Покистонда сайловлар арафасида портлаш: 22 киши ҳалок бўлди
Тармоқда ҳодисанинг аянчли оқибатлари тасвирланган суратлар пайдо бўлди.
Покистоннинг Балужистон вилоятида Миллий ассамблеяга (парламент қуйи палатаси) умумий сайловлар арафасида иккита портлаш содир бўлди.
Оқибатда камида 22 киши ҳалок бўлди, ўнлаб кишилар яраланди. Биринчи портлаш Кветта шаҳридан 50 км узоқликда ва Афғонистон чегарасидан 100 км жануби-шарқда жойлашган Пишин шаҳридаги мустақил номзод Асфанд Хон Какарнинг идораси олдида содир бўлди.
BBC мухбирларига маълум қилинишича, ўша пайтда Какар ўз сайловчилари билан учрашаётган эди. Биринчи портлаш оқибатида 14 киши ҳалок бўлди, 25 киши яраланди.
Ижтимоий тармоқларда портлаш оқибатида автомобил ва мотоциклларнинг парчаланиб кетгани акс этган суратлар пайдо бўлди.
Иккинчи портлаш саккиз кишининг ҳаётига зомин бўлди, унинг тафсилотлари аниқланмоқда.
Полиция вакилининг айтишича, портлаш Килла Саиф Уллоҳнинг асосий бозорида содир бўлган ва ЖУИ-Ф партиясининг сайлов идорасини нишонга олган. Эртага бўлиб ўтадиган Миллий Ассамблея сайловлари олдидан сўнгги ҳафтада Балужистон ва Хайбер-Пахтунхва вилоятларида бир неча зўравонлик воқеалари содир бўлди. Январ ойи охирида Хайбер-Пахтунхвада мустақил номзод Рехан Зеб Хон отиб ўлдирилган, Покистон Халқ партияси номзодига ҳужум қилинган. Балужистон расмийлари овоз бериш режалаштирилганидек давом этишини айтди.
"Ишончингиз комил бўлсинки, биз террорчиларнинг ушбу ҳаётий демократик жараёнга путур етказиши ёки издан чиқишига йўл қўймаймиз", - деб ёзди вилоят ахборот вазири Cан Ачакзай ижтимоий тармоқда Х.