“Радий қизлари”: меҳнат муҳофазаси йўлида жонини қурбон қилган ишчилар

Улар тез орада ўлишларини билишар, ҳатто ҳали берилиши номаълум товон пулини олишга улгурмасликларини ҳам яхши тушунишар эди.

Таҳлил
9 январь, 13:41
“Радий қизлари”: меҳнат муҳофазаси йўлида жонини қурбон қилган ишчилар

Шундай қонунлар бўладики, уларни айрим давлатларнинг конституцияси ёки қонунлари каби истаган пайтда, истаган ҳолатга ўзгартириб бўлмайди. Улардаги талабларни бажармаганлик учун жарима солиш ёки жазолаш ҳам шарт эмас. Бу қонунларга амал қилмаганлар ўз соғлиги, кези келса, ҳаёти билан бадал тўлайди. Уларни “қон билан ёзилган қонунлар” дейишади одатда.

Масалан, Қуролли кучларнинг низомлари шундай “қонунлар” турига киради. Уларга амал қилмаслик нафақат бир киши, балки бутун жамоа, халқ ва мамлакат хавфсизлигига путур етказиши мумкин.

Ёки бўлмаса, меҳнат муҳофазаси билан боғлиқ хавфсизлик техникаси талаблари ҳам том маънода “қон билан ёзилган”. Меҳнат жараёнида турли хавф туғдирувчи жиҳоз ва ускуналар, электр токи, кимёвий моддалар ҳамда табиий шароитлар билан тўқнашадиган меҳнаткаш, албатта, тегишли қоидаларга риоя қилиши шарт. Бу каби қонунлар аввал ишчиларга мажбурият юклаган бўлса, кейинчалик иш берувчилар зиммасида ҳам масъулият борлигини англата бошлади. Аммо бу осон кечган эмас. Хавфсиз меҳнат учун шароит яратиб беришга арзимаган чақаларни тежовчи, катта даромадни одам ҳаётидан устун қўядиган “тадбиркорлар” доим учраб турган.

Ҳатто демократия ва “тўғри ҳаёт” масканининг тимсоли бўлмиш АҚШда ҳам меҳнат муҳофазаси, иш берувчилар мажбурияти масалаларидаги туб бурилиш роса бир аср аввал бошланган холос.

Бойлик учун қўйилган қадам

Ҳамма “машмаша” Сабин Арнолд фон Сохоцкий (1883-1928) исмли шахснинг АҚШга кўчиб борганидан кейин бошланган эди.

Москва университетининг тиббиёт факултетини тугатган Сохоцкий сал ўтиб, АҚШга кўчиб кетиб, унинг фуқаролигини олади. Бегона мамлакатда пулдан қийналган, жамғармаси бўлмаган Сохоцкий тез бойиб кетиш мақсадида радиоактив модда бўлмиш радийнинг нисбатан арзон изотопи – мезоторий билан тажрибалар ўтказа бошлайди. У мезоторийни радий-226 нинг оддий изотопи билан аралаштириб, радий бўёғини ҳосил қилади. Бу бўёқ кейинчалик Undark (зулматдан нур) номини олади. Янги бўёқнинг асосий афзаллиги – у қоронғуда ўзидан нур тарқатар эди.

Сохоцкий аввалига соатларнинг рақамли жойларини шу бўёқ билан бўяб, уларни дўстларига сота бошлади. Лекин тез орада бу ихтироси катта потенциалга эгалигини англаб етиб, Жорж Уиллис исмли ҳомийнинг маблағини жалб қилиб, 1914 йилда (бошқа бир маълумотга кўра, 1915 йилда) Radium Luminous Material Corporation(Radium нур тарқатувчи материаллар корпорацияси)га асос солди (кейинчалик унинг номи United States (US) Radium Corporation’га ўзгартирилди).

АҚШнинг Ню-Жерси штатидаги Оранж шаҳрида асос солинган ушбу корпорация матодан тортиб, ёпишқоқ тасмагача бўлган турли материаллар учун бўёқ ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Кўп ўтмай, ҳарбийлар бу бўёқнинг афзаллигини англаб етишди. Биринчи жаҳон урушининг бошланиши AҚШ армиясидан буюртмаларнинг кўпайишига олиб келди. Чироқ ёқиб, соатга қараш душман эътиборини ўзига тортади. Шу боис қоронғуда ёзувлари кўриниб турадиган соатлар, ўлчов асбоблари ва бошқа жиҳозлар армия учун жуда зарур эди.

Undark сериясидаги радиолюминесцент соатлар реклама плакати. 1921 йил.

Уруш тугаганидан сўнг, корпорация тинч фуқаролар учун маҳсулотлр ишлаб чиқаришга ўтди. Бу ерда 1920 йилга келиб, йилига 4 миллиондан ортиқ соат ишлаб чиқарилди. Иш кўлами ва жўғрофияси кенгайди.

Хуллас, ҳаммаси жуда яхши кетаётганди. Даромадлар баланд, буюртмалар кўп, мижозлар хурсанд... Бироқ бир “кичик” муаммо пайдо бўлди. 20-йиллар бошида Иллинойс штатидаги заводлардан бирида фожиа юз берди. Бу ерда меҳнат қиладиган қизлар бирин-кетин сирли хасталикка чалиниб, ишга чиқмай қола бошлади.

United States Radium Corporation’нинг радийли бўёқ тушириладиган цехи.

Аслида бу хасталик унчалик ҳам сирли эмасди. Компания ишчиларига жавобгар шифокорлар уларга аввал камқонлик ва чарчаш ташхисини қўйишди. Касаллиги жиддий тус олганларига эса... таносил, яъни асосан жинсий йўл билан юқадиган хасталик бўлмиш сифилис ташхисини қўйишди. Бу хасталик профессионал (яъни иш туфайли орттириладиган) хасталик бўлмагани боис, табиийки, қизларга суғурта корпорацияси ҳам, US Radium корпорацияси ҳам ҳеч қандай моддий ёрдам беришни хаёлига келтирмасди. Ҳам жуда азобли ва хунук хасталикка чалинган, ҳам одамларнинг таъна-дашномлари остида қолган бечора ишчи қизлар қандай жисмоний ва руҳий азоблар тортганини тасаввур қилаверинг! Бу ҳам етмагандек, АҚШда тиббий муолажа нархлари ўта қимматлиги боис суғурта пули олмаган, ўртача маошга ишловчи қизлар учун даволаниш имконияти деярли йўқ эди. Улар ўз уйларида жимгина, пулсиз ва тегишли парваришсиз ўлимларини кутиб яшарди холос.

Компанияга, аниқроғи, унинг соат циферблатларига қоронғуда нур сочиб турувчи радий бўёғи билан рақам ва ёзувлар чизадиган бўлимга айнан ёш қизлар ишга олинган. Бу, биринчидан, маошдан тежаш имкониятини берарди. Чунки АҚШда ўша пайтларда (ҳатто ҳозир ҳам айрим штатларда) бир хил иш учун эркакларга нисбатан аёлларга камроқ маош тўланган. Қолаверса, нозик ва кичик ёзувларни чизиш учун қизларнинг ингичка бармоқлари зарур бўлади.

“Радий қизлари”дан бири иш устида.

Бир иш кунида ҳар бир қиз камида 250 та соатга сурат чизиши шарт бўлган. Қизлар нурланиши ўта кучли радий бўёғи билан ҳеч қандай ҳимоя воситаларисиз ишлар эди. Унинг зарарли эканини кўпчилик билмасди, айтилмасди ҳам. Қизиғи шундаки, корпорация раҳбарлари радийнинг радиоактив хоссаларини яхши билишгани учун бу хавфли модда билан контактга киришишдан қочишган. Улар қизлар ишлайдиган бу бўлимга деярли кирмас, киришса ҳам махсус ҳимоя кийимларида “бирров” кириб, дарров чиқиб кетишарди.

Заводнинг лаборатория ва омборларида радийнинг хавфли хусусиятларидан ҳимоя қилиш учун махсус қисқичлар ва қўрғошин экранлари ишлатилган. Aммо устахоналарнинг оддий ишчилари ҳақида ҳеч ким қайғурмаган.

Ҳеч нарсадан хабари йўқ бечора қизлар ингичка чўткалар ёрдамида соатларга сурат чизишганида, чўтканинг учи ёйилиб кетарди ва ёзувлар сифати бузиларди. Бунга йўл қўймаслик мақсадида қизлар чўтка учини лаблари билан ҳўллаб, ингичка ҳолатга келтиришарди. Смена охирида эса қизларнинг ўзи қоронғуда оч яшил тусда нурланиб қолишарди. Бу камлик қилгандек, ишчи қизлар ўйин учун ҳам, шунчаки рақс кечалари учун ҳам тишлари, лаблари ва тирноқларини радий бўёғи билан бўяб олишар, қоронғуда нурланиб ялтирашидан завқланиб, кулишар эди.

Боз устига, қизлар ўзлари учун радий бўёғининг пардозга янги фойдали ва "ажойиб” хусусиятини “кашф” этишди: у билан бўялган лаб ва ёноқлар қизариб қолар ва бу қизиллик анча пайтгача кетмасди. Бироқ фақат олимлар бу "табиий қизариш" радий томонидан рағбатлантириладиган қизил қон ҳужайралари синтезидан келиб чиқишини билишган.

Радий берган “гўзаллик”дан ҳақиқий маънода нурланиб, порлаб турган қизлар менежерлардан “Бу хавфли эмасми ишқилиб?” деб сўрашар, менежерлар эса ишонч билан “йўқ”, дея жавоб беришар эди.

Биринчи фожиа бўяш цехининг моҳир ишчиси Молли Маггианинг бошига келди. У 1922 йилда тишлари оғриётганидан шикоят қилиб, стоматологга борди. Тиш доктори унинг чириган тишини суғуриб олмоқчи бўлганида, жағ суягининг бир парчаси ҳам синиб, илашиб чиқди. Жароҳат олган жой эса тез битмади. Баттар йиринглаб, қорайиб, жағ ва юз суякларида чириш бошланди. Кўп ўтмай, Моллининг жағи шишиб, бўқоққа ўхшаб осилиб қолди. Уни рентген мосламаси билан текширишса, жағ суяғи ғалвир каби илма-тешик бўлиб кетган, ҳар-ҳар жойларда некроз – чириш бошланган экан. Унга саратон ташхисини қўйишди. Молли шу йили кучли оғриқлар ва умидсизликдан қийналиб вафот этди. Унинг ўлими барча завод ишчиларини ҳайратда қолдирди. Кейинчалик унинг касаллиги "радий жағи" деб номланган.

Радийли бўёқ туфайли пайдо бўлган жағ саратони.

Бир йил ўтгач, яна 50 дан зиёд қизда шунга ўхшаш симптомлар кўзга ташлана бошлади. Ўша йили баъзи қизлар вафот этди. Албатта, ишчилар орасида бу ўлимлар радий бўёғи билан ишлаш оқибати экани ҳақида илк шубҳа-гумонлар пайдо бўлган. Бироқ корпорация раҳбарлари рентгенчи, стоматолог ва бошқа шифокорларга пора бериб, хасталикнинг асл сабабини ошкор қилмасликни талаб этишган. Шу тариқа деярли икки йил давомида улар жавобгарликдан қочиб юришган.

1924 йилда корпорация раҳбарияти яна мустақил эспертиза ўтказиш ҳамда радий бўёғи билан қизларнинг ўлими ўртасидаги боғлиқлик борлиги ҳақида тарқалган миш-мишларни ўрганишни буюрди. Мутахассислар бу алоқани тасдиқладилар, аммо корпорация бундай хулосалардан қониқмади, шунинг учун аввалгисини рад этадиган яна бир тадқиқот ўтказилди.

Қизларнинг аксарияти эса бу пайтда умуртқа поғонасидаги қаттиқ оғриқ ва танадаги беҳолликдан азият чекишар, суяклари ҳатто эшикни қаттиқроқ ёпса ҳам синиб кетарди.

Ниҳоят 1925 йилда шифокор Харрисон Мартленд бир қанча тестлар ўтказиб, қизлар ўлимига айнан радий сабабчи эканини исботлаб берди. Худди шу йили радий қурбонларидан бири Грейс Фрайер United States Radium Corporation’ни судга берди. Тахминан икки йил давомида у ёлғиз курашди, кейинчалик унга яна 4 қурбон қўшилди. Улар тез орада ўлишларини билишар, ҳатто ҳали берилиши номаълум товон пулини олишга улгурмасликларини ҳам яхши тушунишар эди. Бироқ улар нафақат ўзлари учун, балки бу зарарли модда билан ишловчи бутун меҳнаткашлар жамоаси учун судларда азобли кураш олиб боришди (улар кейинчалик тарихга “радий қизлари” номи билан киришди).

1927 йилда корпорацияни судга берган Грейс Фрайернинг соғлом пайти.

1928 йилда люминесцент радийли бўёқ ихтирочиси ва корпорация асосчисининг ўзи – Сабин Арнолд фон Сохоцкий 45 ёшида вафот этди. Унинг ўлими нурланиш туфайли экани яширилмади. Бу воқеа "радий қизлари"га жуда қўл келди. Энди жамоатчилик ҳам, судялар ҳам уларга ишона бошлади. Ниҳоят уларнинг даъволари судларда инобатга олинди.

Лекин суд мажлисларида даъвогар қизларга қараш ўта аянчли эди: уларнинг кўриниши жуда даҳшатли, тери билан қопланган скелетларга ўхшарди. Айримларида хавфли ўсимталар бошланган, айримларининг юзлари нурланиш туфайли куйган ҳолда, айримлари замбилга ётган ҳолда кўрсатмалар беришди. “Радий қизлари”нинг аксариятига суд жараёнларининг якунини кўриш насиб этмади.

Бемор Кэтрин Донохюнинг кўрсатмаси шу ҳолда олинган.

Ниҳоят орадан 11 йил ўтибгина, суд қизларга товон пули тўлаш ҳақида қарор чиқарди. US Radium Corporation ўз ишчиларига компенсация тўлашга мажбур бўлди. Бироқ шунда ҳам ҳамма қизга пул берилмади. Компания ўз номини ўзгартириб, Иллинойсдан Ню-Йоркка “қочиб кетди”.

Ҳа, жуда кам қизлар бу нопок ва виждонсиз иш берувчига ўз айбини тан олдиришга муваффақ бўлишди. Аммо улар чеккан машаққатлар ва сарсон-саргардонликлар беҳуда кетмади. Бу воқеа кенг жамоатчиликка, энг муҳими, қонун чиқарувчи ҳокимият вакилларига қаттиқ таъсир қилди. Натижада АҚШда Меҳнатни муҳофаза қилиш билан боғлиқ жуда муҳим ва талабчан қонунлар қабул қилинди. Тегишли назорат ташкилоти – Меҳнатни муҳофаза қилиш ва гигиена бошқармаси ташкил этилди, у ҳозир ҳам Aмерикада ишчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун фаолият юритади.

Бундан ташқари, корпорация ишчиларининг фожиали ўлими туфайли, 1935 йилга келиб кўпгина истеъмол товарларида радий бўёғидан фойдаланиш тўхтатилди ва тақиқланди.

1950-йилларга келиб, Швейцариядаги соатсозлик компанияларида ҳам радий билан ишлаш оқибатида ҳалок бўлганлар муаммоси кўтарилди. Гарчи АҚШдаги фожиалардан ҳамма хабардор бўлса-да, швейцариялик ишчиларнинг ҳуқуқларини тиклаш учун кўплаб суд мажлислари ва кимёвий-тиббий таҳлиллар ўтказилди. Бу ерда ҳам виждонсиз иш берувчилар осонликча тан беришмади. 1963 йилга келибгина, Швейцарияда радиоактив моддалари билан саноат кўламида ишлаш, бу борада ишчилар соғлиғи ва меҳнатини муҳофаза қилишга оид қоидалар – Радиацион ҳимоя бўйича йўриқномалар (Verordnung über den Strahlenschutz) амалга татбиқ этилди.

Афсуски, очкўзлик, виждонсизлик ва шафқатсизлик қурбони бўлган америкалик “радий қизлари” қабрларида ҳам яна узоқ йиллар нурланиб, порлаб туришади – чунки радийнинг ярим парчаланиш (батамом зарарсиз инерт моддага айланиш) даври 1600 йилга тенг.

Абулфайз Сайидасқаров тайёрлади.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+