Биткоин нархи сўнгги уч йил ичида илк бор 50 минг доллардан ошди
Бу ҳақда Binance биржаси маълумотлари дарак бермоқда.
Binance биржаси маълумотларига кўра, 12 феврал оқшомида биткоин криптовалютаси (BTC) нархи 2021 йил декабридан бери биринчи марта 50 000 доллардан ошди.
Криптовалютанинг максимал нархи 50 255,67 долларгача етди. Кейинчалик нарх пасайди ва тахминан 48 962 долларни ташкил этди.
CoinMarketCap маълумотларига кўра, криптовалютанинг бутун тарихида энг юқори нарх 2021 йил 10 ноябрда қайд этилган. Ўша пайтда биткоин нархи 68 789,63 долларни ташкил этганди, яъни пасайиш ҳозирда тахминан 27,45% ни ташкил қилади.
АҚШ Қимматли қоғозлар ва биржалар комиссияси (SEC) биткоинга тўғридан-тўғри инвестиция қиладиган дастлабки 11 ETFнинг ишга туширилишини расман маъқуллаганини маълум қилди, бу криптовалютага бўлган талабни ва унинг қиймати ошиши ҳақидаги прогнозларни келтириб чиқарди.
Эслатиб ўтамиз, биткоин илк бор 2009 йилда яратилган. Ўша пайтда 1300 биткоин бир АҚШ доллари миқдорида тенг бўлган.