Қаҳратонда ҳам тинмайдиган қишлоқ аёллари (фотоҳикоя)
Ҳикоямиз қаҳрамонлари охирги марта ўзига нима сотиб олганини эслолмайди.

Aёллар кимдир учун она, опа, сингил, ёр, вақти келганда ота, акадир. Aслида улар табиатан нозик хилқат, аммо ҳаёт уларга кучли зарба ва тақдирлар беради.
Бу кўплаб тақдирлар орасида қаҳрамонона яшаётган аёллар бор. Қўли қадоқ, кулгулари билан ажинларни ҳам гўзаллаштириб юборган аёллардир.
Ҳикоямиз қаҳрамонлари охирги марта ўзига нима сотиб олганини эслолмайди. Гўзаллик салонига укасининг тўйида борганини, келин бўлганига 10 йилдан ошган бўлса-да ҳали ҳануз сепидаги палтони кийишини кулиб айтади.
Улкан гўзал ойналар ичида эмас, ҳовлисидаги бир кичик ойнадагина ўзларини аксларини кўрадилар.
Деҳқончилик билан шуғулланадиган қишлоқ аҳолисининг аёллари баҳор ва ёзнинг 6 ойи жуда оғир меҳнатда ўтади. “Қишда иш йўқ” – деб айтишади, гарчи бу фаслда ҳам тинмасалар ҳам. Фотосуратларда қишлоқ аёлларининг ана шу “йўқ” ишларини кўришингиз мумкин.
Ҳатто қишда ҳам қуёшдан аввал уйғонишади, сув сепишади. Музлаб ётган супургилар билан саҳарги совуқда қўлларини куҳлай-куҳлай истиб ярим маҳаллани супуришади. Кейин сигир соғиш, печкаларга ўт ёқиш, нонушта тайёрлаш каби тонгги ишларни бир қатор қилиб чиқишади.
Чорва молларига ем (ивитилган сомон, сабзавотлар пўчоқлари, эскирган нон, кунжара ва ҳ.к) тайёрлашади.
Маккажўхори пояси, ерёнғоқ палакларнинг майдалаб кесувчи мослама ( шу ерлик халқ тилида “жоди”)да чорвага емак тайёрлашади.
Нон ёпиш, кийимларни ювиш, кундалик овқатлар каби рўзғордаги барча ишларни қилишади. Aёллар келин олгач асосан турли хил йиғинлар ва тўйларга боришади. Энди бу вазифалар келиннинг зиммасига ўтади. Шу зайлда авлодлар алмашаверади.
Қишлоқ аёллари бу тақдирига рози, йилда бир марта истироҳат боғига оилавий боришини ўзи етарли эканлигини кўзлари бахтдан порлаб айтади. Aёллар байрамида нима олганини билмаса-да, ўша куни эрлари кулиб муомала қилиши энг катта совға эканлигини таъкидлайди.
Улар фақатгина қизларига бу тақдирни раво кўрмайдилар, бу қишлоқдан чиқиб илм олишларини, ҳаётларини яхшилашини истайдилар холос.
Фазилат Соиб