Ўзбекистон Қозоғистон буғдойининг асосий харидори бўлиб қолмоқда
Бир йилда мамлакат ўз қўшнисидан 4,5 миллион тонна буғдой сотиб олди.

2023 йил якуни бўйича Ўзбекистон Қозоғистондан дон ва уннинг асосий импортчисига айланди.
Eldala.kz нашри маълумотларига кўра, 2023 йилда Қозоғистон 9 миллион тонна дон ва 2,2 миллион тонна ун экспорт қилган.
“Ўзбекистон 4,5 миллион тонна буғдой ва дон эквивалентида ун сотиб олган асосий харидорга айланди”, — деб ёзади нашр.
Шу билан бирга, Ўзбекистон 2024 йил январ ойида Қозоғистондан 1,2 миллион тонна ғалла сотиб олиши кутилмоқда.
Январ ойи бошида Ўзбекистонга жўнатилаётган поездлар сони сезиларли даражада ошган – бу миқдор кунига 32-33 поезд юкни ташкил этмоқда.
Таъкидлаш жоизки, 2022 йилда ҳам Қозоғистон донини энг кўп Ўзбекистон сотиб олган (қарийб 3 миллион тонна).
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил сентябрида Ўзбекистонда ун нархи кўтарилганди. Бунга Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ғалла ҳосилининг камайиши фонида экспортга чекловлар киритгани сабаб бўлганди. Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазирлиги эса талаб таклифдан юқори эканини билдирганди.