Болани бир ёшдан кейин она сути билан эмизиш бефойдами? Шифокор жавоб берди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига кўра, болани 6 ойгача кўкрак сути билан парваришлаш шарт.

Жамият
23 август 2023 йил
Болани бир ёшдан кейин она сути билан эмизиш бефойдами? Шифокор жавоб берди

Она сути — гўдакнинг соғлом улғайишида бебаҳо озуқа. Унинг таркибида чақалоқларни юқумли хасталиклардан ҳимояловчи иммун таначалар, ҳазм жараёнини яхшиловчи ферментлар ҳамда бошқа кўплаб фойдали элементлар мавжуд. Афсуски, баъзи аёллар 1 ёшдан ўтгандан кейин болани эмизиш бефойда деб ўйлайди. Ваҳоланки, айнан 1 ва 2 ёш оралиғида кичкинтой организми учун она сути жуда зарур.

Аммо барибир эртами-кеч эмизикли аёллар болакайни она сутидан ажаратиш билан тўқнаш келади. Баъзи кичкинтойлар бу даврдан осон ўтсалар, айримларда эса ўрганган одатидан воз кечиш бироз қийин кечади.

Хўш, бу вазиятда оналар қандай йўл тутишлари лозим?

Ушбу саволга Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази директори, тиббиёт фанлари доктори Наталья Нодирхонова жавоб берди.

— Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига кўра, болани 6 ойгача кўкрак сути билан парваришлаш шарт, — дейди мутахассис. — Агар гўдак 2 ёшгача эмизилса, у турли касалликлардан ҳимояланади.
 
Бундай болаларнинг жисмоний ва ақлий салоҳияти яхши ривожланади. Шу билан бирга, иммунитети мустаҳкам бўлиб, уларнинг қандли диабет, лейкоз, меъда фаолияти билан боғлиқ турли хил касалликларга чалиниш хавфи нисбатан камаяди. 

Афсуски, баъзи аёллар 1 ёшдан ўтгандан кейин болани эмизиш бефойда деб ўйлайди. Ваҳоланки, айнан 1 ва 2 ёш оралиғида кичкинтой организми учун она сути жуда зарур. Шу сабабдан ҳар доим уларга бу пайтда ўз фарзандларини кўкрак сути билан озиқлантириши лозимлигини уқтирамиз. 

Кичкинтойни кўкракдан ажратиш она ва боланинг ўзаро муносабатларидаги муҳим босқич. Шу боис масалага анча эҳтиёткор ёндашиш лозим.

Мисол учун, унга қўшимча овқат беришни 6-8 ойликдан бошлаб, бу вақтда эмизишлар сонини аста-секин камайтириб бориш, бунинг ўрнига эса оз-оздан қўшимча овқат бериб борилиши мақсадга мувофиқ. Бу эса гўдакни она сутидан ажралишини осонлаштиради.

Шу билан бирга, кичкинтойнинг эътиборини бошқа нарсаларга жалб қилиш, у билан кўпроқ жисмоний ва психологик алоқада бўлиш зарур. Кўпи билан икки хафта мобайнида сутдан чиқаришга эришиш мумкин.

Гўдак инжиқланиб, эмишни истаса, унга тайёр бўтқа, нимтатир ширин чой ёки мевали шарбатлар бериш тавсия қилинади.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+