platina.uz

Исроил ҲАМАСнинг узоқ муддатли сулҳ таклифини қабул қилмади

Бош вазир Бинямин Нетаняху янги ҳужумларга тайёрланишни буюрган. 

Жамият
8 февраль, 13:43
Исроил ҲАМАСнинг узоқ муддатли сулҳ таклифини қабул қилмади

Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняху Ғазо секторида 135 кунлик сулҳ таклифини рад этиб, Исроилнинг ҲАМАС устидан бир неча ой ичида тўлиқ ғалаба қозониши мумкинлигини айтди.

“Биз тўлиқ ғалаба қозониш йўлидамиз. Бу бир неча йил ёки ўн йилликлар масаласи эмас, бу ойлар масаласи”, деди у матбуот анжуманида.

У Ғазо жанубидаги Рафаҳ шаҳрига ҳам ҳужум уюштиришни буюрди, у ерда уруш зонасида ўз уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлган юз минглаб фаластинликлар бошпана топган.

Нетаняхунинг баёноти Исроилнинг ҲАМАС билан уруши пайтида минтақага бешинчи марта келган АҚШ Давлат котиби Антони Блинкен ташрифи кунида янграган.

ҲАМАСнинг сўнгги таклифи Қатар ва Миср воситачилигида Исроил ва АҚШ томонидан қўллаб-қувватланган ўт очишни тўхтатиш шартларига жавоб бўлди.

Гуруҳ моҳиятан уч босқичда 135 кунлик муддатга ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишни талаб қилишди.

Биринчи босқичда, 45 кунлик даврда Исроил қамоқхоналарида сақланаётган фаластинлик аёллар ва ўсмирлар эвазига гаровга олинган барча исроиллик аёллар, 19 ёшгача бўлган ўғил болалар, кексалар ва касалларни озод қилиш таклиф қилинди. Бу даврда Исроил қўшинлари ҳам Ғазонинг аҳоли пунктларини тарк этиши ва у ерда касалхоналар ва қочқинлар лагерларини реконструкция қилиш ишлари бошланиши керак эди;

Иккинчи босқичда гаровга олинган қолган эркаклар фаластинлик асирларга алмаштирилиши ва Исроил қўшинлари Ғазодан бутунлай чиқиб кетиши;

Қолган 45 кун ичида ҳар икки томондан ҳалок бўлганларнинг қолдиқларини алмашиш режалаштирилган эди.

ҲАМАСга кўра, келишув Ғазога озиқ-овқат ва бошқа инсонпарварлик ёрдамларини кўпайтиришни ҳам ўз ичига олади.

Эслатиб ўтамиз, Исроил ҳужумлари оқибатида ўлганлар сони 30 минг кишига яқинлашмоқда.

Аввалроқ Исроил Ўзбекистондан ишчилар жалб этмоқчи бўлгани хабар берилганди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+