Департамент фаолияти кучайтириляпти
Унинг раҳбари бир вақтнинг ўзида Бош прокурор ўринбосари бўлади.
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти фаолияти кучайтириляпти.
Энди департамент чуқур таҳлил, тезкор-қидирув, тафтиш ва ўзи тергов қиладиган идорага айланади. Унинг раҳбари бир вақтнинг ўзида Бош прокурор ўринбосари бўлади.
Шунингдек, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорати инспекцияси ҳам департаментга ўтказилади.
Президент йиғилишда инспекция фаолияти мутлақо қониқарсиз эканини айтди. У фақат камчилик аниқлайдиган идорага айланиб қолгани, профилактика билан эса иши йўқлиги, тизимида коррупция улуши юқорилигини танқид қилди.
Эндиликда Ҳисоб палатаси ходимлари бюджетдан энг кўп маблағ оладиган 12 та вазирликка бириктирилади. Вазирликларнинг ҳар бир харажати улар билан келишилгандан кейин амалга оширилиши белгиланди.