Бухоро марказида этнопарк қуришмоқчи
Қурилишлар ЮНЕСКО Умумжаҳон маданий ва табиий меросини муҳофазаси бўйича конвенция талаблари асосида қурилиши ваъда бериляпти.
Бухоро шаҳрида “Боқий Бухоро” тарихий-этнографик парки барпо этилади.
Вилоят ҳокимлиги тарқатган хабарда айтилишича, парк "аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш, юқори сифатли сервис хизматлар кўрсатилишини ташкил этиш, тарихий меъморчилик анъаналарини давом эттириш, яшил боғлар ва сайлгоҳларни кўпайтириш мақсадида" қурилади.
Тарихий-этнографик парк ҳудудида этнографик музей, Бухоро воҳаси учун хос бўлган тарихий маҳаллалар, аҳоли учун хизмат кўрсатувчи чойхоналар ва миллий таомлар тамаддихоналари, анъанавий дренаж тизимлари - ариқ ва ҳовузлар, ҳунармандлар расталари, заргарлик, зардўзлик, каштачилик, ёғоч ўймакорлиги, темирчилик, кулолчилик, наққошлик, пичоқчилик каби амалий санъат устахоналари ўрин олади.
Мажмуа марказида, шунингдек, мусиқали фаввора ҳам ташкил этилиши кўзда тутилган.
"Бу ҳудуддаги барча ишлар ЮНЕСКО Бош конференцияси томонидан 1972 йил 16 ноябрда қабул қилинган Умумжаҳон маданий ва табиий меросини муҳофазаси бўйича конвенция талаблари асосида амалга оширилади.
Таъкидлаш жоизки, ўтган асрнинг 20-йилларида М.Фрунзе бошчилигидаги “қизил армия” қўшинларининг ҳужуми оқибатида Бухоронинг кўплаб, тарихий обидалари вайрон қилинган. Жумладан, шаҳардаги асрлар давомида хизмат қилиб келган ариқ ва ҳовузлар кўмилиб кетгани бу ҳудуддаги дренаж тизимига салбий таъсир кўрсатган.
Янги этнографик парк мазкур йўқотилган маданий бойлигимизнинг намуналари саналган қадим дренаж тизимларини қайта тиклаш йўлидаги муҳим қадам бўлиб қолади. Қачонлардир ташландиқ ҳолатда бўлган ҳудуд ўрнида гўзал бир ландшафт қад ростлайди.
Шу ўринда қайд этиш лозимки, ушбу барпо этилажак парк ҳудудида кўкаламзорларнинг кенгайтирилиши ҳам режалаштирилган" дейилади хабарда.
Бу лойиҳа асосида мўлжалланган ҳудуднинг учдан икки қисмида Бухоро аҳолиси ва меҳмонлар сайр қилиши учун муҳташам сайлгоҳ (яшил боғ) бунёдга келиши мўлжалланган.