Қирғиз депутати ун нархлари ошишига Ўзбекистон сабабчи эканини айтди
Сўнгги ҳафтада Ўзбекистонда ҳам ун нархлари анчагина кўтарилган.
Қирғизистон Жогорку Кенеши депутати Жусупбек Коргонбай ўғли мамлакатда ун нархи Ўзбекистонга экспорт қилинаётгани туфайли кўтарилаётганини айтди.
“Нон 35-40 сомга қимматлашди. Нега буни назорат қилмайсиз? Ун масаласи байроқ ва гербдан муҳимроқ. Ўзбекистонга ун экспорт қилинади. Омборлар бўш. Бу масала билан ҳам шуғулланинг”, деди у Давлат рамзларини тайёрлаш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқаётган қўмита йиғилишида.
Монополияга қарши тартибга солиш хизмати раиси ўринбосари Ойбек Мамиралиев бунга жавобан импорт қилинадиган товарлар нархи ошганини айтди. Бундан ташқари, унинг сўзларига кўра, Қозоғистон унини етказиб бериш талаб даражасида эмас.
“Биз қишлоқ хўжалиги давлатимиз. Нега ўзимизни нон билан таъминлай олмаймиз? Бизнинг ерларимиз йўқми? – дея эътироз билдирган Жусупбек Коргонбай ўғли. У Қирғизистонни ун билан таъминлаш дастурини ишлаб чиқишни таклиф қилган.
Эслатиб ўтамиз, бу йил Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ғалла ҳосилининг камайиши фонида экспортга чекловлар киритган. Бу эса қўшни давлатларда нархлар ошишига сабаб бўлди.
2022 йилда Қозоғистондан буғдой экспорти 6,3 миллион тоннага етди. Aсосий истеъмолчи Ўзбекистон бўлиб қолмоқда: 3 миллион тонна. Кучли учликдан Тожикистон ва Туркманистон ҳам жой олди.
Таъкидлаш жоизки, сўнгги ҳафтада Ўзбекистонда ун нархи сезиларли миқдорда кўтарилди. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мазкур тенденция юзасидан изоҳ ҳам бериб чиқди. Унга кўра, Ўзбекистонда 8 млн тонна атрофида буғдой етиштирилаётганини, талаб эса таклифдан 4,4 фоиз ортиқни ташкил этаётганини билдирилди.
Шунингдек, Қозоғистон томони ун тегирмонларида мавсумий техник кўрик ва санитар тозалаш ишлари учун корхоналарини 15 кунга ёпиши ҳақидаги эълон ҳам мазкур сегментда нарх беқарорлигини келтириб чиқарувчи омиллардан бири бўлган.