Сурхондарёлик мактаб директори қамалиб чиққани маълум бўлди
Узун тумани суди уни майда безорилик ва ИИО ходимлари қонуний талабларига бўйсунмасликда айблаган.

Сурхондарё ҳокимидан адолат талаб қилган мактаб директори Умида Турсунова Олий суд ажримига кўра 7 суткага қамалган. Ажрим 1 августда чиққан.
Лекин аввалроқ, яъни 26 июл куни Узун тумани суди уни майда безорилик ва ИИО ходимлари қонуний талабларига бўйсунмасликда айблаб, 10 суткага қамагани бугун ошкор бўлди.
Кейин 28 июлда апеляция берилгани учун вилоят суди у аёлнинг жазосини ўзгаришсиз қолдирган. Аммо Олий суд бу муддатни 7 кунга камайтирган. Шу тариқа собиқ директор 1 август куни 7 суткалик қамоқни ўтаб, уйига борган.
Мактаб таълими вазири кеча уни қамоқдан чиқариб олганини айтганди. Демак, Ҳилола Умарова ҳозирча ҳаммани алдаган бўлиб чиқяпти. Ишига тиклангани ҳам ҳозирча номаълум.
Эслатиб ўтамиз, жанжалли вазият 26 июл куни Сариосиё туманидаги 12-сонли мактабда умумий ўрта таълим мактабларининг 2023-2024 ўқув йилига тайёргарлигига бағишланган видеоселектор семинарда юзага келган.
Ўша пайтда Турсунова ҳокимдан адолат талаб қилган, жанжал кўтарган. Оқибатда ИИО ходимлари уни куч билан олиб чиқиб кетган.