эса негадир амалдорлар бизнесга нима ишлаб чиқариш ҳақида кўрсатма беришади.

Масалан, шу имтиёз асосида ташкил этилган корхона бўлса, имтиёзларни кейинчалик бекор қилишади ва унинг рақобатбардош эмаслиги билиниб қолади. Лекин у бозор қонунлари бўйича “ўлиши” лозим. Ёки у ўзгариб-мослашади ва ниҳоят рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқара бошлайди ёки ўлади. Лекин амалдорларимиз “йўқ, бу ерда 500 киши ишлайдику. Бунинг устига унга қанча пул сарфладик, қанча имтиёзлар бердик. Келинглар, бу корхонани яна қўллаб-қувватлашда давом этайлик”, дейишади. Масалан, рақобат чекланади, божхона пошлиналари кўтариб қўйилади. Рақобатчилардан холи бўлиши учун. Ёки “уларни субсидиялаймиз”, дейишади. Лекин бу иқтисодиёт учун зарардан бошқа нарса келтирмайди. Чунки корхона ва бизнес жамиятни боқиши керак, давлат корхонани боқиши керак эмас. Бу мантиқсизлик.

– Ҳозир солиқ тизимидаги ходимларнинг ишларига қараб турган ҳолда, шуларни кўрган ҳолда, булар ҳалиям эски совет тизимида режали иқтисодиёт бўйича ишлаяптими, деб ўйлаб қолади одам. Гарчи янги авлод мутахассисларнинг кўпчилиги хорижий университетларни тамомлаган бўлса-да, иш услуби ҳалиям эскича қоляпти. Бунинг сабаби нимада деб ўйлайсиз?

– Ҳа, бу жуда яхши савол. Жуда катта ва ўткир муаммо. Мен турли даражадаги амалдорлар билан мулоқот қилиб тураман. Катта авлод, ўрта авлод ва ёшлар билан ҳам гаплашаман. Аслида ёшлар келиши билан тафаккур ҳам ўзгариши керак.

Катта авлоднинг тафаккури советча ёки Каримов даврига хос: давлат ҳамма нарсани бошқариши керак, деб ҳисоблашади. Бу тушунарли. Улар шундай тарбия олишган. Ғарб университетларини тугатган ёшлар бошқача фикрлаши керак аслида. Уларнинг аксарияти ўзгача фикрлашади. Лекин афсуски, уларнинг аксарияти, бу соҳада 2-3 йил ишлаб, ҳатто Брежнев даврида ишлаган одамлар каби фикрлай бошлашади. Буни кўриб даҳшатга тушаман. Улар билан гаплашиб кўриб, гўёки совет ОЎЮни тугатган, кейин колхозда 5 йил ишлаган ва кейин “Госплан”да 10 йил ишлаган одам билан гаплашгандек таассурот оламан. Худди ўшалардек фикрлашади.

Афсуски, тизим одамларни синдиради. Ким тизимга мослаша олмаса, четга улоқтирилади. Қолганлари эса мослашишга ҳаракат қилиши керак. Худди раҳбари каби ўйлаб ва фикрлаб бошлайди. Афсуски бизда авлодлар алмашинуви рўй бермайди. Ҳатто ёшлар келса ҳам. Истиснолар бор, жуда ақлли улар. Катта авлод орасида ҳам қандай тўғри ишлаш кераклигини биладиганлар кўп. Лекин улар озчилик. Ёшлар бу ерда муҳитни ўзгартира олмайди. Ҳатто ёшлар орасида ҳам бозор иқтисодиёти қандай ишлашини ва давлат нима билан шуғулланиши лозимлигини тушунадиганлари ҳам, афсуски, озчилик.

– Ҳозирги пайтда қандай муаммолар тадбиркорларимизни қийнаяпти? Солиқ маъмуриятчилигида, солиқ йиғишларда, солиқ бўйича муаммоларда тадбиркорларга қулоқ солишмайди, деган шикоятлар бўляпти. Ёки айрим тартиблар, айрим қоидалар ҳамон тадбиркорларга, уларнинг фаолиятига тўсқинлик қилсада, сақланиб қоляпти. Шулар тўғрисида нима дейсиз?

– Тадбиркорлар ҳақиқатан ҳам ҳозир пайдо бўлган муаммолардан шикоят қилишади. Улар ҳозир пайдо бўлмаган, улар бир неча йиллардан бери мавжуд. Улар асосан, менинг назаримда, солиқ қўмитасининг нотўғри сиёсати билан боғлиқ.

Солиқ қўмитаси раҳбарияти вазифамиз фақат солиқларни йиғиш, деган тушунчадан келиб чиқиб ҳаракат қилади. Бюджетни тўлдириш керак ва нима қилиб бўлса ҳам солиқ йиғайлик, дейишади.

Бу мутлақо нотўғри ёндашув, мутлақо нотўғри фалсафа. Тўғри ҳозир пул йиғиб олишлари мумкин. Сиз билан мени охирги тийинимизгача шилиб пул олишлари мумкин. Лекин бу ҳолда кейинги сафар солиқ тўлай олмай қоламиз. Бизнесдан кетамиз, уни ёпамиз. Яширин бизнесга ўтамиз. Уларнинг муносабати шунга олиб келади. Афсуски солиқчиларимиз буни тушунишмайди ва кўра олишмайди. Улар нима қилиб бўлса ҳам солиқ йиғишни ўйлашади. Биринчидан, бу иқтисодиётга зарар келтиради. Иккинчидан бу кўп ҳолларда қонунга зид бўлади.

Солиқ идоралари 2021 йил охиридан бошлаб, 2022 йил бошидан, фаол равишда ҚҚС тўловчи гувоҳномасини олиб қўйиш амалиётини қўллай бошлади. Олиб қўйишнинг сабаби тушунарсиз эди. Ҳатто қонунни бузгани учун эмас. Ҳатто қонунни бузганда ҳам тортиб олиш мумкин эмас. Менинг ҚҚС тўловчи эканим бу ҳуқуқим эмас, бу менинг мажбуриятим. Мен ҚҚС тўлашга мажбурман. Қандай қилиб, менинг ҚҚС тўловчи мақомимни бекор қилиш мумкин? Бу мантиққа зид!

Бошқа тарафдан эса, ҳатто қонунни бузмаган бўлса мақомни бекор қилишади. Одатда, шунчаки қандайдир риск таҳлили, қонун бузиш эҳтимоли бор гуруҳга тушгани, кўпроқ текшириб туриш лозимлиги учун тегишли тўсиқларни аниқлашади. Бизнинг солиқчиларимиз эса бу мезонларни олиб, “сен мана бу мезонларга тушасан, шу боис, сенинг ҚҚС тўловчи мақомингни бекор қиламиз” дейишади. Бу мезонлар ҳатто қонун бузилиш ҳам ҳисобланмайди. Шунчаки солиқчилар эътибор қаратиши лозим бўлган мезонлар холос. Ҳаммани текширмасдан, фақат кўплаб мезонларга тушадиган субъектларни текшириш гуруҳига ўтказиш учун керак бўлади. Бу мутлақо мантиққа зид вазият. Иқтисодиёт нуқтаи-назаридан мантиқсиз ва бизнес учун зарарли амалиёт. Чунки тадбиркорларни жуда қаттиқ жазолашади, ҳатто банкротликкача олиб боришади. Сабабини тушуниб бўлмайди. Шунчаки шуни кўнгиллари тусагани учун шундай қилишса керак.

Иккинчидан, бу солиқ тизимининг ўзини ҳам бузади. Чунки ҚҚС тўловчи мақоми олиб қўйилгани боис, ҚҚС тўловчилар занжири бузиб юборилади. ҚҚС занжир бўлиб тизилади. Агар мен сиздан хом-аёш ёсотиб олиб, кейин ҚҚС тўласам, аввал бутун тушум учун ҚҚС тўлайман, кейин эса сиз аввал тўлаган ҚҚСни ҳисобга оламан. Тизим шундай тузилган. Агар сиздан ҚҚС тўловчи мақомини олиб қўйишсачи? Агар сиз бу ҚҚСни тўлаган бўлсангиз ҳам, мен буни ҳисобга оламан ва сиз учун ҳам, ўзим учун ҳам ҚҚС тўлайман. Занжир узилади. Бу ҚҚС тизимининг ўзини обрўсизлантиради. Яъни солиқ қўмитаси, содда қилиб айтганда, ўзи бир неча йил ўтирган дарахт шохини кесиб ташлайди. Бу оқилона иш эмас.

Ёки шу вақтнинг ўзида, ҚҚС занжирини бузишда айблаб, бизнесни таъқиб қилиш авж олди. Айтайлик занжир мавжуд. Мен барча солиқларни тўлайман. Мен виждонли солиқ тўловчиман. Лекин кимдир занжирда мендан аввал ҚҚС тўламаган. Ва солиқ қўмитаси негадир менга эътироз билдиради. Бунга мени нима алоқам бор?

Айрим ҳолларда ҚҚС қайтариб берилади. Масалан экспорт қилганда. Мен эса ҚҚСни қайтариб ололмайман, чунки кимдир мендан аввал ҚҚС тўламаган! Энг қизиғи, солиқ қўмитаси ким тўламаганини билади. Лекин унга эмас, менга эътироз билдиради. Бу мутлақо абсурд вазият.

Президентнинг бизнес вакиллари билан сентябрда ўтказган учрашувида у ниҳоят бунга эътибор қаратди ва мазкур воситалардан фойдаланишни тақиқлади. Лекин бу воситалардан айримлари ҳамон қўлланилмоқда.

Бироқ солиқ қўмитаси тўхтаб қолмайди, у бизнесдан янада кўпроқ солиқ ундириш учун, оқибатларини инобатга олмасдан, доимо янги воситаларни ўйлаб топади. Айрим майда техник хатоликларга йўл қўйганингиз учун даҳшатли жазолар ўйлаб топишади.

Жараён охиригача ишлаб чиқилмагани боис, хатога йўл қўймасдан иложингиз йўқ. Масалан, барда спирли ичимлик қуйиб берганда, шиша идишдаги кодни сканер қилишингиз лозим. Лекин сиз мижозга 1 та қадаҳ қуйиб бергансиз холос. Қолгани идишда турибди. Демак бу ҳам қонун бузилиши ҳисобланади. Лекин идиш кодини сканер қила олмайсиз, чунки ҳали уни тўлиқ сотмагансиз. Барибир сизни жазолашади.

Ёки майда техник хатога йўл қўйдингиз: чек берадиган аппарат бузилиб қолди дейлик. Тўғри, бу қонунбузилиши. Лекин шу хато учун ваҳимали жарима – бутун корхонанинг 1 чоракдаги тушуми миқдорида жазолашган. Айтайлик менда катта корхона бор. Бар бор. Кичкина ресторан бизнесимнинг 5 фоизини ташкил этади. Жарима эса бутун корхонанинг – айтайлик текстил билан шуғулланувчи корхонанинг бутун тушумидан ҳисобланади! Агар солиқ қўмитаси 1 чораклик тушумингизни олиб қўйса, кўп ҳолларда корхонани ёпишга тўғри келади – банкрот бўласиз. Кимдир чек бермагани учун! Ишонинг, бу абсурд!

Афсуски, ҳозир иқтисодиётимизнинг муҳим муаммоларидан бири шуки, солиқчиларнинг мақсади фақат пул йиғиш – кўп ҳолларда яхши ният билан – бюджетни тўлдириш учун, яна кўпинча коррупцион мақсадларда – чунки бу майда қонунбузилишлар учун тадбиркорлардан пора ундириш учун яхши баҳона бўлади. Жарималар катта, “агар келишсак жарима қилмаймиз, майли чорак тушуми бўлмаса ҳам” деб, 1 ойлик тушумини конвертда олишади. Афсуски бу ҳозир асосий муаммо бўлиб қоляпти. Энг ғалатиси, солиқ қўмитасида ҳам, буни назорат қиладиган молия вазирлигида ҳам буни тушунишмайди, негадир.

Бу бир неча йиллардан бери давом этиб келяпти. 2021 йилда менимча нақдлаштирувчилар иши кўрилганди. Бир неча юзлаб корхоналар нақдлаштирувчи, деб эълон қилишди. Улар пулни нақдлаштириш билан шуғулланишади. Нега уларни нақдлаштирувчи деб аташган, ҳеч ким билмайди. Ҳеч қандай далиллар келтирилмади. Судга ҳам тақдим этилмаган. Шунчаки шундай деб аташган. Улар билан шартнома тузган компанияларни эса яна ҚҚС тўлашга мажбур қилишди. Бу абсурд, мутлақо қонунга, конституцияга мутлақо зид амалиёт! Шунчаки тадбиркорлардан пул йиғишга қарор қилишган. Чунки улар 2 марта ҚҚС тўлашди-да. Яна пул туширишади. Биз вазифамизни бажардик, дейишади. Бу иқтисодиётни хароб қилиши ва қонунга зид эканлиги ҳеч кимни қизиқтирмайди. Бу бир неча йиллардан бери давом этиб келмоқда. Ва негадир молия соҳасидаги раҳбарларимиз бу иқтисодий тараққиёт учун қанчалик вайронкор эканини тушунишмайди. Эҳтимол энди тушуниб етаётгандир, чунки ҳозир бюджетда улкан дефицит пайдо бўлди. Солиқ тушумлари харажатларни қоплаш учун етарли бўлмаяпти. Энди бу масалага диққат қаратишмоқда. Уни тартибга солишга уринишмоқда. Лекин муаммо илдизи – 2021 йилдан бери иқтисодиётни хароб қилиб келишда ётибдику. Шундай болшевикча услубларни қўллашмоқда. Худди деҳқоннинг ҳамма буғдойини тортиб олишганга ўхшайди. “Деҳқон очдан ўлса ўлаверсин, ҳозир бизга дон зарурроқ”, дегандек.

– Охирги савол. Ўзи умуман солиқ қўмитаси солиқ соҳасидаги мутасаддилар бир янгилик, ислоҳотларни ўйлаб топиш ва уни татбиқ этишдан олдин кенг жамоатчилик билан маслаҳатлашишадими? Ёки сизга ўхшаган олимлар ва мутахассислар билан консултациялар ўтказиб туришадими?

– Жамиятга маъқул келган муҳим ўзгаришлардан бири – 2017 йилдан бошлаб, қабул қилиниши керак бўлган ҳужжатларнинг лойиҳалари чоп этилади ва муҳокама қилинади. Шундай муҳокамалар шарофати билан кўпгина нотўғри қарорлар қабул қилинишининг олди олинган. Лекин муаммо шундаки, солиқ қўмитаси фаолиятидаги мен айтган кўплаб нотўғри ишлар бирор бир меъёрий ҳужжатда акс эттирилмаган. Меъёрий ҳужжатлар бўлса ҳам, жуда умумийлашган ҳолда кўрсатилган. Солиқ қўмитаси эса уларни қўштирноқ ичида “ижодий тарз”да ривожлантиради. Қўмита ўзи уларни ривожлантиради ва ўз қарашларидан келиб чиқиб талқин қилади. Шу боис мана шундай муаммолар келиб чиқади. Бу албатта олдиндан ҳеч ким билан муҳокама қилинмайди. Асфсуски, ҳозирда экспертлар жамияти ва бизнеснинг таъсири жуда кам. Тўғри, бунда вазиятлар юзага чиқса, муҳокамалар бошланади. Бироқ ҳар доим ҳам вазиятни ўзгартириб бўлмайди.

Солиқ занжиридаги узилишлар, ҚҚС тўловчининг гувоҳномасини олиб қўйиш билан боғлиқ вазият 1,5 йил давом этди. Ҳамма шу ҳақда гапирди. Ҳамма қичқирди. Муҳокама қилишди. Семинарлар ўтказишди. Фойдаси бўлмади. Масала президентга етиб борганидан кейин, президент бу бемаъниликка чек қўйинглар, деди. Нақд 1, 5 йил ўтди. Бу катта муддат.

Афсуски ҳозир давлат идоралари одамларга, бизнесга ва экспертларга кам қулоқ солишади. 2017-18-19 йилларда бу борада вазият яхшироқ эди.

Ҳукуматимиз жамоатчилик фикрига ҳам, экспертларга ҳам, халқаро экспертларга ҳам қулоқ соларди. Ҳозир эса афсуски, ҳукумат кучайиб олди ва бошқалар фикрига эътибор бермай қолди.

Юлий Ботирович, сизга миннатдорлик билдириб қоламиз. Ва албатта, солиқ қўмитасидаги ходимлардан ҳам қандайдир ислоҳотлар қилишдан олдин кенг жамоатчилик билан маслаҳатлашган ҳолда қарорлар чиқаришларини тилаб қолган бўлардик.

– Суҳбатга таклиф этганингиз учун катта раҳмат. Ишларингизга муваффақият тилаймиз. Бу жуда муҳим.

Абулфайз Сайидасқаров суҳбатлашди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+