Шавкат Мирзиёев сайёрадаги 3 та инқироз ҳақида гапирди

Мирзиёевнинг айтишича, ҳаво ҳарорати исиб кетиши оқибатида яқин 20 йилда иккита йирик дарё – Амударё ва Сирдарё оқими 15 фоизга қисқариши мумкин.

Сиёсат
20 сентябрь 2023 йил
Шавкат Мирзиёев сайёрадаги 3 та инқироз ҳақида гапирди

Президент Шавкат Мирзиёев БМТ бош ассамблеяси сессиясида сайёрадаги учта инқироз, яъни иқлим ўзгариши, биохилма-хиллик йўқолиши ва атроф-муҳит ифлосланиши ҳақида гапирди.

"Ана шундай мураккаб шароитда Орол денгизи фожиасига қарши курашни давом эттираётган Марказий Осиё иқлим ўзгаришлари олдида энг заиф минтақалардан бирига айланмоқда. Глобал муаммо бўлган Орол фожиаси оқибатларини бартараф этиш йўлида Ўзбекистон ўз имкониятлари даражасида ҳаракат қилмоқда. Сўнгги йилларда Орол денгизининг қуриган тубида 1,7 миллион гектар майдонда қурғоқчиликка чидамли ўсимликлардан иборат яшил ҳудудлар барпо этилди. Бу саъй-ҳаракатларимизни давом эттириш учун халқаро ҳамжамиятнинг қўллаб-қувватлаши жуда муҳим", деди президент.

Мирзиёевнинг айтишича, ҳаво ҳарорати исиб кетиши оқибатида яқин 20 йилда иккита йирик дарё – Амударё ва Сирдарё оқими 15 фоизга қисқариши мумкин. Жон бошига сув билан таъминланиш даражаси 25 фоизга, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлиги эса 40 фоизга камайиши кутилмоқда.

"Бу вазиятдан келиб чиққан ҳолда, биз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг Сув ресурслари бўйича махсус вакили лавозими таъсис этилишини қўллаб-қувватлаймиз. Марказий Осиё сувни тежайдиган технологиялар платформасини яратиш жараёнида “Бирлашган Миллатлар Ташкилоти – сув ресурслари” механизмини ишга солиб, энг илғор технологияларни жалб этиш ва татбиқ қилиш тарафдоримиз", деди Ўзбекистон раҳбари.

Шунингдек, у иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ таҳдидларнинг олдини олишга қаратилган “Марказий Осиё иқлим мулоқоти”ни жорий этиш, БМТ Бош Ассамблеясининг “Марказий Осиё глобал иқлим таҳдидлари қаршисида: умумий фаровонлик йўлида ҳамжиҳатлик” резолюциясини қабул қилишни ҳам таклиф қилди.

© 2023 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+